Нью-Йоркда “Ziyo art” — ўзбек тили марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди

Нью-Йорк шаҳридаги “Mahalla USA” ватандошлар жамоат уюшмаси томонидан Ўзбекистон Бош консулхонаси билан биргаликда жамият ҳузуридаги  “Ziyo Art” ўзбек тили маркази янги биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Давлатимиз  раҳбари ташаббуси билан 2024 йил Ўзбекистонда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилингани мамлакатимизда, қолаверса, хориждаги ватандош ёшларга бўлган эътиборнинг яна бир ифодаси бўлди. “Ziyo Art” ўқув маркази “Mahalla USA” ватандош жамоат уюшмаси ҳузурида 2020 йил  сентябрь ойида  ташкил этилган.   Марказ фаолияти АҚШдаги ватандошларнинг фарзандларига ўзбек тили ва адабиётини ўргатиш, уларнинг тарбиясида миллий қадриятларнинг роли ва аҳамиятини оширишга  қаратилган.

Ўқув марказида 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар учун ўзбек тили ва адабиёти,  одобнома, компьютер саводхонлиги  дарслари,  тасвирий санъат, математика фанларидан дарслар, шунингдек, шахмат, самбо ва кураш  каби спорт турларида тўгараклар йўлга қўйилган.

Машғулотлар шанба ва якшанба кунлари танлов асосида танланган малакали ўқитувчилар томонидан, Ўзбекис­тондан  олиб келинган ўқув адабиётларидан фойдаланган ҳолда олиб борилади.

Ўқув марказининг янги биноси машғулотлар учун мўлжалланган 10та хонадан иборат бўлиб, умумий майдони 500 квадрат метрни ташкил қилади. Ҳозирги кунда марказда ойига 120-150 нафар болалар таҳсил олмоқда.

Марказ янги биносининг очилиш маросимида сўзга чиққан “Mahalla USA” уюшмаси  раҳбари Абдумалик Аҳмедов  тадбир 9 февраль — буюк шоир, мутафаккир шоир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий бобомиз таваллуд топган кунда очилаётганига эътибор қаратди.

“Марказнинг асосий мақсади ўсиб келаётган ёш авлодга, фарзандларимизга она юртга муҳаббат, ҳурмат ва садоқат туйғуларини шакллантириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш,  қадриятларимизни,  миллий ўзлигимизни сақлаб қолиш, уларга сифатли таълим-тарбия бериш ва кенг имкониятлар яратишдан иборат”, — деди у.

“Mahalla USA” етакчиси, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати томонидан хорижда истиқомат қилаётган ватандошларга кўрсатилаётган эътиборни юқори баҳолади.

Ушбу маърифат масканининг очилиш маросимида Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари, конгрессменлар, Нью-Йорк шаҳри сенаторлари, маҳаллий ҳокимият вакиллари, фаол ватандошлар ва  маҳаллий ОАВ  вакиллари қатнашди.

“Дунё” АА,

Нью-Йорк шаҳри

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve + ten =