Америкада ҳамма яхши яшайдими?

Бугунги кунда кўпчилик Америкада таҳсил олишни, кўпроқ у ерга бориб ишлаш ва яшашни орзу қилади. Шу боис, куз келди дегунча, кўча кўйда “Грин карт тўлдирамиз”, “АҚШда яшашни истайсизми” каби реклама, баннерларга кўзимиз тушади. Статистик маълумотларга қараганда Ўзбекистон грин карта ўйини ўйнаш бўйича дунёда учинчиликда, ютуқ чиққан мамлакатлар орасида эса ТОП-5ликда туради.   Лотореяга, асосан, октабрь-ноябрь ойларида ариза топшириш бошланади ҳамда келаси йил май ойларида эса натижалар эълон қилинади. Маълумотларга қараганда, жорий йилда 5,5 мингдан кўпроқ ҳамюртларимизга ютуқ чиққан. Бу натижа эса Ўрта Осиёда биринчиликда турибди.

АҚШ аҳолини рўйхатдан ўтказиш бюросининг сўнгги ҳисоботига кўра, Қўшма Штатларда 62 мингдан зиёд ўзбекистон­ликлар истиқомат қилади. Асосан, улар, Нью-Йорк, Сан Антонио, Хюстон, Чикаго шаҳарларида яшашади.

Хўш, нега кўпчилик Америкага интилади? Америка ҳақиқатан ҳам “мўжизакор мамлакат”ми? Грин карт бу — омад. Кимгадир омад кулса, кимгадир эса йўқ. Баъзиларни ҳатто “ютуқ чиқмаслиги” ҳам йўлдан тўхтата олмайди. “Мўъжизакор мамлакат”нинг оҳанрабоси шу даража мафтун қиладики, қай йўл билан бўлмасин, кетиш па­йида бўлишади. Бу пайтда баъзи тужжорлар уларнинг соддалигидан устамонлик билан фойдаланиб, “сеҳрли диёр”га боришнинг мутлақо бошқа, яъни ҳеч қандай лотериясиз, ҳатто визасиз, чегаралардан гўёки “қонуний” олиб ўташни ваъда қилишади. Албатта, мўмайгина пул эвазига.

Мексика — АҚШга бориш ниятида келган кўплаб муҳожирлар учун ўтиш нуқтасига айланган. Ўзбекистонликлар асосан Эрон ёки Туркиядаги Мексика консуллик­ларидан турист визасини олиб Какнун шаҳрига, Какнундан эса пойтахт Мехикога боришади. Нега айнан пойтахт десангиз, у ерда Америка билан чегарадош Тихуана шаҳарчаси бор. Айнан шу шаҳарча “транзит” йўли ҳисобланади. Американинг собиқ президенти Доналд Трамп томонидан ноқонуний муҳожирлар чегарадан ўтмаслиги учун Америка ва Мексика ўртасида 700 км. узунликдаги темир тўсинлар қурилди.   Аммо бу тўсинлар ҳам Америка орзусига тўсиқ бўлаётгани йўқ. Чегарани ноқонуний кесиб ўтиш орқали йилига 650 нафар одам ҳалок бўлмоқда. Чунки муҳожирлар Мексикада ўғрилик, жинсий зўравонлик, қотиллик ва гиёҳванд моддалар билан қурбон бўлишмоқда.

Ижтимоий тармоқларда бир неча ўзбекистонликларнинг ҳам Мексика орқали АҚШга ўтишга уринишлари видеолари тарқалганди. Унда бир ўзбек чегарани босиб ўтишдаги қийинчиликларни сўзлаб берганди.

“Аёлим билан яшаб турган ҳовлимизни, машинамизни сотдик. Эрон орқали Мексикага бордик. Мексикада кузатувчига киши бошига 6 минг доллардан пул тўлаб бир ой чангалзорлар, ботқоқликлардан, сувдан кемада ўтдик. У ерда нафақат юртдош­ларимиз, балки Ўрта осиёликлар ҳам бор эди. Ҳаттоки эмизикли бола билан сувдан кечаётган аёлни кўрдим, — дея ҳикоя қилади бир йигит.”

