Туҳфанинг катта-кичиги йўқ

Рамазон кунлари рўзадорларга туҳфа улашиш, уларнинг саҳарлик ва ифторлик дастурхонларига бирор тансиқ егулик қўйиш савоб. Туҳфанинг эса катта-кичиги йўқ. Энг муҳими, яхши ниятни дилга тугиб, тортиқ қилиш. Рўзадор кишига оғиз очиш учун бир қултум сув ёки бир-икки дона хурмо– кифоя.

Яқинда “Янги Сирдарё” ва “Новая Сырдарья” газеталари таҳририятига Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабининг бир гуруҳ ўқувчилари (улар мактаб қошидаги “Ёш журналистлар” тўгараги аъзолари) устозлари — “Халқ сўзи” газетасининг Сирдарё вилояти бўйича мухбири Аҳмадали Шерназаров етакчилигида ташриф буюриб, журналистлар билан мулоқотда бўлишган эди. Ўша ўқувчи қизларнинг одоби, ҳаёси, ширин муомаласи ёдимда қолди.

Муборак Рамазон кунлари ана шу ўқувчилардан 3 нафари таҳририят хоналарига кириб, у ерда ишлаб ўтирган ижодкорларга бежирим идишчаларда сув ва хурмо (сув солинган идишча ёнига 2 та хурмо бириктириб қўйилган эди) улашарканлар: “Устозлар, дуо қилинг, бизга сизларнинг йўлингизни берсин”, дея эҳтиром кўрсатишди. Ҳаммамиз дуо қилдик, омад тиладик.

Тўғриси, қизларнинг шу ширин сўзлари, мўъжазгина туҳфалари бизга ўша куни энг яхши, қувончли лаҳзаларни ҳадя этди. Рамазоннинг эзгу фазилати, ҳикмати ҳатто ана шу кичик эътиборда ҳам мужассам эди.

СУМАЛАК УЛАШГАН ШИФОКОР

Шифокор Олтиной Эсоновани вилоятимизда кўпчилик танийди. Болалар шифокори бўлган бу аёл аслида водийлик, Фарғонадан Сирдарёга келин бўлиб тушган. Салкам 45 йилдан бери тиббиёт соҳасида самарали фаолият юритиб келмоқда. Ўз соҳаси бўйича турли раҳбарлик лавозимларида ишлади. Айни пайтда у ҳам болажонларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш борасида фидойилик кўрсатмоқда. Бугун унинг шифокорлиги эмас, қадриятларимизга муносабати, одамларга меҳр-оқибати ҳақида сўзламоқчимиз.

Юртимизда мустақиллик эълон қилинган йили Олтиной Эсонова хонадонида яхши ният билан сумалак пишириб, яқинлари, қўни-қўшнилари, ҳамкасбларига тарқатган эди. Бунинг яна бир сабаби бор, турмуш ўртоғи шифокор Абдусаттор Эсоновнинг таваллуд куни ҳам айнан Наврўз арафасида нишонланади. Ҳамма оилаларда туғилган кунларда дастурхонга турли ширинликлар, жумладан, торт қўйилса ва ош сузилса, бу шифокорлар хонадонида миллий таомлардан ташқари, дастурхон кўрки — Наврўзнинг энг тансиқ таоми — сумалак пиширилади ва албатта, бу тотли егуликка қўл чўзишдан аввал ниятлар айтилиб, дуолар ўқилади. Оила аъзолари йил давомида ана шу ниятлар ушалишига ишонадилар.

Ўтган йили шифокор дугонамиз Умра зиёратига боришни ният қилган эди. Янги йил арафасида нияти ижобат бўлди. Ҳозир хонадонда вояга етиб, ҳаётда ўз йўлларини топган 3 фарзанд, улғаяётган набиралар ҳам бу оилавий удумни жуда қадрлашади. 33 йилдирки, анъана давом этмоқда.

Куни кеча Эсоновлар хонадонида сумалак тайёрланди. Қозон бошида одатдагидай эзгу тилаклар айтилди. Оила бекасининг айтишича, қозон очилганида чиройли суратлар акс этган экан. Шифокор олдиндан тайёрлаб қўйилган идишларни барча яқинлар, ҳамкасблар ва дўстларга атаб сумалак билан тўлдирди ва уларни ўзи бирма-бир тарқатиб чиқди. Энг муҳими, Нав­рўз қувончи, оила шодлиги барча билан бирга баҳам кўрилди.

Ҳа, ниятда ҳикмат кўп. Кўҳна Наврўзимиз мана шундай тилаклар ва дуолар билан қадр топиб, бардавом бўлаверади.

Холида ПАРДАБОЕВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − six =