“Маҳорат мактаблари” керакми?

Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Ўзбекис­тон Журналистлар уюшмаси ва унинг вилоят бўлими томонидан “Оммавий ахборот воситаларида “Маҳорат мактаблари” ва “устоз-шогирд” анъанаси” мавзусида минтақавий семинар ўтказилди.

Навоий ва Бухоро вилояти журналистлари учун ташкил этилган семинар мавзусидан аёнки, бугунги ахборот асрида “Маҳорат мактаблари” ва ундаги “устоз-шогирд” анъанаси ОАВ фаолиятида ҳар қачонгидан муҳим ҳисобланади.

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Холмурод Салимов давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 27 июнда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналис­тика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва ушбу қарорга мувофиқ тасдиқланган “2022-2023 йилларда оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда журналис­тика соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури” ижроси доирасида Уюшма бошқаруви аппарати ҳамда унинг ҳудудий бўлимларида амалга оширилаётган ишлар, жумладан, таниқли журналистларнинг бўлажак соҳа вакиллари учун “устоз-шогирд” анъанаси асосида ташкил этилган “Маҳорат мактаблари” ҳамда ўқувчи-талабалардан иборат “Ёш журналистлар” тўгараклари фаолияти хусусида сўз юритди.

Уюшма Навоий ва Бухоро вилоятлари бўлими раислари Отабек Аслонов ва Бахтиёр Асадов, Навоий вилояти Ахборот ва оммавий коммуникациялар бош­қармаси бошлиғи Дилшод Мамаражабов ва бош­қалар соҳа ривожи йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар,   матбуот соҳасига энди кириб келаётган ёш журналист ва ижодкорларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, “Маҳорат мактаблари” бераётган самаралар ҳақида, аниқ мисоллар асосида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Минтақавий семинар доирасида бир гуруҳ журналистлар “Саломатлик” газетаси таҳририяти қошидаги Иброҳим Жумаевнинг “Маҳорат мактаби”да бўлишди, унинг фаолияти билан яқиндан танишдилар.

— “Маҳорат мактаби” фаолиятига бир йилдан ошди, – дейди устоз журналист, “Саломатлик” газетаси бош муҳаррири Иброҳим Жумаев. – Тингловчиларимизга журналистика соҳасининг талаблари, журналист масъулияти, газета, интернет нашрлари, радио ва телевидениега материаллар тайёрлаш, журналистика жанрлари ҳақида тушунчалар бериш билан бирга олган билимларини амалиётда синаб кўришлари учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Ўқув жараёнига вилоятимиздаги таниқли журналист ва ОАВ вакилларини жалб қилган. Ўйлаймизки, меҳнатимиз ўзининг ижобий натижасини беради.

Лобар Мадиева “Маҳорат мактаби”да сабоқ олиб, ижод қозонида қайнаб, журналист сифатида энди шаклланаётган ёшлардан бири.

— Мен Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумида таҳсил оляпман. Шу билан бирга ижод қилишга ва журналистикага қизиқишим кучли бўлганлиги боис ўтган йили журналист Иброҳим Жумаевнинг “Маҳорат мактаби”га аъзо бўлдим, — дейди Л.Мадиева. – Ушбу мактаб тинг­ловчиси бўлганимга бир йилдан ошди. Бу ерда 10 нафардан зиёд ўқувчи ва талабалар журналистиканинг сиру асрорларини ўрганиб келмоқда. Устозимиз дастлаб бизга журналистикага оид назарий билимларни ўргатди. Ҳозир эса жойларга чиқиб, ҳар биримиз мустақил равишда материаллар тайёрлаб кел­япмиз. “Маҳорат мактаби”да журналистика касбига қизиқишим янада ортди. Эндиликда ушбу газетада ҳам дизайнер, ҳам мухбир сифатида ишга қабул қилиндим. Мен билан бирга айрим тенгдошларим ҳам мухбир сифатида газетада фаолиятини бошлашди.

Бўлажак журналист Лобар ва у сингари ўнлаб ҳаваскор ёшлар шу мактабнинг тингловчиси сифатида мақола, шеър ва ҳикоялар ёзишни ўрганмоқда. Улар бугун журналистика соҳасига илк қадамларини қў­йишганидан хурсанд.

“Маҳорат мактаби” тингловчиси Ойшахон Иброҳимова эса ҳозирда Навоий давлат педагогика институтида таҳсил олиб, таҳририятда мухбир сифатида ҳам фаолият кўрсатмоқда. Лобар Давронова, Севинч Исломова адабиёт, журналистика бўйича кўп­лаб танловларда иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритишди. Бу мактабнинг яна бир истеъдодли ўқувчиси Севинчхон Навоий вилояти телерадиокомпанияси “Келажак ёшлари” телелойиҳасининг “Жаннатим онам” кўрсатувида бошловчилик қилиб кел­япти. Лобар Давронова Зулфия номидаги Давлат мукофоти учун ўтказилган танловнинг республика босқичида муваффақиятли иштирок этди.

— Семинар давомида навоийлик ҳамкасбларимиз билан яқиндан танишиб, ҳудудда ташкил этилган “Маҳорат мактаблари”да олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумотларга эга бўлдик, – деди “Бухоро шифокори” газетаси масъул котиби Ҳамза Турдиев. – Албатта, бугун олган таассуротларимизни ўзимизда ташкил этилган “Маҳорат мактаблари” тинг­ловчилари билан ўртоқлашамиз, ютуқларни амалиётга жорий этамиз.

Семинар қатнашчилари “Маҳорат мактаблари” фаолияти ва “устоз-шогирд” анъанаси бўйича ўзаро тажриба алмашиб, бугунги ахборот асрида оммавий ахборот воситалари олдида турган вазифалар юзасидан фикрлашиб олдилар.

Мухтасар айтганда, Навоий шаҳрида ўтказилган минтақавий семинар таассуротларга бой бўлди. Бундай тадбирлар журналистларнинг касбий маҳоратини ошириш, оммавий ахборот воситалари равнақини таъминлаш ва “Маҳорат мактаблари” фао­лиятини самарали йўлга қўйишга хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этади. Демак, журналис­тика, матбуотга меҳри, қизиқиши баланд ёшлар учун ана шундай мактаблар керак.

Суюндик МАМИРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси бош мутахассиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − eight =