Ямоқ ёхуд айтсам тилим, айтмасам дилим куяди

Муштарийларимизга маълумки, газетамизнинг шу йил 6 сентябрь сонида “Қурилишдаги хавотир ёки ўзидан-ўзи қулаб тушаётган бинолар огоҳликка чорламаяптими?” сарлавҳали танқидий-таҳлилий мақола эълон қилинган эди. Унда қурилиш соҳасидаги кўзбўямачиликлар, камчиликлар холис танқид қилинганди. Ушбу мақола чоп этилгандан кейин Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги мутассаддилари муносабат билдириб, таҳририят вакиллари билан суҳбат ташкил қилган, соҳага оид турли саволларимизга жавоб беришди. Бу ҳақда “Hurriyat”нинг 13 сентябрда чоп қилинган саҳифасида “Қурилишдаги хавотиримизга асос йўқ (ми?)” деб номланган мақола ҳам эълон қилинди.

Улуғларимиз “Мозийга қараб иш кўрмоқ хайрлидир” дейишган. Матбуотда мавзуга қайтмоқ ҳам эзгу иш десак хато бўлмаса керак. Чунончи, таниқли пуб­лицист, ёзувчи Ашурали Жўраев йўллаган қуйидаги мақола газетамизда эълон қилинган долзарб масала бўйича бир муносабат вазифасини ўташи шубҳасиз. Демак, қурилишдаги муаммолар, йўл қўйилаётган катта-кичик камчилик­ларга бефарқ бўлиш асло мумкин эмас.

Таҳририят.

 

Сарлавҳани ўқиб, бирдан ажабланманг. Одам учун   ҳам, матбуот учун ҳам ямоқ мавзуси янгилик эмас. Ҳамма замонларда ҳам ямоққа эҳтиёж сезилган. Айни пайтда ямоқсиз ҳам яшаб бўлмайди. Луғатларда йиртилган, тешилган, узилган жойни мато ёки чарм билан ямаш ямоқ де­йилади. Кўчма маънода тузалган яра изи, чандиқ ёки юздаги, қулоқдаги ямоқ, деб ҳам юритилади.

Ямоқчи косиб дейилади. Бу ҳунар авлоддан-авлодга ўтиб келади. Ҳозир ҳам косибларни кўплаб учратиш мумкин. Уларга ҳамон эҳтиёж катта.

Биз эса мамлакатимизда бўлаётган улкан ўзгаришлар, ислоҳотлар жараёнида кўзга ташланиб қолаётган айрим ҳусн­бузарга ўхшаш курмак ямоқлар ҳақида мунозара қилмоқчимиз.

Янги қурилаётган уй-жойлар, таъмирланаётган йўллар, йўлаклар обод маҳалла ва қишлоқларда тугалланган қурилишлар топширилганидан сўнг, озгина вақт ўтар-ўтмас улардаги сифатсиз, қўл учида қурилган ярим-ёрти ишларнинг ямоғи чиқиб қоляпти. Масалан, ўзим истиқомат қилаётган, Юнусобод тумани, 17-мавзенинг барча ички йўллари асфальтланди ва йўлаклари таъмирланди. Айримлари янги қурилди. Айниқса, йўлакларга ётқизилган ранг-баранг йўлак ғиштларнинг аҳоли кўзларини узоқ вақт яшнатишга қурби етмади. Нобоп ғиштлар нурай бош­лади. Ғиштлар бир йилга бормай синиб, ёрилиб, увоққа айланиб бормоқда. Қисқа муддатда катта маблағ эвазига шошма-шошарлик билан бажарилган бундай ишларнинг ямоғи чиқиб қолди. Бундан ким кўп азият чекяпти. Албатта, халқ! Бюджет маблағларини кўр-кўрона ишлатиш, қўл учида бажарилган ишларнинг бари халқ пулини рўй-рост ўмаришдир.

