Китобларда битилмаган ҳикматлар

Халқ ‒ ижодкор.

Ахир, шунча достону эртагу латифа-ю мақолу маталларни ким яратган?

Халқ!

Қидириб, овора бўлиб юрманг, барибир, муаллифини топа олмайсиз.

 

Лекин қурғур халқ оғзаки ижоди намунаси билан ёзма адабиёт асари тили, услуби, вазни, бадиий даражаси жиҳатидан ажралиб туради-да. Бу худди яккаш дўмбирада куйланган терма билан рубоб, дутор, ғижжак, танбур, чанг, най, доира, қонун иштирокидаги миллий чолғулар ансамбли жўрлигида ижро этилган қўшиқ ўртасидаги фарққа ўхшаб кетади.  Айтмоқчимизки, эшитганда халқ оғзаки ижоди намунаси билан ёзма адабиёт маҳсулини тез ажратиб олади киши.

Бошқа тараф ҳам бор. Баъзан одамлар оғзидан шундай мумтоз даражадаги байт эшитасан, лекин унинг ҳам ким ёзгани маълум эмас. Ҳидидан билинадики, уни профессионал бир шоир битган. Аммо ким ўша профессионал шоир? Буни ҳам излаб топиш ‒ амримаҳол.

Камина аввал Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғайбулла Ҳожиев оғизларидан:

 

Ту бо манӣ, дар Яманӣ ‒ пеши манӣ,

Ту бемаънӣ, пеши манӣ ‒ дар Яманӣ,

 

деган ажойибдан-ажойиб тожикча байтни эшитдим.

Бунинг маъноси ‒ мана бундай: “Сен агар (руҳан) мен билан бирга бўлсанг, Яман(дек узоқ юрт)да юрган бўлсанг ҳам, ёнимда юргандайсан, Сен агар (руҳан) мен билан бирга бўлмасанг, ёнимда юрган бўлсанг ҳам, (сени) Яман(дек узоқ юрт)да юргандек ҳис қиламан”.

Маъносига гап йўқ. Тўғрими?

Лекин шакли, яъни оҳанги, лисоний жозибаси, қофияси, тазоди ‒ даҳшатдан ҳам даҳшат!

Бу байтнинг муаллифини йиллар қидирдим.

Лекин топа олмадим.

Бир гал кутилмаганда айни шу байтни Баҳоуддин Нақшбанд жоме масжиди имом хатиби Абдулғафур Раззоқ Бухорий оғизларидан ҳам эшитиб қолдим-ку. Яхши ҳамки, бу уламомиз уни ким айтганини ҳам билар эканлар.

…Яман деган араб мамлакатидан бир амирзода тасаввуф йўлида пири комил истаб, Самарқандга ‒ нақшбандиянинг XV асрдаги буюк раҳнамоси Хожа Аҳрор Убайдуллоҳ Валий ҳузурларига келибди. Қисқа бир фурсатда пири комил бу муридларига ўзи пир даражасига етгани ҳақида васиқа ёзиб берибдилар. Шунда, йиллар у кишининг хос хизматларида юриб ҳам, бу мақомга мушарраф бўлолмаётган кўп сонли муридларидан бири норозилик қилиб, бунинг сабабини сўрабди. Шунда Хожа Аҳрор бадиҳатан, яъни шу заҳоти ана шу байтни айтиб юборган эканлар.

Хожа Аҳрор меросини титкилаб ҳам, бу байтни ҳозирча топа олмадик. Шунинг учун Абдулғафур Раззоқ Бухорий устозга суяниб, камина шу байт шарҳида “Руҳ ва тавфиқ” сарлавҳали мақола ёздим, “Нақшбандия” журнали (2011 йил, № 2. ‒ Б. 2-6)да эълон қилинди.

Кейин бу байтнинг у ер-бу ерларда мисол қилиб келтирилганига ҳам гувоҳ бўлинди. Шу тариқа у халқ мулкига айлантирилди, деса ҳам, бўлаверади.

