РАМАЗОН

Аъзам ЎКТАМ

Йилнинг бошга қўнган ҳумойи,

Мўъжизага, фусунга бойи.

Хуш келибсиз, марҳабо, дермиз,

Тасбеҳ ойи, таровеҳ ойи.

Ўрганамиз тиймоққа нафсни,

Итқитамиз орадан наҳсни.

Кечиргаймиз, узрлар сўраб

Бас қиламиз беҳуда баҳсни.

Қўлимдадир илоҳий Китоб,

Унда шундоқ этилмиш хитоб:

“Ушбу ойда неки қилсангиз,

Аллоҳ Ўзи айлагай ҳисоб”.

Ўлдирса ҳам, лаззат берар ўқ,

Талпинади кўкка – кўнгил тўқ.

Раббим беҳад меҳрибон, аммо

Қадр туни ўзга ойда йўқ.

Фаришталар самодан тушар,

Биз беҳиштни кўрамиз тушлар.

“Алвидо, деб қолурмиз наҳот?!”

Ҳозирданоқ қалбим увишар.

Ўн бир ойга одил хоқоним,

Нозил бўлмиш сизда Қуръоним.

Инсон бўлиб яшайлик, бизни

Йўлга бошланг, йўлга, султоним.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen + six =