Қурилишлар қизғин кетаётган кунлари ишни чала-чулпа, шунчаки қўл учида бажараётган қурувчиларнинг ишларини кўриб, биттасидан секин сўрадим.

— Қурувчимисан, ўзинг қаерликсан, оғайни?

— Бизни мардикор бозордан олиб келишган. Қурувчи эмасман… — деди каттақўрғонлик содда йигит.

Аслида қурилиш ишларини маҳоратли қурувчилар бажаришлари керак эмасми? Қачонки биз, йирик қурилишларга, муҳим объектларни бунёд этишда арзон, қўлида ҳунари йўқ, ёлланма ишчилардан қачонгача фойдаланамиз?!.

Қишлоқдаги сувчи ёки боғбондан шаҳарда ғишт терувчи ёки асфальт ётқизувчи ўрнида фойдаланиш мумкинми?..

Бир аччиқ ҳақиқатни тан олайлик. Янги қурилаётган массивлар, мавзеларда қад ростлаётган уй-жойларни кўриб, кўзлар қувнайди. Ва янги уйларга кўчиб кираётган кўпчилик юртдошларимизнинг хур­сандчиликларига шерик бўламиз. Бизнинг халқимиз ҳам янги, замонавий уйларда яшаётганидан ғурурланамиз. Бўлар экан-ку, деб таскин топамиз.

Лекин бу қувончимиз узоққа чўзилмайди. Айрим шаҳар, туман ва қишлоқларда қуриб битказилган ва эгаларига топширилган янги уйлардаги жиддий нуқсонларни кўриб ачинасан киши. Масалан, респуб­лика телеканаллари орқали берилаётган танқидий кўрсатувлардан аёнки, кўпроқ Андижон, Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Сирдарё ва Навоий вилоятларида қурилиб, фойдаланишга топширилаётган айрим янги уйларнинг эгаларидан кўплаб шикоятлар тушаётганига гувоҳ бўламиз.

Бундай айрим чала, шошма-шошарлик билан қурилган, ишга тушмасдан таъмирга муҳтож янги уй-жойларни эгаларига қўл учида топширишга уринаётган қурувчилар ямоқчими ёки томоқчи?

Ямоқ ҳодисаси, айниқса, йўл қурилишларида кўп­лаб содир бўлаётир. Йирик шаҳарларнинг кўчаларидаги катта-кичик ямоқлар фақат ҳайдовчиларнинг эмас, йўловчиларнинг ҳам асабларини қақшатаётир. Бизда йўллар таъмирланмайди. Аксинча ямоқлар силлиқина ямалади. Кўп ўтмай ямоқлар яна очилиб, “жамоли”ни намоён этади. Баъзи йўлларда ямоқлар аста-секин ўраларга айланган. Ўрага тушган машина ҳам, одам ҳам омон қолмайди-ку, Худо асрасин!..

Йўллардаги ямоқларнинг турган-битгани ташвиш ва улардан юриш асаббузарлик холос. Бундай юрак ўйноғи қиладиган ямоқларни ким тузатади ва улардан қачон қутуламиз? Йўл қурувчиларнинг чўнтакларидаги ямоқ излари кўпми ё томоқ излари?!.

Наҳотки, йўлчиларнинг ҳакалак отган томоқ изларига ҳуқуқ-тартибот ходимларининг сўроқ излари етиб бормаётган бўлса? Ахир йўллардаги ҳисобсиз ямоқлар ўмариш ва кемиришнинг ёрқин намунаси эмасми?

