Наврўз —табиатнинг энг соф байрами

Наврўз  – баҳор ва табиат уйғонишининг тимсоли. Шарқона янги йил айнан шу санадан бошлангани бежиз эмас.

Наврўз бизни атроф мамлакатлар халқлари билан тарихий бирлигимизни ҳам намоён этади. У икки маънога кўра халқаро байрамлар сирасига киради.  Биринчидан, у тўрт минг йилдан буён Марказий Осиё, Эрон, Афғонистон, Кавказорти ва шу улкан ҳудудлардаги бошқа халқларнинг баҳорни қарши олиш байрами сифатида нишонлаб келинган. Иккинчидан, 2009 йили Наврўз ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатидан жой олган эди. 2010 йили эса БМТ Бош Ассамблеясининг 64-сессиясида “Наврўз халқаро куни” деган резолюция қабул қилинди.

2013 йили Ўзбекистон Республикасининг БМТ ҳузуридаги доимий ваколатхонаси ташаббуси билан БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида Наврўз байрами тантанали равишда нишонланди.  Бу расмий маросимда БМТ Бош котиби Пан Ги Мун, Бош Ассамблеянинг жорий 67-сессияси Раиси вазифасини бажарувчиси З.Танин, ЮНЕСКОнинг Нью-Йорк­даги вакили Ф.Криделка ҳамда БМТга аъзо давлатлар делегацияларининг раҳбарлари иштирок этди. Шу тариқа Наврўзимиз жаҳоний миқёс касб эта бошлади. Унинг нуфузли халқаро ташкилотларда нишонланиши шундай дейишимизга тўла асос беради.

Миллий меросимизда халқимиз Наврўзга йилнинг энг яхши куни сифатида қараш шаклланганига гувоҳ бўламиз. Алишер Навоий бир ғазалида:

Ҳар тунунг Қадр ўлубон,

                 ҳар кунунг ўлсин Наврўз! –

 

дейди. Бунда тунларнинг энг аълоси Лайлат ул-қадр, кунларнинг энг мўътабари Наврўз экани қайд этилган. Рамазон ойининг 26-кунидан 27-кунига ўтар кеча Лайлат ул-қадр кечаси бўлади.

Ўша кеча Аллоҳ таоло Қуръони каримни яратган, деб қаралади. Кейин у 23 йил мобайнида Муҳаммад пайғамбар(с. а. в.)га нозил қилиб турилган.

2024 йилнинг бир шарофати шундан иборатки, Наврўз муқаддас Рамазон ойида нишонланмоқда. Кўп ўтмай эса Лайлат ул-қадр кечасини кутиб оламиз. Бу йилнинг энг муқаддас кунига ҳам, энг муқаддас тунига ҳам бир-бирига яқин кунлар орасида  гувоҳ бўламиз. Яратганнинг инояти-да бу ҳам!

Шундай фараҳли кунларда мудҳиш тарихимизни унутишга ҳеч ҳаққимиз йўқ.

Мустабидлик тузуми камситган қадриятларимизнинг дастлаб қайта тикланганларидан бири  ҳам – айнан Наврўз.

1990 йилнинг баҳорида юртимизда Наврўз “қатағон”дан қутултирилиб, Ўзбекистонимизда кенг ва ошкор байрам қилинди. Ҳолбуки, ундан уч-тўрт йил аввал бу байрамга қарши кураш борган, ҳатто айрим зиёлиларимиз матбуотда чиқиш қилиб, унинг ўрнига март ойининг охирида “Навбаҳор” деган янги байрам жорий этиш таклифини ҳам билдирган эди. Бундан ҳар қанча кўз юммайлик, тарих тарихлигича қолади, ўша пайтдаги  матбуот нашрлари архивларимизда турибди.

Жорий этилиши ва моҳиятига кўра, Наврўзнинг сиёсатга, мафкурага, динга бевосита алоқаси йўқ эди. У – соф табиат байрами. Шу билан бирга, у – шарқона, минтақавий, ўта миллий байрам. Айнан ана шу  – миллий бўлгани учун ҳам эски тузум ва унинг ҳукмрон мафкураси уни чеклади. Чунки у сиёсат мус­тамлака миллатларнинг эркин равнақ топишини сира-сира истамас эди. Наврўзга ҳужум моҳиятан миллатга ҳужум эди. Шундай даврлар ҳам бўлдики, динга қарши кураш байроғи остида билиб-билмай Наврўзда халқ пиширган сумалагу ҳалим қозонларини тўнтариб ташлаган раҳбарлар ҳам топилди.

Бироқ халқ – халқ-да. У собиқ тузум даврида ҳам Наврўзни байрам қилаверди. Фақат энди бу давлат миқёсида қўллаб-қувватланмади, ҳар ким уни ўз-ўзича, тазйиқ бўлган маҳалларда, ҳатто, яширинча нишонлади.

Бугун шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, кўп минг йиллик ўтмиши давомида у юртимизда ҳеч қачон ҳозирги даражада кенг миқёсда умумхалқ байрами сифатида нишонланган эмас.

Мустақиллик йилларида Эрон киночилари “Ўзбекистонда Наврўз” деган ҳужжатли фильм суратга олишди. Ундан кўп зиёлиларимизнинг чиқишлари ҳам ўрин олган. Бу кино қадимий маданий ришталар бизни чамбарчас боғлаб турган Эрон халқининг ҳайратига сабаб бўлди. Чунки шўро йилларида биз бир-биримиздан узилиб яшадик-да. Шу асар кўрик-танловда олтин медаль билан тақдирланди.

