“Хилват” хилват, “анжуман” анжуман эмас
Дунёнинг бизга яқин ва узоқ маконларида шундай халқлар яшайдики, улардан айримларининг ёзма адабиёт ярата бошлаганига бир асрдан ошган, баъзиларига эса энди бир аср бўляпти. Бу жиҳатдан биз бахтли халқмиз. Чунки эрамизнинг V асрларидан яратила бошлаган, “Ўрхун-Энасой ёдгорликлари” деб аталадиган тошбитиклардаги тил — Ер юзидаги 40 та туркий забон орасидан бугунги ўзбек ва уйғур лисонларига яқин. Чунки агар уларда “жил”, “жетов”, “жилади” деб эмас, “йил”, “етти”, “йиғлади” деб, “гўг”, “гелди”, “дўрт” эмас, “кўк”, “келди”, “тўрт” деб ёзилган бўлса, демак, биз ҳақ бўлиб чиқамиз. Барча туркий тилларда яратилган ёзма мероснинг энг катта қисми айнан ана шу V асрда тамал тоши қўйилган тилнинг давоми янглиғ юзага келган.
Биз, бугунги ўзбек қаламкашларининг яна бир буюкдан-буюк бахтимиз бор. Чунки ёзишни фақат ўзимизгагина эмас, бутун дунё ижод аҳлига ўргатса ўргатгудек маҳорат соҳиби бўлмиш улуғ Алишер Навоий она тилимизда сўзнинг гўзаллигини, сеҳрини очган!
Ҳар бир ифодада уйғунликнинг олий даражасига интилиш — Навоий ижодининг бир муҳим фазилати. Мантиқий боғлиқлик, фикрий узвийлик, ифодавий вобасталик шоир қитъаларида яққол намоён бўлади.
“Ғаройиб ус-сиғар” девонининг 8-қитъасида (девондан жами 50 қитъа ўрин олган) бир коса овқат учун бировга қул бўлган кишининг юзига қозоннинг қорасини суртиш кераклиги айтилади. Бу — нақшбандия тариқатидаги бировга қул ҳам бўлмаслик, бировга “қул” деб ҳам қарамаслик ғоясининг ўзгинаси. Бунинг учун эса ҳар ким ўз меҳнати орқасидан кун кўриши керак. Худди шу ақида талқинини “Ҳайрат ул-аброр”нинг машҳур ўтинчи чол ҳақидаги ҳикоятида ҳам кўрамиз. Чол ўтин териб, ўз меҳнати билан умргузаронлик қилишни Ҳотами Тойнинг текин, лекин миннатли овқатидан устун кўради. Ҳатто сахийликда тенги йўқ Ҳотами Той ўша ўтинчи чолни ўзидан кўра сахийроқ деб билади. Демак, сахийлик фақат бировга мол-мулк улашишгина эмас, балки бировдан бекорга бир нарса олмаслик ҳам — олий сахийлик. Бу — нақшбандиянинг асосий ахлоқий меъёрларидан бири эди.
9-қитъада, “кимки Худо қолиб, банда хизматига берилса, яъни бой ё мансаб эгасига хушомад қилса, унинг елкаси чиқиб, қўли синсин, нафаси тутилиб, тили кесилсин”, дейилади. Демак, нақшбандиянинг “ўз кунингни ўзинг кўр”, деган ақидаси, аввало, зимдан кишининг кишига қул бўлмаслигини тарғиб этиш эди. Бу нақшбандиянинг пинҳона жуда олий даражадаги ижтимоий адолат тарафдори бўлган тариқатлардан бири эканини кўрсатади.
10-қитъада Навоий киши ўзини камолга етказиши кераклигини тарғиб этади. Ҳатто ўзини ўстирмай яшаб ўтган одамни олам уйидан ғамгин бўлиб чиққан кишига, пишиб етилмаган чала (“нотамом”) нарсага ўхшатади, жаҳондан нотамом ўтмак эса ҳаммомга кириб, чала ювинган ва нопок чиққан кишидан ҳеч ҳам фарқ қилмайди:
Камол эт касбким, олам уйидин,
Сенга фарз ўлмағай ғамнок чиқмоқ.
Жаҳондин нотамом ўтмак биайниҳ,
Эрур ҳаммомдин нопок чиқмоқ.
“Камол эт касб” сўзлари — “камолга етишни касб қил” дегани. Бироқ уни “касб ўрганишни камолга етказ” деб ҳам тушуниш мумкин. Ҳар иккаласида ҳам инсоннинг бу дунёда комилликка эришиш сари интилиши кўзда тутилган. Касб ўрганиш ҳам — комиллик сари ташланган қадам. Бу ҳам “даст-ба кор”лик шартларидан. Буни “Фарҳод ва Ширин” достонидаги Фарҳоднинг касбу кор ва илм ўрганиш борасидаги интилишлари тасвиридан ҳам яхши биламиз.
