Сукутга чўмади мен каби борлиқ

Зилолабону ХОЛИҚОВА

 

Муаллиф ҳақида:

Зилолабону ХОЛИҚОВА — 1987 йили Жиззах шаҳрида таваллуд топган.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти 3-босқич талабаси.

Бир нечта шеърий тўпламлари нашр этилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

ШАВКАТ РАҲМОН ЁДИ

Абадият оралаб,

Кетиб борар йўловчи.

Хаёлда сўз саралар,

У руҳият тилмочи.

 

Чорлар рангин лаҳзалар,

Очиқ кунлар соғинди.

Ўткир юрак қирралар,

Уйғоқ тоғлар оғринди.

 

У бир шоир, файласуф,

Халқ дардида ўртанган.

Ҳаёт деган кемада,

Ўз хизматин ўтаган.

 

Уни шайдо айлаган,

Олис йўл манзараси.

Унга меҳр боғлаган,

Ҳатто замин зарраси.

Ўткир кўзи мусаввир,

Чизди ўтмиш сувратин.

Қўзғалди бирдан тасвир,

Бир қалқди ва олди тин.

 

Ортга қайтсайди шоир,

Гуллаб кетармиди тош.

Силкиниб йиғлайди ер,

Хира тортгандек қуёш.

 

Табиат ҳам азадор,

Қопқорадир чечаклар.

Неча диллар ярадор,

Тўқир унга эртаклар.

 

Висолсиз ишқ, бу ватан,

Унга етмади шоир.

Умри қисқа хаста тан,

Оламга айтди, “Хайр!”

 

У бошқа — ўзга дунё,

Тирикдайин у ҳамон.

Бошимни силар гўё,

Меҳр-ла Шавкат Раҳмон.

 

Абадият оралаб,

Кетиб борар йўловчи.

Хаёлда сўз саралар,

У руҳият тилмочи.

 

            ЖАФОИНГ ВАФОДИР…

 

Жафоинг вафодир менга севганим,

Майли, ўлдир, аммо бўлма душманим.

Вильям ШЕКСПИР.

                            1

Сен огоҳ эмассан забун ҳолимдан,

Ўзингни ҳамиша тутасан хушвақт.

Берган ҳар қийноғинг ўтар жонимдан,

Бутун ҳаётимдан чекинади бахт.

Муҳаббат аслида бўлса ҳам эртак,

Сени деб талпиниб уради юрак.

 

Йўлингга муштоқман кўзим нигорон,

Ҳисларим ўлмаган умидим ёниқ.

Билмайман туйғулар қолгайми омон,

Сукутга чўмади мен каби борлиқ.

Сени ўзга билан кўрганим оним,

Кўксимни тарк этиб кетади жоним.

Қалбимга ўт ёқар ҳар гал нигоҳинг,

Титрайман дарахтда қолган япроқдай.

Кўз ёш ҳам ювмагай энди гуноҳим,

Елкамни эзган юк аслида тоғдай.

Кўнглингда менга жой йўқ экан, демак,

Ҳисларим қўлингда бўлибди эрмак.

 

Бу ҳаёт яна қай манзилга бошлар,

Йўл босиб бораман машаққат билан.

“Ёр-ёр”лар баногоҳ кўнглимни ғашлар,

Янгалар жўр бўлиб айтишар ўлан.

Ўкиниб йиғладим сезмадинг, бироқ,

Қалбим ноласига солмадинг қулоқ.

 

Ўзгага меҳрингни қиласан тортиқ,

Мен эса боғингда арзимас гулман.

Лек сени жонимдан кўраман ортиқ,

Тутқун қафасингда асира — қулман.

Дунёдан бенишон ўтсам ҳамки мен,

Яшайсан то абад шеърларимда сен.

 

                          2

Баҳор келаётир олам чароғон,

Заминга кўкламой сепини ёяр.

Шабада сочимни тортқилар шу он.

Илиқ нафасингни юзларим туяр.

Яшайсан қалбимда жоним бегумон,

Ягонам мен сени севаман ҳамон.

 

Токи бор экансан ҳаёт мунаввар,

Қалбим ҳам гўзалдир, олам ҳам гўзал.

Муҳаббат мен учун доим мўътабар,

Ёзишга ундайди ашъору ғазал.

Тақдирдан яна бир бўлсайди имкон,

Бизларни тарк этиб кетарди ҳижрон.

 

Қаламим тебранар ҳасрат туганмас,

Юрагим дардини айлагайман фош.

Кўзимда порлаган умид ўлганмас,

Тақдир синовига бергайман бардош.

Изтироб танимни қуршаб олса ҳам,

Сен бахти тўкис бўл, асло кўрма ғам.

 

                             3

Юлдузлар эслатар сенинг кўзингни,

Уларга термулиб қувват оламан.

Баъзида қўмсайман ширин сўзингни,

Борлиққа бир зумга қулоқ соламан.

Азизим, ҳаётим соғиндим сени,

Наҳот осонгина унутдинг мени.

Кўксимда бир қушча жонсарак нетай,

Ҳамон келишингдан умид узмайди.

Сен томон, талпиниб учишгадир шай,

Танимни тарк этиб кетмоқ истайди.

Шунча йил йўлингга бўлибман муштоқ,

Энди кел, меҳринг-ла дилга олов ёқ!

