Мурғак қалбларга ёруғлик, яхшилик, ишонч олиб кирган байрам

Пойтахтимиздаги “Томоша” болалар театр-студияси биносида “Президент арчаси” тантаналари бошланди.

Болажонлар интиқлик билан кутадиган ушбу байрамга Меҳрибонлик уйларининг тарбияланувчилари, меҳр-эътиборга муҳтож болалар, шунингдек, ота-онаси Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ўғил-қизлари таклиф этилди.

Байрам доирасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Меҳрибонлик уйлари, оилавий болалар уйлари, “SOS – Ўзбекистон болалар маҳаллалари” уюшмасининг болалар маҳаллалари, махсус мактаб-интернатларнинг тарбияланувчилари ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун 11 минг дона махсус совға тайёрланди.

– Ҳар йили бу байрамни болажонлар орзиқиб кутадилар, – деди мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Дилшод Кенжаев. – Юртимиз бўйлаб Янги йил томошалари бўлиб ўтмоқда. Бу йилги театрлаштирилган томошалар болажонларимизни ҳар қандай қи­йинчиликларга қарамай, дадил ва олға интилишга ундаши, эзгулик, меҳр, Ватанга, ўз халқига муҳаббат ва садоқат туйғуларини ўзида мужассам этгани билан аҳамиятлидир. Ўйлайманки, ушбу спектакль болаларнинг хотирасида узоқ вақт сақланиб қолади.

– Бундай ажойиб байрамга биринчи марта келишим, – деди 22-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Лейла Илинс­кая. – “Президент арчаси” тадбирларини ўртоқларим доим мақташади. Чиндан ҳам жуда зўр тантана экан.

– Бу байрам барчамизга жуда ёқади, – деди оилавий болалар уйида тарбияланаётган Дмитрий Мозговой. – Доим бизларни очиқ чеҳра билан кутиб оладилар. Қизиқарли спектаклларни тақдим этадилар. Совғалар беришади.

Ҳарбий учувчи Маъмуржон Мирфозилов Ватанни кўз қорачиғи каби асрашдек муқаддас ғояни ўз жонидан, инсонга бир марта ато этилувчи ҳаётидан ҳам азиз билган, умрини она-юртига, халқига садоқат билан хизмат қилишга бағишлаган ҳарбий учувчи эди… “Президент арчаси” тантаналарига унинг ўғли Зафаржон ҳам таклиф этилди.

— Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган меҳр-эътибор менга янада куч бағишламоқда, — деди ҳарбий учувчи М.Мирфозиловнинг турмуш ўртоғи Муқаддас Қорабоева. — Айни эътибор фарзандимга ҳам ўзини ёлғиз эмаслигини англатмоқда.

— Катта бўлсам дадам каби учувчи бўлишни, Ўзбекистонимизни, ойижонимни ҳимоя қилишни истайман, — деди Зафаржон. – “Президент арчаси” байрамига келганимдан жуда хурсандман.

…Байрам ва тантаналар авжида. Кимдир расмга тушади, бошқа биров Қорбобо ва Қорқизга ҳайрат билан тикилади. Яна кимдир ўзи тайёрлаган шеъри, қўшиғини айтишга шошилади. Жажжи иштирокчилар учун махсус театрлаштирилган томоша тақдим этилди. Бу байрам болалар қалбига ёруғлик, яхшилик, ишонч ва умид олиб келгани аниқ.

– Байрам тантаналари бу йил жуда юқори руҳда ўтмоқда, – деди пойтахтимиздаги 30-Меҳрибонлик уйи директорининг ўринбосари Самандар Норбўтаев. – Муассасамизда 90 нафар бола тарбияланади. Айниқса, кичкинтойлар Янги йил байрамига ўзгача тайёргарлик кўрди. “Президент арчаси” тантаналарининг юксак савияда ўтаётгани ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, барча бола бирдек меҳр-эътибор оғушида эканини англатади.

Совғасиз байрам байрамми?.. Тадбир якунида кичкинтойларга “Президент совғалари” топширилди.

Айтиш керакки, “Президент совғаси” таркибига Ўзбекистон Республикаси Президентининг болаларга йўллаган Янги йил байрам табриги, ширинлик­лар, канцелярия маҳсулотлари, смарт соат ва бошқа туҳфалар киритилган. Шунингдек, жорий йилда Меҳрибонлик уйлари, Оилавий болалар уйлари, “SOS – болалар маҳаллалари”, “Меҳрли мактаб”нинг 12 ёшдан катта бўлган 1600 нафар тарбияланувчилари учун совғалар таркибига планшетлар киритилди.

25-28 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятларга “Uzbekistan Airways” Акционерлик жамияти самолётлари ҳамда ҳудудий Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларининг кузатувлари остида махсус автотранспорт орқали етказилди. Маълум сабабларга кўра байрамга кела олмаган болалар учун совғалар маҳаллий ҳокимликлар, секторлар, Миллий гвардия ва вазирликнинг ҳудудий бўлимлари вакиллари томонидан уларнинг уйларига борган ҳолда тантанали тарзда топшириляпти.

Мамлакатимиз бўйлаб “Президент арчаси” тантаналари давом этмоқда.

Назокат УСМОНОВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 + 12 =