Қачондир тантана қилади кўнгил
Жавоҳир ОСМОН
Муаллиф ҳақида:
Жавоҳир (ОСМОН) Боқижонов — 1993 йили Қувасой шаҳрида туғилган. Таржима китоблари нашрдан чиққан. Бугунги кунда Фарғона политехника институтининг 4-босқич талабаси.
СЕН
Рангсиз тушларимга кириб келдинг сен,
Яна қайтиб келди гул, баҳорларим.
Бинафша лабида ҳанда, табассум,
Дилимдан тўкилди дилғуборларим.
Рангсиз тушларимга кириб келдинг сен,
Осмоним безатди рангин камалак.
Изтироб соп бўлди ғамдай эзилиб,
Қўшиғин бошлади ошиқ капалак.
Мен яна шеър битдим номингга талай,
Ишона бошладим кунлар тонгига.
Дақиқалар сайин гуллайди умрим,
Қулоғим тутаман ҳаёт бонгига!
Рангсиз тушларимга кириб келдинг сен!
Ўзгара бошлади бутун коинот.
Кўнгил кишанлардан қутилар, энди
Жонсиз туйғуларим қаддин тутар шод!
Рангсиз тушларимга кириб келдинг сен!
КАПАЛАКЛАР ЙИҒЛАЙДИ…
Вужуд қайнаб, руҳ тортиниб бормоқда,
Ғалат ҳислар қон дилимни тиғлайди.
Ўлсам керак, бу дардимга йўқ даво,
Мен ўлганда капалаклар йиғлайди.
Ўксиб-ўксиб кўз ёш тўкар гулбаҳор,
Жазирама ёз ўзини қийнайди.
Боғлар хазон тўшаб, бемор бўлгайдир,
Мен ўлганда капалаклар йиғлайди.
Кун қисқарар: йил ўтади лаҳзадай,
Ой осмонда юлдузларин излайди.
Томир ёйиб, қиш қишлайди айвонда,
Мен ўлганда капалаклар йиғлайди.
Қалдирғочлар қўшиқ айтар эзилиб,
Ҳижрон эса висолларни сизлайди.
Нур толиқар бу дунёни кезиниб,
Мен ўлганда капалаклар йиғлайди…
* * *
Ит топмас йўлларда изғийди умрим,
Кун қаро, тун қаро, наволар қаро.
Бир чимдим нур излаб тентийди кўнглим,
Зулумот дунёда руҳимдир яро.
Қачондир тантана қилади кўнгил,
Қачондир ошиён топар ўзига.
Булутдай оқарар кунларим бир кун,
Тик боқиб яшайман тақдир кўзига.
Аммо ҳар тарафда кезинар хатар,
Ўзимни чўчитар ўзимнинг соям.
Бир нажот ўтинган девона каби,
Ўртага чиқади қалб деган қоям.
Дўст дедим, дўст бўлди аҳли изтироб,
Тун каби кўзимга чўкди залвори.
Ишониб яшайман, қаршимда бир кун,
Қулайди бу метин ғамлар девори!
КЕЧИРГИЛ…
Кечиб кетолмадим муҳаббатингдан,
Ноҳақ камситишлар учун кечиргил.
Сени фаришта деб, шайтон мен бўлдим,
Ё ишқи ҳалолим, бахтни ичиргил.
Кўзингга термулиб ҳадиксирадим,
Ўксиган дилингга нур бўлолмадим.
Хаста юрагингга кирган онимда,
Сенинг кулгинг учун бииир ўлолмадим…
Кечиргил, кечиргил, кечириб қўйгил,
Гуноҳга ботган ул изтиробларни.
Аслида дард учун туғилган юрак,
Ҳали кўп ёзамиз бахткитобларни.
Кечиб кетолмадим муҳаббатингдан,
Ранжитган эсам-да, йўлларим тўсдинг.
Барини унутиб яшамоқ учун,
Юрагим тўрида гул бўлиб ўсдинг!
СЕН КУЗНИ СЕВАСАН…
Д.га
Сен кузни севасан, мен эса сени,
Куз каби орзулар дилимда маҳзун.
Бунчалар рутубат бўлмаса дунё,
Бунчалар рангларин йўқотмоқда кун…?
Зирқираб оғрийди қовурғаларим,
Сен ҳам ўша ерда. Бўлгин эҳтиёт.
Дунёда бормикан мендайин сени,
Авайлаб, асровчи, ёзгувчи баёт…?
Сен кузни севасан, мен эса сени,
Изҳорга сўз очсам, келар қуйилиб.
Озгина тинглагил, озгина, холос.
Қошларинг кетмасин сира уйилиб.
Сен кузга ошиқсан, севасан уни,
Мен эса куз каби сарғайган ошиқ.
Фақат фарқимиз бор: куз табиатга,
Мен эса сен учун жон этгум тортиқ.
Сен кузни севасан…
ЗЕРИКИШ…
Биламан, юрагинг соғинаётир,
Ичикиб боряпсан, худди менингдек.
Кўксингга қўрғошин қуйилаётир,
Томчилаб боряпман мен ҳам сенингдек.
Хотиранг дилимда қолган асотир,
Руҳимни кемириб боради тинмай,
Юракни ғижимлаб ўтар йилларим,
Синиқиб боради ҳисларим синмай.
Негадир саросар тентийман тунлар,
Кезаман хаёлнинг жин кўчаларин.
Ҳижрон қуёшида қовжираган қалб,
Унута олмайди бахт кечаларин.
Оҳ. Яна ўсмоқлаб кетаётир дард,
Тиғсиз тилкалайди бағрин висолнинг.
Мен каби ишқ дея ўксиган беҳол,
Кўнгли ҳам, бағри ҳам ярим ҳилолнинг.
Биламан, юрагинг соғинаётир…