Умрбоқий асар

Тарих саҳифаларида ўзига хос из қолдирган, Ҳиндистонда Буюк Бобурийлар сулоласига асос солган ватандошимиз — шоҳ ва шоир, атоқли саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг дунё адабиёт аҳли томонидан юксак муҳаббат билан ўқиладиган буюк асари “Бобурнома” “O‘zbekiston” НМИУ томонидан 5000 нусхада ҳозирги ўзбек тилидаги табдили асосида нашр этилди.

Ушбу китоб бунгача ҳам бир неча маротаба нашр этилган ва шубҳасиз, бундан кейин ҳам кўп йиллар давомида чоп этилиши табиийдир. Бу ўлмас асар буюк бобокалонимиз Бобур ҳазратлари томонидан ўзи кўрган ва шоҳиди бўлган воқеаларнинг бадиий маҳорат билан ёзилганлиги ва давр воқеаларига ҳақиқат кўзи билан ёндашганлиги билан қимматлидир. Асарни ўқиган китобхон шоҳ ва шоир Бобурнинг эришган ғалабалари-ю аламли мағлубиятларини кўз олдига келтира олади. Сабаби Бобур жуда оддий тилда, содда ва равон тарзда воқеаларни ифодалаб беради. Масалан, Бобур ўз рубоийларидан бирида шундай деган эди:

 

Толе йўқи жонимға балолиғ бўлди,

Ҳар ишниким айладим

                                хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,

Ё раб, нетайин,

                не юз қаролиғ бўлди?!

 

Бобур бу рубоийсида ўз юртидан бош олиб кетишининг сабабини, юрагини ўртаган ғам-аламларни, Ҳиндис­тонга юриши “юз қаролиғ” эканлигини очиқ-ойдин ифода этади.

Тарих саҳифаларида Бобур каби мард, ўзининг барча қилган хатоларини рўйирост тан олган элпарвар шаҳаншоҳ бўлмаса керак. Бобурнинг бу шоҳ асари 1494 йилдан 1529 йилгача бўлган тарихий воқеаларни қамраб олади.

Китобнинг ушбу нашрида асарда номлари келтирилган олимлар, шоҳлар, тарихий обидаларнинг расмлари келтирилган. “Бобурнома”ни ҳозирги ўзбек тилига Халқаро Бобур мукофоти совриндори, таниқли олим Ваҳоб Раҳмонов ва филология фанлари номзоди, доцент Каромат Муллахўжаева табдил этишган.

Баҳром АКБАРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси

 аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten − five =