Биламизки, Америкага борган инсонлар иқтисодий аҳволини тезда тиклаб олиши, мўмайгина даромад топиши бор гап. Бироқ биринчи боргандаги сарсонгарчиликлар, машаққату қийинчиликлар, ўзга юртда бегоналик ҳиси, ота-она меҳрини ҳеч қандай пул билан тўлдириб бўлмайди. Юртдошларимизнинг аксарияти ахборот технологиялари, ўқитувчилик, тадбиркорлик соҳаси ҳамда кафе ресторанлар йўналишида хизмат қилишади ва ҳайдовчилик билан шуғулланишади.

— Ҳар йили “грин карт” тўлдирардим. Мана ниҳоят, етти йил деганда омадим келди, — деди информацион технологиялар соҳасида фаолият юратаётган Саидбек Арслонов. – Кўпчилик Американи пул манбаи деб ўйлайди. Шу фикр катта хато. Ўзбекистонда биринчи веб сайт яратганимда 200 доллар олганман. Америкага келиб яратган веб сайтим учун 80 доллар беришган. Бу ерда рақобат кучли. Ўз устимда кеча-ю кундуз ишлардим. Ҳаттоки, уйдагилар билан гап­лашишга имкон бўлмас, телефон қилолмаганман. Секин-асталик билан билимимни кучайтириб, яхши лойиҳалар бошлаб, каттароқ даромадга эга бўлдим. Ҳозирги кунда Америкада замонавий технологиялар соҳаси бўйича ўртача ойлик йилига юз минг АҚШ доллари. Солиқлар, коммунал тўловлар, машина харажатлари билан ўзимга қоладигани 20-25 минг долларни ташкил қилади. Ўйлайманки, ҳозирда Ўзбекистонда ҳам шунча пулни топса бўлади. Асосийси хоҳиш ва меҳнат.

Америкага борганларнинг 10 нафаридан 6 нафари логистика компанияларида ишлашади. Логистика соҳасида ишлашнинг асосий сабабларидан бири тил билиш унчалик ҳам керак эмас фақатгина ҳайдовчилик гувоҳномаси етарли.

— Биз яшаётган Оҳаё штатида деярли ҳамма юк машиналари ҳайдайди, — дея ҳикоя қилади фарғоналик Нуриддин Дада­хонов. — 13 ёшимда оиламиз билан Америкага кўчиб келганмиз. Беш йилдан бери юк машинаси ҳайдайман. Иши ниҳоятда оғир, вақти келса ойлаб оиладан узоқда юришга, тунлари ухламасдан машина бош­қаришга тўғри келади. Йўлга чиққанимиздан хавф-хатардан холи эмасмиз. Корхона билан шартномада энг кўпи билан бир кунда 10-13 соат машина бошқариш келишилган. Лекин тез элтиб бериш, бошқа буюртма олиш учун 18-20 соат йўл юришга мажбур бўламиз. Логистика соҳасининг йиллик даромадига келадиган бўлсак, йилига 130 минг доллардан 150 минг долларгача. Бу рақамлар ким учундир юқори маош кўринар, лекин кун бўйи машинада юриш, неча тунлар ухламаслик ўрнини босолмайди. Йиллар ўтгани сари соғлиқдаги муаммолар ўзини кўрсата бош­лайди.

Холис айтиш жоиз, бугун юртимизда қайси соҳа бўлмасин, астойдил интилган одам борки, албатта, кўзлаган мақсадига эришмоқда. Узоқ ва ўзга юртларга барибир кетишни ўйлаётган, шунга интилаётган юртдошларимизга эса яна бир бор ўйлаб кўриш, ўша ғайрат, ўша саъй-ҳаракатларини она юртимизда сарфлашини маслаҳат берардик.

Ўткир ҲОШИМОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × two =