Нақшбандиянинг касбу корга алоҳида эътибор берганига ишора шоирнинг бошқа девонларидаги қитъаларида ҳам давом этган. Масалан, “Бадоеъ ул-васат”нинг 3-қитъаси махсусан бир ҳадиснинг ҳазрат Нақшбанд амалга оширган талқини ҳақида.
Шоирнинг қитъага: “Ҳадис мазмуниким: “Ал-косибу ҳабибуллоҳ”, ҳазрат Хожайи Нақшбанд қаддаса сирраҳу мундоқ баён қилибдурким” деган сарлавҳа қўйишидан ҳам маълумки, бу асар бир ҳадиснинг айнан Нақшбанд талқинига шарҳ. Хўш, ҳадис шарҳига шарҳ битишга не ҳожат эди?
Тасаввуф, жумладан, нақшбандия ақидаларини ифодалаган тушунчаларнинг бадиий адабиётдагидек тимсоллар эканини англамай, уларни тўғридан-тўғри тушунсак, юзаки бир тасаввур пайдо бўлади. Ана шу хавф бу тариқат ёки, умуман, тасаввуфни тўғри тушуниш ва тушунтиришда ҳали-ҳануз рахна солиб турибди. Навоий буни ўта нозик фаҳмлаган кўринади. Биламизки, нақшбандия касбу кор эгалари орасида кенг тарқалган, ҳар бир муриддан бирор ҳунар эгаллаш талаб этиладиган тариқат эди. Бунда, албатта, ҳазрати пайғамбаримиз (с. а. в.)нинг ана шу: “Косиб — Аллоҳнинг дўсти”, деган муборак ҳадисларига таянилган. Лекин, ҳамма гап шундаки, Баҳоуддин Нақшбанд бу ҳадисни ҳам тасаввуфона шарҳлаганлар.
Қитъа шуни шеърхонга билдириб ўтиш учун ёзилган:
Нукта асносида Ҳабибуллоҳ
Деди: “Ал-косибу ҳабибуллоҳ”, —
Маъни айтур бу сўзга пири комил, —
Ки сўзи эрди Ҳақ сари шомил.
Ғараз эрмас бу касбдин дунё,
Бал эрур касбдин мурод фано.
Шу тариқа Навоий қитъалари бошқа-бошқа девонлардан ўрин олганига қарамай, мазмун ва мантиқ жиҳатидан бир-бирини тўлдириб боради.
Хожагон-нақшбандия ғояларининг кўпи бадиий тарзда ифодаланган, шиорлардаги аксар сўзлар ўз маъносида эмас, кўчма маънода ишлатилган, улар бир тимсол янглиғ эди. Бу эса Навоий учун жуда қўл келган. Шоир қитъаларида лирик қаҳрамон кўнглидаги нозик инсоний кечинмалар баёни учун ана шу тимсоллардан маҳорат билан фойдаланган. “Наводир уш-шабоб” девонидаги 16-қитъага: “Хилватда фалак жафосининг озори ва анжуманда улус бедодининг изҳори” деб сарлавҳа қўйилишидан ҳам маълумки, бунда нақшбандиянинг “Хилват ‒ дар анжуман” шиорига таянилган.
Хилват ва анжуман ‒ бир-бирига батамом зид тушунчалар. Хилват — ёлғизлик. Анжуман — эл билан бирга бўлиш, халқдан холи бўлолмаслик. Инсон табиати шунчалар тушунарсиз, инжиқ, беқарорки, холи қолганида одамларни қўмсайди, одамлар орасида эса ёлғизликни соғинади. Бутун умрини бўйдоқликда ўтказган Навоий учун гоҳ хилватни, гоҳ анжуманни хумор қилиб туриш кўп содир бўладиган табиий ҳол экани аён. Қитъада у ўзида кўп кечадиган ана шу нозик руҳий ҳолатни қаламга олган:
Байт ул-ҳазанға кирсам,
улустин қочиб даме,
Атрофдин ғубори малолат манга ёғар.
Силкай, деб, ул ғуборни,
чиқтим чу кулбадин,
Эл жавру зулмидин бошима юз бало ёғар.
“Байт ул-ҳазан” — ғамхона дегани. Бунда шоир хилватхонани — ёлғиз ўтириладиган уйни кўзда тутган. Агар ана шу хилватни макон тутса, ҳар тарафдан унга малоллик, ғам, азият чанглари қўнаверади. Чунки ахир одам боласининг бир уйда якка-ёлғиз ўтириши осонми, дейсиз?!
