Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси фаолиятидан

Тавсияномалар топширилди

 

Пойтахтимиздаги “Ватанга қасамёд” ҳайкали по­йида муддатли ҳарбий хизматчиларнинг Қуролли Кучлар резервига бўшатилиши муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди.

Унда сўзга чиққан мудофаа вазирининг ўринбосари, генерал-майор Ҳамдам Қаршиев, вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Иқболжон Мирзаалиев, Ўзбекистон халқ артисти Абзал Рафиқов, фахрийлар ишлари бўйича Марказий кенгаш раиси Абубакир Наврузов бугунги кунда миллий армиямиз сафида хизмат қилиш ҳар бир йигит учун шон-шараф ишига айланганини таъкидлади. Муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтаган ўғлонларни қутлади ва уларни тарбиялаб вояга етказган ота-оналарига миннатдорлик билдирди.

Маросимда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда вазирлик фахрийлари муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтаган аскарларга олий таълим муассасаларига имтиёзли ўқишга кириш учун тавсияномаларни тантанали равишда топширди.

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида сержант ва офицерларни, муддатли ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларга қулай имкониятлар яратилиб, қатор имтиёз берилгани ҳам эътирофга лойиқ, — деди Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.в.б. Холмурод Салимов. — Хусусан, миллий армиямиз сафида муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтаган аскарларга олий таълим муассасаларига имтиёзли ўқишга кириш учун тавсияномалар берилиши уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишида муҳим аҳамият касб этади.

 

Эътибор ва масъулият

 

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов фахрий журналист Обид Бердиалиев ҳамда иқтидорли ижодкор Мухтасархон Исақовага уюшма аъзолик гувоҳномаси ва кўкрак нишонини топширди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолари сафи тобора кенгайиб бораётгани, ўз касбига меҳр қўйган, фидойи ва жонкуяр журналистлар аъзоликка қабул қилинаётгани эътирофга моликдир.

Обид Бердиалиев “Давр овози” газетасида мусаҳҳиҳ, мухбир, бўлим мудири ва масъул котиб вазифаларида, Фарғона вилоят телерадиокомпаниясида мухбир, муҳаррир, бўлим мудири ва бош муҳаррир лавозимларида ишлаган.

Мухтасархон Исақова узоқ йиллар “Қўқон садоси” газетасида мухбир, муҳаррир сифатида фаолият олиб борган. Ҳозир Қўқон университетида матбуот котиби лавозимида ишлаб келмоқда.

— Камтарона меҳнатим эътироф топаётгани мени янада ижодий фаолликка ундайди. Уюшмамизга аъзолик устозларимиз изидан бориб, касбий ривожланиш, ижодий изланишимизга қанот бағишлайди. Бу эътибор масъулиятли, шу билан бирга, шарафли касбимизга янада меҳримизни оширади, – деди М.Исақова.

 

Иқтидорли ўқувчилар учун маҳорат дарси

 

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Наманган вилояти бўлими раиси Носиржон Деҳқонов томонидан Чортоқ туманидаги 4-сонли умумтаълим мактабида   журналистика соҳасига қизиқадиган ўқувчилар учун маҳорат дарси ўтилди.

Ушбу машғулот давомида журналистика жанрларининг ўзига хос жиҳатлари бўйича маълумот берилди. Назария ва амалиётни уйғунлаштириш мақсадида “Сандавуч” номли деворий газета чиқарилди. Ундан иқтидорли ўқувчиларнинг хабар, репортаж, интервью, лавҳа каби ижодий ишлари ўрин олди. Жанрлар талабига тўлиқ риоя этган муаллифлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан ишлаб чиқилган тадбирлар жадвалига мувофиқ, журналист-тарғиботчилар умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган ўқувчилар учун тўгарак машғулотларида маҳорат дарслари ўтишмоқда.

“Репетитор” газетаси муҳаррири Гулчеҳра Муродова умумтаълим мактабларида фаолият олиб бораётган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар ўртасида ўтказилган “Энг яхши тарғиботчи” республика танловида муваффақиятли иштирок этиб, фахрли ўринлардан бирини эгаллагани эътирофга моликдир.

 

Самарқандда ёш журналистлар ўқуви

 

Самарқанд шаҳрида Янги медиа таълим маркази томонидан “Ёш журналистларнинг медиа ва ахборот саводхонлиги, замонавий контентлар тайёрлаш ва журналист суриштируви соҳасида кўникмаларини шакллантириш” мавзусида тренинг ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамкорлигида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси молиявий кўмагида ташкил этилган тадбирда вилоятда фаолият юритаётган ёш журналистлар, матбуот котиблари ва ижтимоий тармоқ фаоллари жалб этилди.

Уч кун давом этган машғулотларни Беруний Алимов, Гулмира Шукурова ва бошқа тажрибали журналистлар олиб борди. Унда иштирокчилар замонавий миллий медиа муҳити, унда хавфсиз ва самарали фаолият олиб бориш шартлари, медиа маҳсулоти истеъмолидаги ўзига хос­ликлар, контент яратишдаги замонавий тенденциялар билан таништирилди.

— Бугунги таҳликали замонда тўғри ва тезкор етказилган ахборотнинг қиймати янада ошди, — деди Беруний Алимов. — Бироқ айрим кучлар бундан ўз мақсадларида фойдаланаётгани, яъни истеъмолчига ёлғон ва ноаниқ ахборот етказиш орқали жамоатчилик фикрини нотўғри йўналишга бошқараётганини ҳам инкор этиб бўлмайди. Бундай шароитда маҳаллий журналистлар зиммасидаги масъулият янада ортади. Улар “fake” хабарларни ўз вақтида аниқлаш ва жамоатчиликнинг огоҳлигини оширишда муҳим бўғин ҳисобланади. Тренингдан мақсад ҳам шу. Замонавий кўникмаларга эга бўлган ёш журналистларимиз аҳолининг сифатли ва аниқ ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришга ўз ҳиссасини қўшади, деган умиддамиз.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси

Ахборот хизмати

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two − 1 =