Буюк Британияда Ўзбекистонлик талабалар уюшмаси фаолият кўрсатади

Мамлакатимизнинг Лондондаги элчихонаcида Ўзбекистонлик талабалар уюшмасининг расмий очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда Буюк Британиянинг Оксфорд, Кембриж, Эдинбург, Лондон Иқтисодиёт мактаби, Лондон Империал коллежи каби етакчи университетларида таҳсил олаётган ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси грантлари асосида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар иштирок этди.

Ўзбекистоннинг Буюк Брита­ниядаги элчиси Равшан Усмонов  анжуманнинг  очилиш  маросимидаги  нутқида иштирокчиларни Янги Ўзбекистоннинг асосий қатлами ҳисобланган ёшлар учун давлатимиз томонидан яратилган имкониятлар ва истиқболдаги режалар хусусида сўз юритди.

Тадбир давомида Ўзбекистонлик талабалар уюшмаси етакчилари ташкилот олдида  турган вазифалар ва  истиқболдаги  режаларга  бағишланган  тақдимот ўтказдилар. Тақдимот  давомида Давлатимиз раҳбари бошчилигида юртимизда олиб борилаётган ёшларга доир давлат сиёсатини  изчил  давом эттириш ва  тарғиб  этиш уюшма олдидаги асосий вазифа саналиши таъкидланди.  Уюшма келгусида Ўзбекистоннинг бой маданий-маърифий тарихини Буюк Британияда турли тадбирлар, йиғилишлар ва давра суҳбатлари орқали оммалаштиришни ҳам мақсад қилган.

Ўзбекистонлик талабалар уюшмасининг  тантанали очилиш  маросимидан  сўнг Буюк Британия  олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ватандош талабалар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйи­­ни бўлиб ўтди. Турнирда 6 та жамоа беш раундда ўз  билимларини синовдан ўтказди.  Билимлар  беллашуви якунида унинг ғолиблари дип­ломатик  миссия номидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси кўмагида бир гуруҳ ватандош талабалар томонидан амалга оширилаётган ушбу ташаббус Буюк Британиядаги университетларда таҳсил олаётган мамлакатимиз ёшларини бирлаштириш, уларнинг билим олишлари учун қулай ва фаолиятнинг турли соҳаларида фаол иштирок этишлари учун универсал платформа яратишга қаратилган.

“Дунё” АА,

Лондон шаҳри.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − nine =