Бизда ямоқ кўчалар ҳам кўпайиб кетди. Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги Ҳасанбой номли маҳаллада истиқомат қилаётган яхши бир инсон қазо қилди. Таъзияга бориш учун бир дўстимиз телефонга йўл харитасини ташлади, довруғи достон Ҳасанбойга кам борганимиздан бўлса керак, аввало осмонўпар қасрлар (уларни уй дейишга уялдим)нинг пала-партиш қурилганидан ҳайрон бўлдим. Ҳовлиларнинг бетартиб қурилганини кўриб, ғирт “ўзбекона” маҳалла бўлибди-да деб ўйладим. Негаки, ким қандай хоҳласа, шундай қурган. Бундай ғаройиб ишни фақат ўзбеклар яшайдиган маҳаллаларда учратиш мумкин. Тартиб деган нарсага амал қилмаймиз. Агар тартибга амал қилиб, бир текис қурилиш қилсак ўзимизга ўхшамай қоламиз-да. Шу боис, кўчалар ҳам ямоқ боши берк кўчалардан иборат. Бутун ва равон кўчани кўрмайсиз. Бир амаллаб, анча вақт сарфлаб маъракага етиб бордик.

Бу ачинарли ямоқ, ҳолатлар фақат шаҳарларда эмас, қишлоқларда ҳам кўплаб учрайди. Айниқса, ер ўмаришга, эгаллашга жуда ўчмиз. Иложи борича, қўшнининг еридан бир қулоч ўмармасак кўнглимиз жойига тушмайди. Ёки бир текисда қурилган ёнимиздаги иморатлардан деворимизни тўрт-беш қадам олдинга чиқармасак бир жойимиз камайиб қолади.

Энди уйларнинг томларини айтмасак ҳам бўлади. Булутга етказмасак уй-уйдек бўлмайди. Шу боис ҳам ўзбошимчалигимиз туфайли қураётган уйларимиз ва йўлларимизда ямоқлар тугамайди ё мабадо қилолмайсиз…

Яна бир ташвишли ямоқ воқеаси. Яқин ойларда Тошкент аэропорти йўлида қурилаётган ҳашаматли кўприкнинг қулаб тушгани кўпчиликнинг ёдида. Хайрият, кўприк ишга тушмасдан қулади. Агар ишга туширилганидан сўнг шу ачинарли ҳолат рўй берганида, талафот катта бўлар эди. Бу ҳодисани қурувчиларнинг айби ва жиноятларини рўйи рост кўрсатадиган катта ва жиддий ямоқ дейиш мумкин. Бу ямоқлари учун улар қонун олдида жавоб бериш­лари шарт. Ваҳоланки, уларнинг айбларини кўрсатмоқчи бўлган тележурналистларга дағдага қилдилар. Бу айбдорларнинг ямоғи жиддий ва катта эканлигини исботлади. Билиб қўйинг, дўқ ёки мушт билан ямоқни ямаб бўлмайди.

Бу ямоқлар цементни қумга, қумни шағалга, арматурани симга, бутун ғиштни синган ёки яримта ғиштга алмаштириб бажарилган сохта ишларнинг оқибати бўлса керак.

Ямоқчилик касалидан қачон қутуламиз?

Яна бир тузалмасдан келаётган   ямоқ ҳақида айт­маса бўлмайди. Тошкент метроси Юнусобод йўналишининг ишга тушганига кўп бўлган эмас. Лекин метронинг охирги “Туркистон” бекатидаги катта ямоқ ҳали тузалган эмас. Йўналишнинг устки — кўча қисми қулаб тушгандан сўнг узоқ вақт қайта таъмирланди. Сўнг метронинг ер остидаги ямоғи кўриниб қолди. Бунга нима дейсиз?

Бу ямоқлар чала лойиҳанингми ёки қурилишдаги шошма-шошарлик туфайлими ёки наҳанг томоқларнинг ямламай ютишлари оқибатими, билиб бўлмайди. Лекин бу шўрлик бекат ҳамон метро йўналишида жиддий ямоқ бўлиб турибди.

Биз, айнан йўллар, уйлар ва бошқа йўналишдаги қурилишларда содир бўлаётган ямоқларни ёзиб адо қилолмаймиз. Агар уларни астойдил ёзадиган бўлсак, “Минг бир кеча” эртакларидай узундан-узоқ ҳикоятларга чўзилиши аниқ.

