АҚШда Риштон кулолчилик мактаби ташкил этилади

Вашингтон шаҳрида “Риштон кулолчилиги: Марказий Осиё кулолчилик санъатининг гавҳари” номли  кўргазма бўлиб ўтмоқда

Кўргазма доирасида Вашингтон шаҳридаги “DC Clay Center” кулолчилик марказида риштонлик кулоллар сулоласи авлодлари иштирокида керамика бўйича маҳорат дарси ва семинар ўтказилди.

Тадбирда АҚШ кулолчилик санъати ихлосмандлари, етакчи санъатшунос олимлар ва Америка кулоллари иштирок этишди. Шунингдек, USAID раҳбари ўринбосари Анжали Каур тингловчи-шогирд сифатида қатнашди.

Маҳорат дарслари Риштон кулолчилик иши ва унинг тарихи бў­йича медиа-тақдимот, чархда Риштон идишлари шаклини яратиш техникаси сирлари ва идишларни бўяш ҳамда нақшлар билан безаш техникаси, шунингдек, гиёҳлардан пигментация бўёқларини яратиш усуллари мавзуларида бўлиб ўтди.

Тадбир якунида АҚШнинг “ASU Trading LLC” савдо компанияси ва Риштон туманидаги “Exclusive Ceramic of Rishtan” масъулияти чекланган жамияти ўртасида АҚШ штатларида сопол маҳсулотларни сотиш бўйича умумий қиймати 3 миллион долларлик дистрибюторлик шартномаси тузилди.

Шунингдек, Риштон тумани ҳокимлиги, USAID ва “DC Clay Center” студияси билан биргаликда АҚШда “Риштон кулолчилиги мактаби”ни ташкил этиш, “DC Clay Center” ва “Alexandria Clay Co-op” студиялари билан биргаликда етти кунлик “кулолчилик туризми” пакетини ишлаб чиқиш, Риштон тумани ҳокимлиги, USAID ва “Риштон кулолчилик маркази” билан биргаликда “керамика-терапияси” ижтимоий дастурини жорий этиш тўғрисида келишувларга  эришилди.

Американинг Виржиния штатидаги “Alexandria Clay Co-op” кулолчилик студиясида ҳам Риштон кулоллари иштирокида семинарлар бўлиб ўтиши режалаштирилган.

“Дунё” АА,

Вашингтон ш.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + 19 =