Футбол майдони сотилмайдиган бўлди

Машҳур футболчи Одил Ҳамробеков туғилиб ўсган Наманган тумани, Шўрқўрғон қишлоғида куни кеча навбатдаги янгилик тарқалди. Хўш, гапни аввал воқеанинг негизидан бошлайлик. “Чек” маҳалласида бутун қишлоқ аҳли футбол ўйнайдиган катта майдон бор. Номдор футболчи ҳам шу ерда тўп тепиб катта бўлган, танилган. У билан нафақат Шўрқўрғонимиз, туманимиз, вилоятимиз, Ўзбекистонимиз фахрланади.

Хуллас, кадастр бўлимининг шошма-шошарлиги туфайли бўш турган жой сифатида шу стадионнинг кўп қисми, атрофи тендерда сотилиб кетди. Тўп ўйнашга торгина ҳудуд ажратилганди, холос. Ахир томошабинлар учун, ки­йиниш, ювиниш хоналари кадастр ло­йиҳа-ҳужжатларида назарда тутилиши керак эди-ку? Бу масала юзасидан мас­ъ­­­ул идораларга мурожаат йўлланди. Ҳатто Наманган туман ҳокими шахсан келиб, футбол майдони сотилмаслигини, даъвогарларга бошқа ер тавсия қилинишини тушунтирганди. Аммо… анча фурсат ҳеч қандай ўзгариш йўқ эди. Биз эса фарзандларимизнинг спорт билан шуғулланадиган севимли масканидан ўзга мақсадларда фойдаланишларидан хавотирда юргандик.

Шу мавзу ижтимоий тармоқларда такроран ёритилаверди. Футбол ўйингоҳи аукцион савдосида тадбиркорларга сотиб юборилганлиги акс этган видео-лавҳалар турли баҳсларга сабаб бўлди. Ва ниҳоят, футболнинг чинакам ишқибози ва ҳомийси — вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов вазиятдан хабар топиб, муаммони бартараф қилиш учун туман ҳокими Садриддин Мўминов, вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Анваржон Тўйчиев ҳамда дахлдор ташкилот раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳни мазкур ҳудудга жўнатди.

Масъуллар мунозарали жараённи жойига бориб ўрганишди. Бир гуруҳ қиш­лоқ аҳли ҳамда аукцион ғолиблигини қўлга киритган тадбиркорлар ва ёш спортчилар билан юзма юз учрашиб, улар билан суҳбатлашишди. Фахрийлар ва мурожаатчиларнинг фикрини эшитишди. Яшил майдонга йиғилган аҳоли вакиллари билан кечган қизғин муҳокамалардан сўнг амалий хулоса маълум қилинди.

Шўрқўрғонликларни қийнаётган масала ечимига қуйидагича узил-кесил нуқта қўйилди: аукцион орқали сотиб олинган ер майдонларига сарфланган харажатлар тадбиркорларга белгиланган тартибда қайтарилиши ёки аукцион орқали бошқа ҳудуддан ер майдони ажратиш бўйича аниқ келишиб олинди. Шунингдек, футбол ўйингоҳи ва атрофини янада ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, фаолиятини жонлантириш, ёшларни спорт билан мунтазам шуғулланишларига доир ўринли таклифлар, топшириқлар ижроси таъминланиши алоҳида таъкидланди.

Ана шунақа гаплар, кенггина футбол ўйингоҳи келажагимиз бунёдкорлари фойдасига сақланиб қолди. Ёши улуғларимиз мутасаддилардан рози эканлик­ларини билдириб, узоқ дуо қилишди.

Орифжон ЖЎРАЕВ,

шўрқўрғонлик журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 + 14 =