Ўтган ҳафта турмуш ташвишлари билан шаҳарда юрган маҳалимиз Хоразмдан Марям опа деган танишимиз завжиямга қўнғироқ қилиб: “Маданият ва маърифат” телеканалида навоийхонлик юзасидан бир давра суҳбати бўлаётгани, унда камина ҳам қатнашаётганини айтиб қолдилар. Ўзимча “Лайли ва Мажнун” достони таҳлилига бағишланган кўрсатув эканини тахмин қилиб, уни олиб борган таниқли журналист укамиз Сафарали Қурбоновга занг урдим. Қайси кўрсатув эканини тўғри топибман.

Уйга келсам, таниқли арузнавис шоир, “Дўстлик” ордени соҳиби Исмоил Маҳмуд акамиз қўнғироқ қилиб қолдилар. Айтганларини айнан келтираман:

— Таҳорат олиб,  энди намозни бошламоқчи бўлиб турган эдим. Телевизор ёниқ экан. “Лайли ва Мажнун” ҳақида кўрсатув берилиб қолди. Тикка турган ҳолда уни охиригача томоша қилдим. Яхши суҳбат бўлди. Анча маърифат олдим. Дос­тонни қайта ўқигандай бўлдим. Барака топинглар. Ишқи ҳақиқийни яхши тушунтирдингизлар. Бир-бировларингизни тўлдирдингизлар. Шарқона одоб билан, яъни билинар-билинмас баҳс ҳам бўлди. Лекин уни сезган сезди. Намозимни қазо қилиб ўқиб олдим.

Шунда:

— Узр, ‒ дедим, ‒ қазога сабабчи бўлиб қолибмиз-да.

— Йўқ, ‒ дедилар ҳожи ака, ‒ суҳбат қазо бўлмади-ку. “Нимага?” дейсизми?

— Хўш?

— Ўн беш йилча бурун “Шарқ зиёкори” китоб дўконида таниқли адабиётшунос Сайфиддин Рафиддин домлани кўриб қолдим. Сўрашдик. Ёнларида бир шерик­лари ҳам бор экан. “Юринг, бир улуғ инсон касалхонага тушибдилар, бирга бориб, зиёрат қилиб келамиз. Машина тайёр”, ‒  дедилар. Мен бир ишим борлигини айтиб, узр сўраган бўлдим.   “Йўқ, деманг, Ҳақ йўлидаги бир донишманд инсоннинг суҳбатидан зарурроқ ҳам иш бўлар эканми?! Ҳатто, ўрни келса, намознинг қазосини ҳам кейин ўқиб олса, бўлади, лекин бундай ажойиб суҳбатни сўнг қайдан топасиз?! Сизга бир байт айтайми?” ‒ дедилар. “Айтинг!” ‒ дедим. Шунда мана бу байтни айтдилар:

 

Ҳар намозеки, қазо бўлса, ўқирсан кейнида,

Марди Ҳақнинг суҳбатин топгил, қазо бўлмай туриб.

 

Машинага ўтирганимиз заҳоти дафтарчаю ручкамни чиқариб, уни ёзиб олдим. Лекин муаллифини сўрасам, у киши буни бир устозларидан эшитганларини,  ким ёзганини билмасликларини айтдилар. Шунга ўхшаб, мен ҳам суҳбатларингизни канда қилмадим-да. Намозимни эса қазо қилиб ўқиб олдим.

Шоир акамизнинг бу гаплари каминага икки тарафдан ёқди. Биринчидан, кўп­ларимиз: “Одамлар телевизор кўрмай қўйган, ҳамма қўлидаги телефони билан овора”, деб, хато ўйлаймиз, жуда унчалик эмас. Иккинчидан, бу ажойибдан-ажойиб дурдона байт Сайфиддин Рафиддину Исмоил Маҳмуду ва улардан эшитганлар “чўнтаги”да қолиб кетавериши керакми?!

Йўқ!

Ёзма нутқнинг оғзаки нутқдан бир устунлиги бор: оғзаки нутқ қорга ёзилганга ўхшайди,  қуёш йилт этса, эриб кетади, ёзма нутқ тошга битилганга ўхшайди, неча-неча йиллардан кейин ҳам топиб ўқиса, бўлади.

Бу суҳбатни: “Тошга ёзилгандай бўлсин!” деб битдим.

Майли, байтнинг муаллифи топилмаган бўлса ҳам, у халқ мулкига айлансин, ахир.

Султонмурод ОЛИМ,

филология фанлари доктори,

Тошкент амалий фанлар университети профессори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four + 8 =