Ҳар лаҳзада уйғон, ҳар лаҳзада ўс!

Куни кеча пойтахтимизнинг “Туркистон” санъат саройида “Vatan manzumasi” номли адабий-маърифий кеча бўлиб ўтди

Муҳташам сарой Янги Ўзбекистоннинг куч-қувват, она Ватанга улуғ муҳаб­бату садоқат, оламшумул орзу-интилишлар, эртанги порлоқ келажакка ишонч ва ирода билан ураётган навқирон юрак­лар садоларига тўлиб тошди гўё.  Адабий-маърифий дастур Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилиб, унда тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлаш, эл-юрт фаровонлиги учун сафарбарлик, ватанпарварлик, мардлик ва жасорат сингари эзгу фазилатлар юксак оҳангларда тараннум этилди. Юртбошимизнинг “Барчамиз энг аввало Ватан ҳимоячиси, тинчлик посбони бўлишимиз зарур!” деган чуқур маъноли сўзлари саҳнада намойиш этилган бадиий-мусиқий чиқишларнинг бош ғояси бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Кинематография агентлиги ва бош­­қа ташкилотлар ҳамда истеъдодли ижодкорлар ҳамкорлигида тайёрланган дастурда истеъдодли актёрлар ва муаллифлар томонидан Ватан ва она халққа садоқат туйғуси улуғланган, тингловчиларнинг маънавий оламини юксалтирадиган таъсирчан шеърлар ўқилди; ўқилган шеър, ижро этилган қўшиқлар қалбларда акс-садо бераётгани зални тўлдириб ўтирган турли соҳа вакиллари, ҳарбийларнинг юз-кўзларида акс этиб турарди. Чунки ҳарки инсон учун Ватандан яхши ёр бўлмас. Ўзбекистон Қаҳрамони, шоир Эркин Воҳидов айтгандек:

Сен ўзинг бир гулсан,

                       Ватанинг – чаман,

Улғай, асл зотинг унутма сира.

Билки, қадр билмак аслида – Ватан,

Ватаннинг маъноси боқий хотира.

Экранда “Тилда, фикрда, ишда бирлик” ёзуви намоён бўлиб,  “Гўзал Туркистон” қўшиғи мусиқаси садоси остида саҳнага ҳарбий гуруҳ командири бошчилигида Ватан мудофаасига янги чақирилган йигитлар вакиллари чиқиб келди.

— Ўртоқ оддий аскарлар! Олий Бош Қўмондонимиз айтганларидек, “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва мен ишонаман, насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз ҳам албатта бўлади”, — ҳарбий сардорнинг шу кириш сўзи билан бош­ланиб, бир ярим соат давом этган дас­турда бир содда ўзбек ўғлонларининг ҳарбий хизмат жараёнида жисмонан, ақлан, маънан камол топиши, замонавий фан-техника сирларини ўрганиб, баркамол ўғлон – Жалолиддин Мангуберди каби жасоратли, эл-юртга садоқатли, билимдон жангчилар, юрт посбонлари бўлиб етишишлари кўрсатиб берилган.

Эр йигитнинг кўнглида

                         эгарланган от ётар,

Қадам қўйса зулматга изларида

                                        тонг отар.

Бутун миллат юкига елка тутар

                                          эр йигит,

Эр йигитнинг номуси

                           миллатини уйғотар.

Аскарларнинг ҳаяжонли, ғоят масъулиятли ҳарбий қасамёд онлари,  ҳарбий дала машғулотлари, тоғ шароитида машқ,  парашютдан сакраш, сувда машғулотлар – машаққатли ва мураккаб, аммо қалбида йигитлик бурчига садоқат собит бўлган ўғлонлар шиддат билан мақсадга интиладилар. Дунё ҳамжамияти қаторида ўзининг муносиб қадди, қадри, ўрнини топиб бораётган Ўзбекистоннинг ҳудудларини, чегараларини зийраклик, тафаккур билан ҳимоя қилиш учун Ватан посбонлари ҳарбий билимларни, IT техноло­гияларни, сунъий интеллект ва учувчисиз дронларни бошқаришни, хорижий тилларни ўрганмоқдалар. Бунинг учун Рес­публика Мудофаа вазирлиги ва бошқа ҳарбий вазирлик ва идоралар тизимида яратилган шароитлар видеолавҳаларда намоён бўлди.

Тадбирда тарихда ўғлонлар билан бир сафда туриб элу юрт тинчлик-осойишталиги учун курашган Тўмарис, Зебо Ғаниева каби миллий қаҳрамон аёл-қизларга эҳтиромга йўғрилган шеърий сатрлар, қўшиқлар янгради.  Бугун ҳам Миллий армиямиз сафида уларнинг юзлаб издош­лари бўлган юзлаб шижоатли қизлар Ватанимиз мустақиллиги ва мамлакатимиз чегаралари дахлсизлигини асраш йўлида лочин йигитлар билан ёнма-ён хизмат қилмоқда.

Мустақил давлатимиз тарихи саҳифаларида ҳаммамиз доим ҳурмат, миннатдорчилик билан эслашимиз шарт бўлган шундай инсонлар борки, улар – мус­тақиллигимиз, элимиз тинчлигига рахна солмоқчи бўлган кимсалар билан бўлган тўқнашувларда, ўз хизмат бурчини ўтаётган пайтларида жон фидо этган чин қаҳрамонлар. Оталари жасорати билан фахрланиб, уларнинг йўлини давом эттириш учун ҳарбий соҳани танлаган йигитлар, қизлар саҳнага чиқиб, дил сўзларини баён этдилар.

Ўрганиш, чиниқиш, улғайиш, камолга етиш поғоналаридан ўтган аскарларни гуруҳ командири махсус жанговар бўлинмага бошлаб киради:

— Ўртоқ аскарлар! Мана, ҳарбий хизматни шараф билан якунладингиз. Ҳақиқий аскар бўлдингиз! Энди тинч ҳаётга, қадрдон уйингизга қайтиб, истаган касбингизнинг бошини тутишингиз мумкин.

Шунда аскар йигитларнинг барчаси Ватан ҳимоячиси бўлишга қарор қилганлик­ларини билдирдилар.

 

Сиз улуғ бир элнинг кўз қароғисиз,

Шу буюк миллатнинг суянч тоғисиз,

Сиз тиниқ чашмаси, сўлим боғисиз,

Асранг шу Ватаннинг тиниқ осмонин,

Сизга ишонгаймиз Ўзбекистонни…

 

Сара шеърларда, қўшиқларда она Ўзбекистон мадҳи, унга муҳаббат, садоқат туйғулари авж пардаларда янгради.  Видеолавҳаларда жонажон диёримизнинг бетакрор манзаралари, тараққиёт одимлари, меҳри дарё, қалби офтоб одамлари намоён бўлди. Наздимизда, тадбир давомида саҳнадаги иштирокчилар билан залга йиғилган томошабинлар бир бутун қалбга айланиб кетгандек туюлди. Ҳа, “Ватан манзумаси”дан жой олган асарлар, уларнинг мақсад-ғоялари айни халқимиз дилидаги туйғулар, эътирофларга ҳамоҳанг кечди.

Ушбу адабий-маърифий тадбир намойиши пойтахтимизда бахор айёми— Наврўз арафасигача ўтказилиши кўзда тутилган.

М.МАМАТХОНОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 + five =