Тангри ижодининг мумтози – аёл!

Ғайрат МАЖИД

 

                                    АЁЛ

 

Сен борсан, ҳеч қачон билинмайдир ғам,

Меҳру муҳаббатдан яралган олам,

Ҳеч шикаст етмасин сенга қобирғам,

Тангри ижодининг мумтози – аёл.

 

Кундан эниб ёққан иссиқ сўзим бу,

Ойдан оқиб келган тансиқ сўзим бу,

Мушфиққина сўзим, ошиқ сўзим бу –

Қалбимнинг энг мунис баёзи – аёл.

 

Жаннат калитидир оналар бешак,

Арзир кафтимизда тутиб яшасак,

Ҳақнинг Ҳабибидан ўгит муборак,

Сизга эҳтироми, эъзози, аёл.

 

Маним кипригимдан томган ҳисларим,

Эй, жайрон кўзларим, оҳу кўзларим,

Азиз сингилларим, эрка қизларим –

Юрак таронаси, куй-сози – аёл.

 

Ёр, сенинг висолинг, фироқинг ҳам гул,

Сочинг гул, тараган тароқинг ҳам гул,

Қошларинг, мужгонинг – яроғинг ҳам гул –

Оламнинг гул нози, шоҳ нози – аёл.

 

Бир ерда кўкарган дарахт мисоли,

Сен асл садоқат, вафо тимсоли,

Муҳаббат – ҳар дилнинг тоза иқболи,

Эр-ўғлон матлаби, парвози – аёл.

 

Сен борсан, ҳеч қачон сезилмайдир ғам,

Меҳру муҳаббатдан яралган олам,

Ҳеч шикаст етмасин сенга қобирғам,

Тангри ижодининг мумтози – аёл.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one + 15 =