Аммо агар у, ана шу маломат чангларини қоқай, деб кулбадан ташқарига чиқса, аҳволи бундан беш баттар бўлади: энди унинг бошига эл жавру зулмидан балолар ёғилади…
Гарчи шоир фақат “хилват” ва “анжуман” тимсоллари орқали ўз туйғусини изҳор этаётган бўлса ҳам, аслида, қитъа замирида теран ва кенг ҳаётий маъно яширин. Бу маъно эса “Хилват ‒ дар анжуман” шиори мазмуни чегараларидан чиқиб кетади. Қитъанинг зоҳирий мазмунигина ҳисобга олинганда шундай. Бунда ҳали “хилват” ва “анжуман” тушунчалари нақшбандиёна шиор мазмунидан узоқлашмай туриб англанади.
Қитъанинг ботиний мазмуни эса киши хаёлини ҳатто “хилват” ва “анжуман” тушунчаларининг ўзидан ҳам кенгроқ маънолар сари етаклайди. Чунки яккаш хилватда анжуманни, анжуманда хилватни эмас, умуман, иссиқда совуқни, совуқда иссиқни, ёзда қишни, қишда ёзни соғиниш ва ҳоказолар каби бир-бирига зид ҳолатлар истагининг алмашиниб туриши — одамзод кўнглида кўп кечадиган табиий бир руҳий ҳолат. Кенг маънода шоир қалбидаги ана шу ички беқарорликни — оташинликни қаламга олган. Нақшбандия шиори бунинг учун зўр дастак бўлган.
Хожагон-нақшбандия тариқатидаги Абдулхолиқ Ғиждувоний тайин этган тўрт шиорнинг иккинчиси — “Бозгашт”. Бу “қайтиш” деган маънони ифодалайдиган зикр амали. Баҳоуддин Нақшбанд тариқатнинг бошқа шиорлари қатори, буни ҳам махсус шарҳлаб тарғиб этганлар. Навоий пир сўзларини туркийда шеърий тил билан ифодалашга тутинади. Бундай талқинлар учун қитъа энг қулай шеърий шакл эди. Бинобарин, “Фавойид ул-кибар”нинг 42-қитъаси айни ана шу Нақшбанд сўзлари таржимасидан иборат. Буни сарлавҳаданоқ билиб оламиз: “Маснавий Хожайи Нақшбанд қуддуса сирруҳу каломи таржимасидаким, аввал бозгашт хотири хаста ва баъд аз он таважжуҳи дили шикаста”.
“Хаста”нинг маъноси кўпчиликка тушунарли бўлса керак. У, сўзма-сўз айтганда, “хасталанган”, яъни “яраланган”, мазмунан эса “эзилган” ёки “касалманд” тушунчаларини ифодалайди. “Шикаста дил” — кўнгли синиқ дегани. Демак, Баҳоуддин Нақшбанд наздида хотири хаста кишигина шикастадил пирга юзланади ва шифо топади. Чунки шикастадил пир ‒ худди Исо пайғамбар (а.), яъни Масиҳ (а.) каби илоҳий нафасга эга. Лекин кимнингки кўнглида ҳавойилик, мағрурлик, манманлик туғён урса, унинг умр шамига зиён етади. Демак, ғурур — инсон ҳаёти учун зарарли бир иллат. Чунки ғурур Аллоҳгагина ярашади. Шунинг учун ҳам сўфийнинг бош мақсади — ўзидаги ана шу ғурурни енгишдан иборат. Ахир инсон ҳамиша ўзининг жуда кўп жиҳатдан бағоят ожиз эканини тан олиб яшаши керак. Акс ҳолда, у эришган ютуғи ё мавқеига мавҳ бўлиб, кибрга берилиши, такаббурлик йўлига кириб кетиши, умрнинг ўткинчилигини ҳам унутиб, номаъқулчиликлар қилиши, жамиятга талай зиён етказиши мумкин.
Мана, ўша қитъада келган маснавий:
Хастанинг бошиға чу қўйди қадам,
Пири шикастадиле Масиҳодам.
Бозгашт айлади чу хаста кўнгул,
Неки истар, топар шикаста кўнгул.
Кўнглида чун ҳаво қилур туғён,
Умри шамъиға еткурур нуқсон.
Демак, Баҳоуддин Нақшбанд: “даво топиш учун аввал дард бўлиши керак”, дейдилар. Шунда “бозгашт” (тузалиш) бўлади.
Маълум бўлдики, Навоий ўзи мансуб нақшбандия таълимоти ғояларини изчил равишда тарғиб қилган. Бироқ тариқат шиорларидаги тушунчалар унинг шеърларида чинакам бадиий тимсолга, яъни образга айлантирилган. Тимсолга айландими, билингки, унга тариқатда англатган маъноларидан кўра ҳам кўпроқ ва кенгроқ маъно юкланади.
Бунинг учун эса буюк соҳиби қаламнинг бадиий маҳорати керак бўлади.
Султонмурод ОЛИМ,
филология фанлари доктори,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.