Ишонувчан халқимиз айбдорми?

ёки яна Ўзбекистон Республикаси Марказий банки мутасаддилари эътиборига

 

Шу йил 8 март куни газетамизнинг 9-сонида “Ўзбекистон Рес­публикаси Марказий банки диққатига!” рукни остида “Ҳамкасбимиз нега чув тушди?” сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Эслатиб ўтамиз, ушбу мақолада қуйидагилар баён этилган эди: бир ҳамкасбимиз “Playmarket” иловасидан юклаб олган “Anorbank” дастури орқали фоизсиз кредит олиш учун онлайн ариза қолдирган. Аризада, талаб қилинганидек, барча шахсий маълумотлари, паспорт, пластик карта рақамларини кўрсатган. Унга фоизсиз кредит ваъда қилган “шоввозлар” эса “Тез орада сизга боғланамиз” дея “лағмон илиб” қўйишган. Ҳамкасбимизнинг маоши  пластик картасига тушган куниёқ “Uzumbank” томонидан унинг нақд бир ойлик пуллари ечиб олинган. Тўғрироғи, ўғирланган.

Ҳамкасбимиз ҳам содда бўлса-да, анойи эмас, бу ҳақда дарҳол маҳалласидаги ички ишлар нозирига мурожаат қилди. Лекин барибир фойдаси бўлмабди. Маълум бўлишича, бундай қаллобликлар ҳозир урчигандан-урчиган экан.

Эртаси куни пуллари ечиб олинган пластик карта берган тегишли банкка ҳам борган.

Улар ҳам пулларни қайтариб олиш имконсизлигини, бу ишлар бир гуруҳ фирибгарлар томонидан балки чет элдан туриб амалга оширилаётгани, унга ҳеч қандай ёрдам бера олишмаслигини айтишибди.

Бор гап шу эди.

Сир эмас, бугун турли хил онлайн фирибгарликлар кўпайиб бормоқда. Шундай фирибгарликлардан ўз мижозларини ҳимоя қилиш эса банкларнинг кун тартибида туриши керак. Аммо негадир бизнинг банкларимиз муаммо борлигини билган ҳолда содда, ишонувчан халқимизни огоҳлантириш, саводхонлигини ошириш учун доим ҳам кўзга кўринарли иш қилишмоқда деб айтиш қийин. Айтайлик, хакерларга қарши курашишнинг ҳам самарали тизими йўлга қўйилмаган. Тор доирадаги сайт ёки ижтимоий тармоқларида огоҳлантиришлар бериляпти, лекин бу кенг оммага, айниқса, соддадил инсонларга етиб бориши даргумон. Рейтинг­­ги юқори бўлган телеканаллар орқали видеороликлар бериш, халқона тилда огоҳлантириш давр талаби бўлиб турибди. Боиси бизнинг ҳамкасбимиз чув тушган мобил илова ҳам айнан юртимизда рўйхатдан ўтган номдор банк номидан очилган. Албатта, банк логотипи мавжуд бўлган иловани ҳақиқий деб ўйлаган инсонларни ҳам тушуниш мумкин. Бу ўринда банкларимиз ўз номи ва логотипидан берухсат фойдаланаётган фирибгарларга нисбатан жазо сўрашлари ва ўз номларидан иш қилинмаслигига эришишлари лозим эмасми?

Хуллас калом, мухбиримиз Ислом Асилбеков томонидан куюнчаклик билан ёзилган ушбу мақолага Ўзбекис­тон Республикаси Марказий банки ўз муносабатини йўллабди. Бунинг учун катта раҳмат албатта. Аммо бизни ажаблантиргани эса жавоб “Мен не дейману, қўбизим не дейди?” тарзида тайёрланган. “Hurriyat” газетаси таҳририятига” дейилган асосий хат битта гапдан иборат. Мана ўша гап: “Ушбу билан газетанинг 2023 йил 8 мартдаги 9-сонида чоп этилган “Ҳамкасбимиз нега чув тушди?” сарлавҳали мақолага Марказий банк муносабати юборилмоқда. Илова 4 бет”. Масъул шахс имзоси билан юборилган ушбу жавоб хати иловасида бундай ҳолатларда банк айбдор эмаслиги, одамларнинг ўзи айбдор эканлиги ҳеч бир хижолатсизлик билан баён этилган. Улар ўз сайтлари орқали огоҳлантириш беришаётгани, пластик карта олингунча банк ходимлари томонидан фирибгарликлар ҳақида банк мижозларига кераклича тушунтирилиши айтиб ўтилган.

Ҳой барака топгур, сиз халқимизни фирибгарликлардан огоҳлантираётган сайтингизга кириб кўрдик. 10 000 атрофида кузатувчи мавжуд бўлиб, мақолаларни 90-100 киши кўришган. Ёхуд 36 миллион атрофидаги халқимиз учун бу жуда яхши кўрсаткич деб ҳисоблайсизми? Боз устига пдф шаклидаги, расмий руҳдаги мақолаларни ҳамма ҳам ўқийвермаслиги шубҳасиз. Шу боис ҳам биринчи галда ҳар бир банк ўз мижозлари пуллари хавфсизлигининг самарали йўлларини топиши, таклиф қилиши, қолаверса, турли фирибгарликлар ҳақида таъсирчан усулларда огоҳлантириши лозим. Чунки кундан-кун турлари кўрайиб бораётган молиявий фирибгарликларни одамларимиз баъзан анг­лаб-англамай қолишлари ҳам бор гап. Хуллас, Марказий банкнинг содда, ишонувчан халқимизнинг ўзини  “ғирт айбдор”га чиқариши бизга анчайин эриш туюлди. Аввал одамларни зарур ахборотлар билан таъминлаб қўйиб, кейин иддао қилиш, балки, ярашар.

Қолаверса, биз Ўзбекистон Респуб­ликаси Марказий банкидан банк ва мижозлар ўртасидаги муносабатлар, ҳар бир фуқаронинг ўз пластик ва бошқа мо­лиявий ҳисоб рақамларига ўзи жавобгар эканлиги ҳақидаги узундан узоқ ҳужжатлардан кўчирмаларни эмас, балки Марказий банк лицензиясига эга юртимизда фаолият юритаётган қонуний банклар номидан фойдаланган ҳолда, сохта ахборотлар, ёлғон кредит имтиёзлари берилишига нега зудлик билан ўша банклар ёки Марказий банк бонг урмаяпти, нима учун айтайлик, ижтимоий тармоқларда эълон қилинган “Мана бу эълон бизники эмас, биз йиллик мутлақо фоизсиз кредит бермаймиз. Алданиб қолманг”, демайди?! Бу бефарқликдан муддао не?

Турли сохта эълон ва рекламаларга ишониб, чув тушаётган фуқароларимизни айбсиз демаймиз. Лекин бизга ҳозир “айбдорни топиш” эмас, одамларнинг ҳуқуқий, иқтисодий онгини янада ошириш муҳим эмасми?

Қолаверса, бугун ҳар бир молия муассасасида ва Марказий банкда “отнинг калласидай” маош олиб ўтирган ахборот хизматининг вазифасига кирмайдими, шу нарсалар?

Биз ёзган мақоладан кўзланган мақсад мана қаерда эди!

Таҳририят

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × four =