АҚШда Турон ассоциацияси ташкил этилди

Статуя Свободы в США - фото (Statue of Liberty in the United States - photos) - https://to-name.ru/historical-events/usa.htm

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Фурқат Сиддиқов АҚШнинг Бостон шаҳрига (Массачусетс штати) ташрифи давомида ушбу ҳудудда яшаётган ватандошлар билан учрашув ўтказди ва улар билан биргаликда Наврўз  байрамини нишонлади.

Мулоқот  чоғида  Ўзбекис­тонда  амалга оширилаётган кенг  кўламли ўзгаришлар,  хориждаги  ватандошлар  билан алоқаларни мустаҳкамлаш, уларнинг  ҳуқуқий  ҳимоясини таъминлаш, тақдим этилаётган имкониятлар тўғрисида батафсил сўзлаб берилди. Элчи Фурқат Сиддиқов, шунингдек, маданий ва илмий ҳамкорликни кенгайтиришда ватандошлар уюшмаларининг роли муҳимлигини алоҳида  таъкидлади.

Учрашув давомида Бостон шаҳрида янги ташкил этилган Турон ассоциациясининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ассоциациянинг асосий вазифалари сирасига Ўзбекистон маданияти ва меросини сақлаш ва уни кенг жамоатчиликка тарғиб қилиш, ватандошлар билан биргаликда маънавий-маърифий ва илмий тадбирларни ташкил этиш  вазифалари  киради.

Ўзбекистон  дипломатик  миссия раҳбари ташрифи доирасида “Илдиз” онлайн платформасининг тақдимоти ўтказилди. Платформа фаолияти АҚШда ишлайдиган юқори малакали мутахассислар, молия институтлари, университетлар, юридик фирмалар, тадбиркорлар ва инвесторларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Бундан ташқари, ватандош­лар ва америкалик ҳамкорлар иштирокида Наврўзи оламга бағишланган байрам тадбирлари ташкил этилди. Унда Гарвард университетининг етакчи олимлари ва институт раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Йиғилганлар эътиборига Ўзбекистоннинг сайёҳлик ва гас­трономик салоҳияти, ўзбек миллий урф-одатлари, бой маданиятнинг ўзига хослиги, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий тараққиётда кузатилаётган динамик ўзгаришларга бағишланган видеолавҳалар намойиш қилинди.

Байрам тадбирида сўзга  чиққан ватандошлар икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида маданий ва илмий алмашинув дастурларини амалга ошириш, шунингдек, хорижда мамлакатимиз имижини янада мустаҳкамлашга камарбаста бўлишларини таъкидладилар.

“Дунё” АА,

Бостон шаҳри.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × two =