Юрагимда мактубим бор

Рухсора САПАРБОЕВА

 

Муаллиф ҳақида:

Рухсора САПАРБОЕВА — 1993 йил Қўшкўпир туманида туғилган. Шу тумандаги 28-мактабнинг математика фани ўқитувчиси.

Республика ёш ижодкорларининг “Зомин қалдирғочлари-2020” семинари иштирокчиси, 2021 йилдаўтказилган “Дуэл” респуб­лика ижодий танлови Республика босқичи иштирокчиси.

Юрагимда мактубим бор

 

Биласанми синиқ чизиқларни?..

Ёки кўксингдаги дук-дук овознинг

Қоғоз тасмасида узун расмини?

Шундай чувалашиб ётар қамишлар

Сени хаёл суриб кетар йўлимнинг

Ўнг томони узра ўтган сойида…

Нега қамишларни эсладим ўзи?

Шу йўлга чиқдим дегунча

кўзим сойдаги қамишзорга тушади.

Сен эса ёдимга…

      Ажинлар

Ғалати бу тор кўчаларга

Нигоҳимни қадаган замон,

Саноғи йўқ тугунчаларда

Осиғлиқ турарди, онажон!

Метин бардошингиз ва яна

Бизга атаганингиз меҳр.

Қачонлардир бу кўчаларда

Тақдир сизни йиғлатган экан.

Кўзлар базўр кулиб, дил пинҳон

Нечун ўзин тиғлатган экан.

Онажон бу кўчаларни мен

Кўзларимга сурай юз босиб.

Сиз ҳам дардингизни бўлишинг

Қизингизга кўнглингиз ёзиб.

Худо ҳаққи яхши кўраман

Ўксинмангиз зинҳор-базинҳор.

Ўша ажин “кўча”лар ичра

Минглаб фариштанинг уйи бор.

 

                          * * *

Поезд кетди…

Вокзал сенсиз.

Темирйўлдек тўқилди ишқ

Темирдилсан, оғринмадинг.

Дуо каби

Видо каби

Сўнгсўз бўлиб ўқилди ишқ.

Aнглолмадим

Хатоми бу

Кетмасликка келган ким бор?!

Ўтли кунлар ўйиб битган

Юрагимда мактубим бор.

Поезд кетди

Вокзал сенсиз.

Ой ҳам тўлган,

Паймона ҳам.

Менда чипта йўқ боришга

Кетмоқ оғир тўрт ёна ҳам.

Сенинг юкинг бир чамадон

Ва ўн икки соатлик йўл.

Чап кўксимда менинг юким

Тилга кирар: — бардошли бўл!

Поезд кетди

Вокзал сенсиз

Сўнгсўз бўлиб ўқилди ишқ…

                              * * *

Майин севалади баҳор ёмғири…

Олис шаҳарларда бормисан ҳануз?

Иккимиз сира ҳам учрашмайдиган

Баҳор келаверар менга юзма-юз.

Қуюқ туман чўккан тонгли ўлкада

Равонми йўлларинг, бошинг омонми?

Яхши бўлолмадик, недир яхшилик?

Ёмон кўролмадим сендек ёмонни.

На-да бир хабар бор менда ўзингли

Ва ёки на-да бир хаёлингсиз кун.

Фақат булутларим бордир бошингдан

Ўргилиб-ўргилиб қайтган мен учун.

Мукаррам ҳисларни келтириб ёмғир

Соғинч гулларига ёғар майдалаб.

Навосидан қолмай, дея бенасиб

Хиргойи қиламан қайтааа-қайталаб.

Майин севалади баҳор ёмғири,

Олис шаҳарларда бормисан ҳануз?..

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − 2 =