Шамолларга ўтмайди сўзим

Раҳим НАЗАРМАТ

 

Муаллиф ҳақида:

Раҳим Назармат (Назарматов) — 1949 йили Тошкент шаҳрида туғилган.

Тошкент политехника институти (ҳозирги Тошкент давлат техника университети)ни тамомлаган. Техника фанлари номзоди. Бир қанча илмий мақолалар ва монографиялар муаллифи. Шеър­лари респуб­лика матбуотида эълон қилинган. Раҳим Назарматов — таниқли ўзбек шоири Назарматнинг фарзанди.

 

 

                   СЕВГИ

 Балоғатга етганда ёшинг

Жўш ураркан танангда қонинг.

Ҳис туйғудан айланиб, бошинг,

Кечалари қочса хаёлинг,

Севги бунга сабаб бўларкан.

 

Ҳар бир гулга маҳлиё бўлиб,

Капалакдек бетартиб учиб,

Барчасига қўнмоқчи бўлиб,

Оқибатда довдираб қолсанг,

Севги бунга сабаб бўларкан.

 

Баҳор фасли майин шабода

Сочларингни бир силаб ўтса

Қизлар қўли каби туюлса,

Юракларинг гупирлаб кетса,

Севги бунга сабаб бўларкан.

 

Узоқдаги юлдуз шуъласи,

Жилваланиб қалбинг илитса,

Тўлин ой ҳам сирдошинг бўлиб,

Санамлардек гўзал кўринса,

Севги бунга сабаб бўларкан.

 

Бутун борлиқ, мўъжиза бўлса,

Ҳар бир кунинг ажойиб ўтса.

Ширин ҳислар эргашиб юрса,

Абадийдек ёшлик туюлса,

Севги бунга сабаб бўларкан.

 

                         * * *

Баҳордаги ям-яшил барглар,

Сарғайибди тилла ранг бўлиб.

Кунлар эмас, ўтибди ойлар,

Гилам бўлди, улар тўкилиб.

 

Шамолларга ўтмайди сўзим,

Айтолмайман тўзғитма, — дея

Шу даъфада сени ўйладим,

Завқланарди у бўлсайди-я.

 

На илождир, фасл айланар

Яна келар, куз бўлган дамлар.

Пойларинга пояндоз бўлар

Япроқлардан бўлган гиламлар.

 

                   ВАТАН

Қандай сўзла улуғлай сени

Тарифинга ожиздир тилим.

Онам деса бўларми жоиз,

Муқаддассан менинг Ватаним.

 

Эгри-бугри чизиқлар билан

Харитада ўралган макон.

Битта бизмас, бошқа юртлар ҳам,

Шу йўсинда кўринар жаҳон.

 

Қуёш боқар ҳаммага бирдай,

Алмашади кеча кундузлар.

Коинотда бир ҳикмат бордай,

Жилмаяди кўкда юлдузлар.

 

Ойдин қилар жаҳонни ой ҳам,

Бир тўлишиб, бир камон бўлиб.

Минг шаклга кириб булутлар,

Сузишади самони кезиб.

 

Яратганда борлиқни Оллоҳ,

Инъом бўбди бизга шу ошён.

Дилда имон, гўзал хулқ билан,

Қад ростлабди ўзбек деган ном.

 

 Ҳар заррангда мужассам тарих,

Ҳар заррангда авлодлар хоки.

Ҳар заррангда келиб кетганлар,

Тўкилгандир киндигин қони.

 

Тупроғингни ўпайин Ватан,

Кўзларимга суртайин гардинг.

Ўтган зотлар бағрингда Ватан,

Борлари-чи, жонингда Ватан!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × one =