Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси фаолиятидан

Сўз ва фикр эркинлиги кафолати

 

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Андижон вилояти бўлими томонидан ЎзМТРКнинг “Андижон” телерадиоканали билан ҳамкорликда “Сўз ва фикр эркинлиги кафолати” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.

Тадбирда телерадиоканал ходимлари, ОАВ вакиллари иштирок этди. Унда сўз олган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Андижон вилояти бўлими раиси Махпура Артиқова “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳасининг “Оммавий ахборот воситалари” деб номланган 15-бобига тўхталиб ўтиб, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилаётганини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек,   иштирокчиларга Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан эълон қилинган “Олтин қалам” XVII Миллий мукофоти учун халқаро танлов шартлари ва ижодий материалларга қўйиладиган талаблар тушунтирилди.

Очиқ мулоқот савол-жавобга бой тарзда ўтди.

 

Матбуот анжумани ва ижодий

саёҳат ташкил этилди

 

Қорақалпоғистон Респуб­ликаси прокуратурасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ҳамда пресс-тур — ижодий саёҳат ташкил этилди.

Унда республика прокуратураси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармалари раҳбар ходимлари иштирок этди.

Анжуманда сўзга чиққанлар республика прокуратураси органлари томонидан 2022 йилда ижтимоий-иқтисодий, вояга етмаганлар ва хотин-қизлар масаласи, шунингдек, жиноий, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар кўрилишида судларда прокурор ваколатини таъминлаш борасидаги ишларга тўхталди. Шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва уларга қарши курашиш, тезкор-қидирув ва тергов фао­лиятини мувофиқлаштириш, коррупцияга қарши кураш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва бошқа йўналишлардаги ишлар қайд этилди. Шу билан бирга, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Респуб­ликаси бошқармалари томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берилди.

Матбуот анжумани давомида журналистлар ва соҳага ҳаваскорлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари прокуратурада жисмоний ва юридик шахслар қабулини ташкил этиш учун яратилган шароитлар, республика 2-сектор томонидан амалга оширилган ишлар ҳамда прокуратура тарихи музейи фаолияти билан яқиндан таништирилди.

 

Ижод мактабида давра суҳбати

 

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлими томонидан Абдулла Орипов номидаги ижод мактабида “Буюк Соҳибқирон Амир Темур сиймосига таъзим!” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирни ижод мактаби директори вазифасини бажарувчи Ёқутхон Жамолова очди. Давра суҳбатида иштирок этган ўқувчилар Соҳибқирон Амир Темур ўз даврида энг қудратли давлат барпо этгани, илм-фан, маданият ва маънавият ривожига кенг йўл очгани, дунё тамаддунига беқиёс ҳисса қўшганини аниқ далиллар, тарихий манбалар асосида баён этишди.

Уюшма вилоят бўлими мутахассиси Муҳайёбону Қурбонова тадбирнинг иккинчи қисмида келгусида журналистик фаолият билан шуғулланиш истагида бўлган ўқувчиларга “Нега журналист бўлмоқчисиз?” деган саволга уларнинг жавоби тингланди.

Иқтидорли ўқувчилар Уюшма вилоят бўлими қошидаги “Ёш мухбирлар” тўгарагига қабул қилинди.

 

“Бир шода маржон”

 

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Наманган вилояти бўлими,   Респуб­лика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамда Нодирабегим номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида таниқли журналист Қамбар Ҳайдарнинг “Бир шода маржон” номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Наманган давлат университети доцентлари Зоҳиджон Содиқов, Саидумар Сайдалиев, Мўминжон Сулаймоновнинг маърузасида 70 ёшни қарши олаётган устоз журналист Қамбар Ҳайдарнинг ижодига илмий-таҳлилий ёндашилиб, долзарб мавзуларда битилган эсселари, публи­цистик асарлари эътироф этилди.

Уюшма вилоят бўлими раиси Носиржон Деҳқонов истеъдодли ёшлар ва умумтаълим мактабларининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиларига Қамбар Ҳайдарнинг ибрат бўлгулик фазилатлари ҳақида гапириб берди.

Устоз журналистлар Рустамжон Умматов, Боқимирза Умрзоқов, Лобар Рустамова, Ўктамхон Холдорова, Гулчеҳра Муродова “Бир шода маржон” китоби юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси

Ахборот хизмати

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty + 2 =