Жадидлар антологияси

Буюк Британияда ўзбек жадид шеъриятига бағишланган илк китоб инглиз тилида чоп этилди

Ўзбекистоннинг Лондондаги элчиси Равшан Усманов  таниқли британиялик шоир Эндрю Станиленд билан учрашув ўтказди. Мулоқот аввалида  британиялик шоир яқинда Лондонда инглиз тилида нашр этилган ўзбек жадид шеъриятига бағишланган “Янги усул, янги шеърият: жадидлар антоло­гияси” номли китобнинг илк нусхасини элчихонага топширди.

Ушбу тўплам Эндрю Станиленднинг ўзбекистонлик шоир ва таржимонлар – Аъзам Обид ва Авазхон Ҳайдаров билан биргаликдаги ижодий ҳамкорлиги маҳсули эканлиги таъкидланди.

Китобда жадидлик ҳаракатининг ёрқин намояндалари  — Абдулҳамид Чўлпон, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар Қори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Тўлаган Хўжамёров, Абдурауф Фитрат, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Абдулла Қодирий, Усмон Носир, Нозимахоним каби ўзбек халқининг буюк зиёлилари ва шоирлари қаламига мансуб шеърлар ўзбек ва инглиз тилларида чоп этилган.

Шунингдек, тўплам муқаддимасида жадидлар ҳаракати тарихи, маърифатпарварлик ғоялари, илғор илм-фан ютуқларини кенг  жорий қилиш, миллий қадрият ва ўзликни сақлаб қолган ҳолда замон кишисини тарбиялаш каби ташаббуслари тўғрисидаги батафсил маълумотлар ўқувчилар эътиборига  тақдим этилган.

Эндрю Станиленд Ўзбекистон раҳбарияти томонидан жадидлар ҳаёти, ижтимоий фаолияти ва илмий-ижодий меросини ўрганиш, қатағон қурбони бўлган маърифатпарварларнинг номларини оқлаш, улар ҳаёти ва  ижодига оид бадиий асарлар ва кинофильмлар яратиш йўналишида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни юқори баҳолади.

“Янги Ўзбекистонда илм-фан, таълим-тарбия, маданият соҳаларида, хусусан, таълим тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш, ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятдаги ўрни ва таъсирини кучайтириш борасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, бу ҳеч шубҳасиз, буюк маърифатпарвар ўзбек жадидларининг муқаддас орзулари рўёбининг яққол намунасидир”, – деди у.

Эндрю Станиленднинг айтишича, яқин орада “Уч қорақалпоқ шои­­ри” номли тўпламни ҳам нашр этиш режалаштирилган. Ушбу  китобда машҳур қорақалпоқ шоирлари Ажиниёз, Бердақ ва Ибройим Юсупов шеърлари илк бор инглиз тилида чоп этилади. Шунингдек, ушбу китоб орқали инглиз шеърият мухлислари Қорақалпоғистон халқининг тарихи, урф-одатлари ва маданияти билан  яқиндан танишишлари мумкин бўлади.

“Дунё” АА,

Лондон шаҳри.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × one =