Вилоят ҳокими “Рухсор” фаолияти билан танишди

Ҳозирги пайтда Фарғона вилоятида бир нечта хусусий теле ва радиоканаллар фаолият олиб бормоқда. Мамлакатимиз ва хориж янгиликлари, дунёдаги воқеликлар, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан кенг оммани таништириш воситаси, шунингдек, маданий-маърифий, ижтимоий-сиёсий мазмундаги ахборот манбаи сифатида уларнинг алоҳида ўрни бор.

Хусусан, “Рухсор” телерадиоканали бугунги кунда халқаро майдонда ҳам ўз мавқеи ва рейтингига эга бўлиб бормоқда. Телерадиоканал ижодий жамоаси янги-янги марраларни забт этиш мақсадида қизғин ижодий руҳда меҳнат қилмоқда. Телерадиоканал таркибидаги “Рухсор” ҳамда “Gold.uz” телеканаллари, шунингдек, “Ruxsor.FM” радиоканалларида ҳар куни 18 соат давомида турли лойиҳалар тақдим этиляпти.

Куни кеча Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров “Рухсор” телерадиоканалига ташриф буюрди ва бу ерда ижодкорлар учун яратилган имкониятлар билан яқиндан танишди. Ҳокимлик вакилларига бир гуруҳ ОАВ ходимлари ҳам ҳамроҳлик қилишди.

Дастлаб вилоят раҳбари телемарказнинг тўлқин тарқатиш хонасида бўлиб, бу ердаги янги технологияларни кўздан кечирди. Айтиш керак, икки телеканал ва “Ruxsor.FM” радиоси эфири мана шу манзилнинг ўзидан узатилади. Замонавий, сўнгги русумдаги тўлқин тарқатиш технологиялари эса эфир сифатини таъминлайди, тўғридан-тўғри намойишлар учун қулай замин яратади.

— Етти ёшдан етмиш ёшгача томошабинни қамраб олган телеканалнинг кечаги кунига назар ташлайдиган бўлсак, жамоа кичик студияларда фаолият кўрсатарди. Компьютер графикаси ёрдамида виртуал декорацияларни яратган ижодкорларни бу қониқтирмасди, албатта. Ростини айтганда, замонавий журналистикага бу мос эмасди, — дея эслайди тележурналист Аҳрор Зиёдов. — Шу аснода телерадиоканал раҳбарияти янги ташаббусга қўл урди: бу ерда катта павильон қурилди ва ўзгарувчан студиялар яратилди. Натижада телеканаллар намойиш этадиган маҳсулотнинг сифати ва аудитория қамрови ошди. Томошабин кутадиган, айтса арзигулик лойиҳалар нафақат телеканал, балки “Mediabay.tv”, “iTV.uz” платформалари орқали ҳам эфирга узатилмоқда. Шунингдек, республика кабель телетармоқлари орқали ҳам мамлакат бўйлаб томошабинлар фарғоналик ижодкорларнинг телемаҳсулотларини томоша қилаяптилар. Вилоятимиз раҳбарининг бу ерга ташрифи барчамизнинг кўнглимизни кўтарди. Биз ҳам ўз навбатида янги ташаббуслар билан халқимизга хизмат қилишдан мамнунмиз.

Вилоят ҳокими радиоканал ижодкорлари, телерадиоканал бош директори Нуриддин Асқаров билан учрашди. Самимий суҳбат давомида ижодкорлар томонидан яратилаётган янги лойиҳалар, бошловчиларнинг янги ташаббусларини тинглади. Тез кунларда тақдим этиладиган лойиҳалар ва вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар хусусида тайёрланган тақдимот ҳавола этилди.

“Рухсор” ТВ ижодкорлари билан суҳбатда ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган вилоят раҳбари ижодий жамоа ишига муваффақиятлар тилади.

Шерзод ҚОРАБОЕВ,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − 13 =