Табиб ўз оёғи билан келди
Муштарийларимиздан хатлар
Бизнинг Оққўрғон туманида жойлашган “Сувти” ва “Қўшдавлат ота” маҳаллаларини бир-бирига боғлаб турувчи кўприк бир неча йиллар олдин яроқсиз аҳволга келиб қолганди. Шунингдек, кўприк транспорт воситалари қатнови учун ҳам хавфли эди. Агарда маҳалламизга бирорта оғир юк ортилган машинами, техниками келадиган бўлса қўшни қишлоқ томондан 3 км. йўл босиб, чанг, лой кўчалар орқали келишга мажбур эди.
Табиийки, бу барча учун ноқулай эди. Кўприкни таъмирлаш ишларида амалий ёрдам бериш учун маҳалла фаоллари, нуронийлар бир неча марта юқори ташкилотларга мурожаат билан чиқдик. Хатлар ёздик. Афсуски, “Кўрамиз”, “Ёрдам қиламиз” деган жавоб хатидан бошқа натижани кўрмадик.
Ноилож, “Қўшдавлат ота” МФЙда истиқомат қилувчи юз нафар хўжаликлар маслаҳатни бир жойга қўйиб ўн беш миллион сўм маблағ йиғишди. Кўприкни ўзлари ҳашар йўли билан таъмирлашга киришди. Бироқ кўзланган мақсадги эриша олишмади. Иш чала қолди. “Энди нима қиламиз, кимдан ёрдам сўраймиз, ёки яна пул йиғамизми” деган саволлар билан анча бошимиз қотди.
“Беморнинг тузалгиси келса, табиб ўз оёғи билан келади” деганларидек, бир куни туманимиз давлат солиқ инспекцияси раҳбари Бекзод Шомирзаев маҳаллада яшаётган аҳоли билан мулоқот қилиш, уларнинг муаммолари билан яқиндан танишиш учун келиб қолди. Буни қарангки, у кишининг йўли ҳам айнан бузуқ кўприк томон тушди ва уни яёв босиб ўтишга тўғри келди. Мазкур ҳолатни ўз кўзи билан кўрганидан сўнг, тез орада кўприкни тўлиқ таъмирлаб бериш бўйича ваъда берди. Амалий ёрдам бўйича эса масъулларга топшириқларни бирма-бир санаб ўтди.
Бундай хушхабар эса “Маҳаллада дув-дув гап бўлди”. Унинг овозаси қишлоқ аҳлини қувонтириб юборди. Маҳалламизнинг меҳнаткаш йигитлари таъминлаш ишларига “Лаббай”, дея қўл-қанот бўлишди.
Олти йилдан буён ҳал бўлмаётган муаммо ўн икки кун деганда тўлиқ бартараф этилди. “Кўпдан қуён қочиб қутулмас” деб шуни айтсалар керак-да. Икки қишлоқни бир-бирига боғлаб турувчи кўприк тўлиқ таъмирдан чиқиб, фойдаланишга топширилди.
Кўприкнинг рамзий “очилиш”ида қатнашган нуронийлар, фаоллар қўлларини дуога очишиб, хайрли ишнинг бошида турган масъулларнинг халқ билан ҳамнафаслик, инсон қадри йўлида амалга ошираётган ишларида куч-қувват тилашди.
Пардабой ЭРГАШЕВ,
Оққўрғон тумани, “Сувти” МФЙ