Соғинмай яшаб бўлмас…

Дархақиқат, ота-онани, ватанни, табиатни… Борингки, устоз ва қадрдонларни соғинмасдан яшаб бўлмайди. Айниқса, гап устоз мақомини олган ёзувчи, шоир, таржимонлар тўғрисида кетса… Устоз, бутун умри давомида халқига эзгулик ва  табассум улашиб келган Аҳмад Оқназаров ҳақидаги хотирлаш маросими ҳам айнан юқоридаги ном билан номланиб, Тошкент Гуманитар Фанлар университетида туман Ахборот Кутубхона маркази ижодий жамоаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ёзувчи Аҳмад Оқназаров Тўрткўл туманида туғилиб ўcди. Ўзбекистон овул фуқаролар йиғинидаги 11-мактабда таҳсил олди. Ўрта мактабни битказганидан бошлаб, матбуот соҳасида самарали фаолият олиб бориб, бадиий ижод билан шуғулланиб келди. Аҳмад Оқназаров ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ тилларида ижод қилди. Ёзувчи, болалар шоири, моҳир таржимон “Шоколады қәнекей?”, “Диафильм операциясы”,  “Бала менен ылақ”, “Тилла таеңге”, “Шайтанның шатағы” “Жағыстағы сырлы ýaқыя”, “7-“Б”даги изқувар”, “Юмороход”, каби болаларбоп асарлари шунингдек, “Вах-ха-ха!” ҳаж­виялари, “Бўзйигит”, “Гулистон” қорақалпоқ халқ дос­тонлари, таржимон адибнинг Ўзбекис­тон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Т.Қайипбергеновнинг “Қорақалпоқман — таваккалчиман”,  Ўзбекистон халқ ёзувчиси К.Каримовнинг “Улуғ дашт бўрилари” тарихий романлари,  Қорақалпоғистон халқ ёзувчилари М.Низановнинг “Одам кулдиргани учун”, А.Султановнинг бир нечта асарлари, шунингдек, Қ.Аметов, С.Жумағулов каби ёзувчи-шоирларнинг асарларини таржима қилди. Бундан ташқари, Қорақалпоғис­тон Ёзувчилар уюшмасида масъул лавозимларда фаолият юритган. Ёзувчининг 75 йиллик таваллудини Маънавият-маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Жонибек Сеттиев очди ва адибнинг мангуликка хизмат қиладиган ишлари тўғрисида гапирди.

Шундан сўнг даврани Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Янгибой Қўчқоров олиб борди. Адибнинг ҳаёти ва ижоди билан туман Ахборот Кутубхона маркази мутахассиси М. Юсупова таништирди. А. Оқназаровнинг устозлари Маммат Соли Машарипов, дўcтлари Р.Қозоқов, Қ.Шониёзов, шогирдлари Н.Ақназаров, Д.Каримов, Т.Рўзибоев, И.Бобожонов, “Тўрткўлнома” туман газетаси муҳаррири У.Нуруллаева, меҳмонлардан ёзувчи С.Ембергенов, шоир Ж.Утениязов, меҳнат фахрийси С.Худайбергеновлар А.Оқназаровнинг ажойиб хислатлари ҳақида сўзладилар. Кеча сўнггида А.Оқназаров ижодидан тайёрланган ви­деоролик тадбирнинг чин маънода соғинмай яшаб бўлмас ғоясини асослаб берди, десак муболаға бўлмайди.

Мунаввара ЮСУПОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси, шоира

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 4 =