Санамлар эс-ҳушинг олгани билан,

Улардан садоқат, вафо қидирма.

Нозлари дилга чўғ солгани билан,

Зилоланг кўнглини асло синдирма.

Кун келар ёнимга ўзинг қайтасан,

Бошингни ҳам қилиб узр айтасан.

Дардимни ўзимга ўзим сўйлайман,

Гоҳ қоғоз-қаламдан нажот топаман.

Муҳаббат қўшиғин жўшиб куйлайман,

Оғули шаробин қайта тотаман.

Орзиқиб кутаман висол онини,

Юрагим қидирар нажоткорини.

Қилмишинг ўйласам нафратим ошар,

Лек меҳрим нафратдан устунлик қилар.

Эс-ҳушим, ҳаётим ҳар ерда тўзир,

Юрагим барибир яхшилик тилар.

Якка-ю ёлғизман гулшанлар аро,

Бахтимга омон бўл кўзлари қаро…

 

* * *

Ўз тилин не куйга солар оламон,

Миллат, эллатларга бўлинган бу халқ!

Бешта қитъа каби сочилиб ҳар ён,

Ўтмиш уммонига бўлиб кетди ғарқ.

Оғайни қардошлар сочилиб ётса,

Қандай дош бераркин юраги соғлар…?!

Тожикча, қирғизча, қозоқча сўзлаб,

Юраги тўлганча, ТУРКИСТОН йиғлар…

 

                      ОҒРИҚ

Шеърлар йиғлар, шоир кўксида,

Бу оғриққа кўрсатолмас важ.

Шеърим сени фарзандим десам,

Сохта сўзинг тизилган, фалаж…

Сўзлар йиғлар, шоир забони,

Талх тортгандек алжирар бежон.

Қалбимдаги қумримни юпат,

Бир дард бергин менга Художон!..

Баҳс айлашар, шому саҳарда,

Кукулашиб тунда каккулар.

На бир маъзмун, на ўтли сатр,

Ёзилажак сохта   “хоккулар”

Кўнгил майли, дилроз бўлибдир,

Кечинмалар, адаб ирфони.

Ўқувчилар шеър ўқир яйраб,

Ёд ололмас лекин Қуръонни.

Адабиёт, йиғлар кўксимда,

Чўлпонлари ётур кишанда.

Осмон тушиб кетгай устимга,

Абдуллолар юрган гулшанда…

Бисотимда бор меҳрим сочиб,

Кўтараман шеърим қадрини,

Зулмат аро ғамгин жилмайган,

Кўрдим устоз Рауф Парфини.

Йўқ, энди мен, қилолмам тоқат,

Шоирликдан юргайман нари.

Суйкалганди кеча ўзгага,

Энди менла ул илҳом пари…

Жазавада исёнкор руҳим,

Адабиёт тинмади жавраб.

Шеърлар оқар дақиқа сайин

Тўлғоқ тутган онадек, ё Рабб!..

Зулмат аро кўзим қамашар,

Бир нигоҳки… этади таъқиб,

Оқ деворга ёзади недир,

Шавкат Раҳмон сўзсиз, тутоқиб…

Авлодлар ҳам, алмашар бунда,

Аср оша тарих жилмаяр…

Безовта руҳ исёнда кунда,

Муҳташам бир дардлар улғаяр.

Ҳар дақиқа, туғилар шоир,

Ҳар дақиқа, дилроз айтилар.

Шоир, шоир тағин гуллатар

Ва тош отиб бирдан ҳайқирар.

Мана шундай, рудапо дунё,

Мана шундай, харобдир ҳислар.

Онгим дейди, нари юр шеърдан,

Қалбим эса келтирар, сўзлар…

Менга қисмат бўлди шоирлик,

Вужудимни ўртар дамбадам.

Даҳо санаб ўзимни ўзим,

Мисра битдим, кўҳлик, муҳташам!..

Адабиёт бағринг кенг жуда,

Завол топмас марҳаматларинг.

Кундан кунга туғилган билсанг,

Қизғалдоқдек   Муҳаммадларинг.

Андишанинг оти қўрқоқми?

Қараёлмам Эркин Воҳидга,

Тўртта сўзни жуфтлаб ёзганман,

Ва бахш этдим менга содиққа.

Шеърлар йиғлар шоир кўксида,

Сохталикка беролмай барҳам.

Танқидларга чап берган Шоир,

Жўшиб бугун қилмоқда байрам…

 

               ШУКРОНА

Мунаввар тонгига етказди шукур.

Aтрофда нафосат уфурар балқиб.

Туркий дунёсида ўзгача шукуҳ,

Қуёш ҳам чиқади уйқудан қалқиб.

 

Фусункор бу олам,

Ўрик гулидай.

Момақаймоқлардек учади фурсат.

“Aҳа-ҳей” деганча қўшиқлар айтай,

Бугун мен ўзимга бераман рухсат.

 

Товланар далалар,

Боғлар,

Сайхонлар.

Димоғимга урар ёмғир ифори.

Варрак учирмакка муштоқ болалар,

Шамолга интилиб югурар бари…

 

Хаёлим тўзғиган паришон бўлиб,

Интилиб яшадим гоҳ ҳаловатга.

Баҳорга етказди бу бахтни кўриб,

Шукрона айтаман буюк Aллоҳга.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 + 6 =