Ҳозирча юқоридаги ачинарли мисоллар билан мақолани якунламоқчи эдик. Лекин кутилмаган бир савол туғилиб қолди. Хўш, йўл, уй ва катта-кичик қурилишлардаги ямоқларни кўриб, уларни қураётган ва бевосита бу қурилишларга раҳбарлик қилаётган айрим раҳбарлар ва қурувчиларнинг қалбларида, онгу шуурларида ҳам ямоқлар йўқмикин, деб ўйлаб қолдик.

Уларни умумлаштириб маънавиятимиздаги, тарбиямиздаги ямоқлар қаердан пайдо бўляпти, деган оғир саволга дуч келдик. Бу иллатлар нафс ямоғи, виждон ямоғи, иймон ямоғи, ақл ямоғи ва характеримиздаги бошқа майда-чуйда ямоқчалар туфайли содир бўлмаётганмикин?.. Агар нафс ямоғи шунчалар ўпқонга айланмаганида биз ҳам бунчалар кўзбўямачи ва очкўз бўлмасдик… Мутафаккир Фаридуддин Аттор ёзганидек:

 

Инсон ичида энг аблаҳ инсон,

Нафс-ҳаво кетидан бўлади сарсон…

 

Қанча есаям еб тўймаслик, қўлига тушган нарсани ямламай ютиб юбориш, гоҳ қопи, гоҳ вагони билан ўмариш – ҳаммаси илдиз отаётган каламушизим касаллигининг авж олиб кетишига кенг имкониятлар яратмаяптими? Шўро даврида бундай ярамас ишларни қилганлар ўзларига “давлатнинг мулкини ўғирлаяпмиз” деб ўзларига таскин берганлар. Ҳозир-чи, кимнинг мулкини, бойлигини ўғирлаб, талон-торож қиляптилар?

Масалан, айрим виждонига ямоқ тушган мактаб директори ёки виждони бемор, оқ халатининг катта-катта ямоғи бор бош врачлар кимнинг ҳақини еб, кимнинг маблағидан ўмармоқда? Чўнтаклари ямоқ бечораларнинг ризқларига чанг солмоқдалар, хонавайрон қилмоқдалар.

Муҳтарам Президентимиз “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади”, деган буюк ғояни ислоҳотларнинг бош мезони этиб белгилади. Бу эзгу ният ҳар бир Ватандошимизнинг калбида акс-садо бераётир. Айниқса, бу жараён зиёлилар, ижодкорлар, ўқитувчилар, мактаб мутасаддиларининг фидойилик ва жонбозлик фаолиятига айланиши лозим.

Мактабга, унинг мулкига хиёнат қилаётган айрим вилоят, туман ва мактаб раҳбарларини томоқ-ямоқ касалига мубтало бўлган кимсалардир десак хато бўлмас. Ямоқ мактаб бир куни емирилиб кетганидек, ямоқ таълим-тарбия ҳам узоққа бормай, чокидан ситилиб кетиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас…

Хуллас, мамлакатимизда янги ислоҳотлар, жадаллик билан амалга оширилаётган ўзгаришлар даврида, янги Ўзбекистонда бунёд этилаётган улкан янгиланиш замонида шижоат ва ғайрат билан бажараётган ҳар бир ибратли ва режали ишларимиз келажак авлод учун юксак намуна бўлиши лозим. Биз қураётган бинолар, йўллар, мактаблар ва бошқа кўплаб соҳаларда амалга ошираётган ислоҳотларимизни кўрганлар ҳайрат ва ҳаяжонга тушсинлар. Биздан албатта ибрат олсинлар!.. Биз уларга шундай гўзал ва беқиёс Ватан қолдирайликки, бу Ватаннинг номи асрларга тенг бўлсин! Шон-шуҳрати асрларга татисин ва дунё ҳавас қилсин, она юртимизга!

Ашурали ЖЎРАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty − 3 =