Зарифлик

Гапираётганда ва ёзаётганда тилимизга кириб келган кўп-кўп арабча сўзларни ишлатамиз-у, унча-мунчага луғат кўриб, маъноларининг тагига етиб ўтирмаймиз. “Зарофат” ва “зариф” калималарига муносабатимиз ҳам шундай.

“Зарофат” сўзи от ҳисобланади. Луғатларда у “зийраклик”, “фаҳми юқори”, “ҳозиржавоблик” ёки “ҳазилкашлик”, “мутойиба”, “латифа” маъноларини англатиши қайд этилади. Кўплиги “зурафо” бўлади. “Зариф” эса сифат бўлади. У нозиктаъб, тезфаҳм, зийрак, ҳозиржавоб, хушсуҳбат, латифагўй, ҳазилкаш кишига нисбатан ишлатилади. Масалан, “зариф шоир” тарзида. Бу сўзнинг кўплиги “зароиф” бўлади.

Зарифлик — қалам аҳлига хос фазилат. Айниқса, ўзбекларимиз ҳазил-мутойиба, аскияга ўч бўлгани учун аҳли ижод орасида кўп-кўп зариф суҳбатлар бўлиб ўтади. Аммо буларнинг ҳаммасини ҳам ёзиб олмаймиз. Ё эринамиз, ё бунга пастроқ назар билан қараймиз, ё ҳар иккиси ҳам.

Ҳолбуки, буюк Алишер Навоий мансуб давралардаги қанчадан-қанча зарифликлар замондошлари қалами орқали бизгача етиб келган. Улардан айримларини Хондамир, Восифий, ҳатто Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам ёзиб қолдирган. Шундай экан, нега биз ёзмаслигимиз керак?!

…1991 йил Ўзбекистонимизда “Навоий йили” деб эълон қилинди. Радиода ҳар куни саҳар чоғи шоир ғазалларидан намуналар ўқиладиган бўлди. Етти кун етти сухандонга бўлиб берилган. Душанба куни Қодир Махсумов ўқиган ғазаллар берилади. Кейин навбати билан Ёқуб Аҳмедов, Саидкомил Умаров, Фарзиддин Фаёзов, Мирзоҳид Раҳимов, Раҳмат Жумаев, Раҳимбой Жуманиёзовлар ўқишади. Камина бу ғазалларни ёзиб олишда илмий маслаҳатчи бўлганман. Режиссёр Раҳмат Жумаев билан студияда ўтирамиз. Вазн бузилган ерида тугмачани босиб, сухандонни тўхтатамиз. Қандай ўқиш кераклигини айтамиз. Шу тариқа қайта-қайта ёзамиз.

Кейин шу тажрибалар асосида “Ғазал ўқишни биласизми?” сарлавҳаси билан бир мақола ёзиб, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига бердим. Бир куни ўша вақтлари  газетанинг масъул котиби бўлиб ишлаётган, раҳматли Саъдулла Ҳаким акамиз қўнғироқ қилиб қолдилар.

— Эртаги сонда мақолангиз чиқяпти, — дедилар. — Фақат сарлавҳасини ўзгартирдик.

— Қандай сарлавҳа қўйилди? — дедим.

“Ғазалдан бу каби завқ олмаган ким? Ғазалнинг зўрини ёзди Саъдулла Ҳаким” деган сарлавҳа қўйдик.

— Маъқул, ака, ҳақ гап, — дедим мен ҳам ҳазилга жавобан бўш келмай. Кулишдик.

Ўрни келгани учун журналистикага оид бир гапни қистириб ўтай. “Евростандарт” гапнинг пўсткалласини шартта-шартта, аниқ-лўнда, нишонга хатосиз тегадиган ўқдай қилиб ёзишни хуш кўради. Сирни ошкор қилсам, камина, гарчи мусулмон Шарқи мумтоз шеърияти тадқиқотчиси бўлса ҳам, ёзганда кўпроқ ана шу “Евростандарт”га мослашишга ҳаракат қилади. “Осиёстандарт” эса баландпарвозроқ, пардозланганроқ, тамсилийроқ, қоғозга ўраб айтилганроқ сўзни хуш кўради. Аслида, шеърий сатрларни сарлавҳага айлантириш — журналистиканинг душмани. Саъдулла Ҳаким ҳам, шоир эмасми эдилар, мақолада Иззат Султон ва Уйғун қаламига мансуб “Алишер Навоий” драмасидан келтирилган Гули Навоийга айтган:

Ғазалдан бу каби завқ олмаган ким? ‒

деган сатрни сарлавҳага чиқарганлар. Ёқмаса ҳам, кўнасиз-да. Ахир мақола эълон қилиниши керак-ку.

Лекин ҳозир гап бу ҳақда эмас. Ахир шу сарлавҳа танланмаганида, бу зариф ҳазилга имкон қолмас эди-да.

Эртасига мақола босилиб чиқиб, тарқади. У замонларда жума куни пешингача “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”ни ўқимаган қаламкаш ўзини ҳаётдан ортда қолган, баъзан ҳатто хўрланган ҳисоблар эди. Ўқиганлардан бири — филология фанлари номзоди Раҳим Жуманиёзов занг уриб қолди:

— Ака, табрик, мақолангизни ўқидим.

Мен ҳам ўзимни билмасликка солиб:

— Қайси мақоламни? — деб сўрадим.

“Ғазалдан бу каби завқ олмаган ким? Ғазалнинг зўрини ўқиди Жуманиёз Раҳим” деган мақолангизни…

Қўлимдаги телефон гўшагини стол устига қўйиб, беихтиёр қарсак чалиб юбордим:

— Ана, таворуд-у, мана, таворуд!

Дарвоқе, “таворуд” нима?

Икки ижодкор бир-биридан мутлақо бехабар ҳолда бир хил мисра, байт битиб қўйса, шуни “таворуд” де­йишади.

Бир мақола сарлавҳаси баҳонасида Саъдулла Ҳаким акамиз билан Раҳим Жуманиёз укамизнинг кўнгилларида бир хил зарифлик пайдо бўлгани ҳам таворуднинг ёрқин намунаси эди, албатта.

Демак, эски тилимизда бор-у, биз унутаёзган сўзларни эслатиб туриш ҳам ўзига хос бир савоб. Ахир:

 

Бир мақола битса фақир-фуқаро,

Зарифлар қилишса шунча зурафо.

Бундай зарофатлар бўлса урафо,

Завқланса, қувнаса, кулса шуаро.

 

Зерикиб қолмадингизми?

Озгина маърифат бўлсин, дедик-да.

Ҳазрат Алидан мерос қолган мана бу ажойиб ҳикмат ёдга тушди-да:

Тоат кўпидин маърифат ози яхши!

Ҳазрат Навоий буни арабчадан ўзбекчага қотириб таржима қилганлар-да. Тўғрими?

Султонмурод ОЛИМ,

филология фанлари доктори,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − 17 =