Ернинг иккинчи нусхаси йўқ-ку!

Кейинги пайтларда атроф-муҳитни асраш, экологияга бўлган муносабатни ижобий томонга ўзгартириш, айтиш мумкинки, “ҳаёт-мамот” масаласига айланди, десак, муболаға бўлмайди. Ўзбекистон пойтахти дунёдаги энг экологик нотоза шаҳарлардан бирига айланиб қолди. Бу кўрсаткич ўз-ўзидан юзага келгани йўқ, албатта. Бари табиатга бўлган муносабатимиз туфайли.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Yashil makon” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш, юртимизни дов-дарахтлар билан янада бойитишга  катта эътибор бераётгани, бу лойиҳа бутун республикамизда жадал амалга оширилаётгани таҳсинга сазовордир. Зеро, қаерда яшиллик, дарахтлар, табиий ўсимликлар кўп бўлса, ўша ерда тоза ҳаво юқори бўлади. Экология мусаффолашади. Бу оддий ҳақиқат, албатта.

Сўнгги йилларда юртимиздаги экологик ҳолат барчамизни бирдек хавотирга солмоқда. Бир вақтлар Орол денгизининг қуриши юракларни оғритган бўлса, бугунги кунда ҳавонинг кескин ифлосланиши, ичимлик суви захираларининг камайиб бориши, яшил ҳудудларнинг қисқариши каби муаммолар кун тартибидан тушмаяпти. Бу ҳолатлар нафақат табиат, балки инсон саломатлиги ва келажаги учун ҳам жиддий хавф туғдирмоқда.

“Ўз уйингни ўзинг тутун қилма”, деган гап бор. Аслида, бугунги экологик инқирознинг асосий сабабчиси — инсоннинг ўзи. Табиатга нисбатан бепарволик, ортиқча истеъмол, чиқиндиларни дуч келган жойга ташлаш ва яшил майдонларнинг камайиши — буларнинг барчаси инсон омиллари билан боғлиқ. Афсуски, кўп ҳолларда муаммолар чуқурлашиб кетганидан кейингина чора кўришга ҳаракат қиламиз.

“Туянинг юки енгил бўлса, ётағон келар”, деган мақол бу ҳолатга жуда мос келади. Чунки экологик маданиятни сақлаш учун махсус ҳаракат талаб этилмайди. Масалан, чиқиндиларни белгиланган жойга ташлаш, табиатни ифлос қилмаслик, сув ва электр энергиясини тежаш — буларнинг барчаси оддий, аммо муҳим қадамлардир. Аммо инсонларда ҳатто шу оддий ишлардан қочиш учун ҳам баҳоналар топилади.

Яна бир оғриқли жиҳат шундаки, замонавийлашиш ниқоби остида кўплаб яшил ҳудудлар ўрнига бетон ва темирдан иборат бинолар қурилмоқда. Бу эса шаҳарларда “иссиқхона эффекти”ни кучайтириб, ҳаво сифатини ёмонлаштирмоқда. Дарахтлар — табиатнинг “ўпкаси” эканини унутмаслигимиз керак. Улар нафақат ҳавони тозалайди, балки инсон руҳиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Кўпинча экологияни яхшилашни фақат кўчат экиш акциялари билан боғлаймиз. Лекин экилган кўчатларни парвариш қилмаслик, уларни вақтида суғормаслик натижасида кўплаб кўчатлар қуриб қолмоқда. Бу эса муаммога юзаки ёндашувнинг ёрқин мисолидир. Аслида, ҳар бир экилган кўчат — келажакка қўйилган сармоя, уни асраш эса умумий бурчимиздир.

Бир неча йиллар олдин чиқиндиларни махсус машиналар олиб кетмаган пайтларда ҳам атроф-муҳит бу қадар ифлос эмас эди. Бунинг асосий сабаби — инсонларда экологик маданият, табиатга ҳурмат ва масъулият ҳисси кучли бўлганидир. Бугун эса технологиялар ривожланган бўлса-да, айрим ҳолларда бу маданият сусайганини кўриш мумкин.

Дунё миқёсидаги муаммоларга назар ташласак, вазият янада жиддий экани аён бўлади. Африка ва Яқин Шарқнинг айрим ҳудудларида ичимлик суви танқислиги оддий ҳолга айланган. Амазон ўрмонларининг кесилиши, Арктика музларининг эриши, океанлардаги ифлосланиш — буларнинг барчаси ер сайёраси экотизимига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу жараёнлар давом этса, инсоният ўз келажагини хавф остига қўяётганини англаш қийин эмас.

Шу ўринда бир савол туғилади: ўзимизда бор неъматларни қадрлаш, табиатга шукур қилиш вақти келмадими? Табиатнинг ҳам сабр косаси бор ва у чексиз эмас. Агар биз уни асрамасак, у ҳам ўз навбатида жавоб қайтариши мумкин.

Бугунги экологик вазиятни телефон батареяси 5 фоиз қолган ҳолатга қиёслаш мумкин. Биз буни кўриб турибмиз, аммо “ҳали ишлаяпти” деб эътиборсизлик билан қараяпмиз. Лекин бир кун келиб бу “қувват” тугайди. Ўшанда кеч бўлиши мумкин.

Шунинг учун ҳар биримиз ўзимиздан бошлашимиз керак: чиқиндиларни саралаш, табиатни ифлос қилмаслик, кўчатларни асраш, сув ва энергияни тежаш — булар кичик қадамлар бўлса-да, катта ўзгаришларга олиб келади.

Ахир ернинг иккинчи нусхаси йўқ-ку!

Зарина ТУЙҒУНОВА,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика йўналиши магистранти.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten + thirteen =