Наврўз мухаммаси

Толим-толим сочларини тонгда туриб ёйган қиз,

Ширин-ширин сирларини тол баргига ёзган қиз,

Сайилларда кўриб ҳушдин мажнунлари озган қиз,

Балоғатинг ғавғолари бу дунёни бузган қиз,

Қуралайдек кўзларингга бу жонлар хумор ўлсин!

 

Баҳор келиб, севинчидан дил чашмаси тўлган қиз,

Абри найсон ёғиб сабза, ғунча лабин олган қиз,

Гули Наврўз тутиб бугун неча қўллар толган қиз,

Бу оламнинг камолидан Қуёш ҳусни сўлган қиз,

Зулайҳодек жамолингга хаста жисмим тумор ўлсин!

 

Ялпиз атри эмасдир бу, мушк анбари елган қиз,

Етибдурки севги фасли, васли гулга чўлғон қиз,

Шоирлари ғазал битса, созларин соз чалган қиз,

“Тановар”га хиром этиб, мисли гулдек тўлғон қиз,

Нозик белинг чирмашганда, алиф қаддимки дол ўлсин!

 

Сумалагим, суймалигим, тортиқ элга, Сурхон қиз,

Ўшу Тошканд, Самарқанду Фарғонаю Сиржон қиз,

Қошларингга сурма қўйсанг, кўзларингда нурхон қиз,

Байтларида дарду қувонч, Ўзбекистон шеърхон қиз,

Ҳар кўнгилда абад дўстлар Ватан меҳри бедор ўлсин!

 

Ул боғларим, гул боғларим, агар сенсиз бешон қиз,

Куйла энди, яғир кўксим рақибларга нишон қиз,

Куйларингдан поклангувси куюк виждон, иймон қиз,

Бул ғанимат дамлар эрур, бахту иқбол имкон қиз,

Бу айёмда, Сафар, ишққа адолатли бемор ўлсин!

 

Сафар ОМОН

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − eleven =