Наврўзнинг байрам қилиниши инсонни  борлиқ олам билан уйғун бўлиб яшашга ундайди. Ҳар ким ўз юртининг табиатига меҳр қўяди. Она замин табиатига меҳр эса Ватанга муҳаббатни янада мустаҳкамлайди. Набототнинг уйғониши, янги йилнинг киришини бунчалар тантана билан нишонлаш, албатта, киши кайфиятини кўтариб юборади.

Кўтаринки кайфият одамнинг яшашга иштиёқини, завқини оширади, ҳаётга муносабатини фаоллаштиради, ундаги яратувчилик ишқини жўш урдиради.

Наврўзни, ана шундай қудратга эга байрам, деб биламиз.

Бу тўрт нуқта орасида Наврўзнинг эътибори баланд эканига яна бир сабаб шуки, йил ҳисоби ҳам айнан Наврўздан бошланган. 21 март – янги йилнинг биринчи куни ҳисобланган. Халқ Наврўзнинг қандай келиши амалда йилнинг қандай келишини белгилаб беради, деб ишонган. Буюк Навоий элимизнинг бу эътиқодини “Садди Искандарий” дос­тонидаги:

Улус чеҳрайи оламафрўзидин,

Билур йил келишини Наврўзидин, –

сатрларида янада ёрқин ифодалаган.

Айтмоқчи, бизда қадимда баҳор фаслининг кириб келиши ҳам 1 мартдан эмас, 21 мартдан ҳисоб қилинган. Демак, Наврўз – фақат йилнинггина эмас, баҳорнинг ҳам бош­ланиши.

Аждодларимиз, жумладан, мумтоз шоирларимиз Наврўзда табиатнинг ўзгаришидан, оламнинг тамом тағйир топишидан, майсаларнинг кўкариб, дарахтларнинг гуллашидан, кун билан туннинг баробар келишидан сиз билан биздан кўра кўпроқ таъсирланган, ҳайратга тушган, шукроналар қилган. Улар табиатга биздан кўра яқинроқ бўлиб яшаган.

Меросимизда Наврўз билан боғлиқ биз билмаган қизиқ-қизиқ жиҳатлар ҳам кўп.

Аждодларимиз одоб қоидаларига  ҳадди аълосида амал қилиб келган. Севишганлар, эл-улусдан уялганидан, ана шу Наврўз сайилларида – ҳамма байрам қилиб, сайрга чиққанидан фойдаланибгина бир-бирлари билан дийдор кўришган. Навоий бир ғазалида у ёрга мурожаат қилар экан: “Кўчангга ҳар кун бориб, ҳар кун сени кўрай дейман, (шунинг учун) менга ҳар кун байраму ҳар лаҳза бир Наврўз керак”, – дейди:

Кўюнга ҳар кун бориб,

                       ҳар дам кўрай дерман сени,

Менга ҳар кун байраму ҳар лаҳза

                                                    Наврўзе керак.

Дарвоқе, шоир Лайли билан Мажнунни ҳам айнан ана шу Наврўз сайлида учраштиради. Чунки “Лайли ва Мажнун”нинг 12-боби Наврўз муносабати билан сайри боғ этганда Мажнун билан Лайлининг хуфиёна учрашуви, бунда Лайли ишқидан Мажнуннинг ҳушдан кетмаги, бу гапдан эл хабар топмасин, деб Лайлининг Мажнунни икки канизига қолдириб, қабила сари юрмаги ҳақида ҳикоя қилинади. Боб шундай бошланади:

Меҳр истади чун ҳамал фароғи,

Дашт узра бутар қўзи қулоғи.

Демак, Қуёш ҳамал буржида фароғат қилишни истаганда, яъни Наврўз дашт узра кириб келганда қўзи қулоғи униб чиққандек бўлар экан. Қўзи   қулоғи – барги қўзининг қулоғига ўхшаган ўсимлик.

Наврўз айёмидаги табиат тасвири чизилган парчалар ичида:

Тун-кунни қилур бинафш сизғон,

Кофур ила мушкдин соқизғон, –

деган мисралар бор. Шу биргина байт бадиий баркамоллигига қойил қолмай илож йўқ. “Бинафш”, яъни бинафша – осмон рангида очиладиган гул. “Сизғон” – чизган дегани. Хўш, “бинафша чизган” деганда шоир кимни кўзда тутган? Албатта, бу дунёни тузган Эгамни. Чунки “бинафш” бу ерда кенг оламни – кўкни англатиб келган истиора. Демак, ана шу кўм-кўк осмоннинг суратини чизган “рассом” тун билан кунни кофур билан мушкдан зағизғон, яъни зағча қилади. Зағчани биламиз: ҳамма ёғи оқу қора қуш. “Кофур” – камфара дегани. У Шарқ мумтоз адабиётида оқ рангнинг рамзи бўлиб келади. Мушк эса – кийикнинг киндигида тўпланадиган қоп-қора рангли хушбўй модда. Ўтмиш шеъриятимизда, жумладан,  у қора ранг­нинг рамзи ҳам бўлиб келган. Шоир фалакни бинафшага ўхшатишдан ташқари, Наврўздаги эътидол, яъни тун билан куннинг тенг келишини оқу қора ранглари аралаш зағизғонга қиёс этади.

Навоий шунчаки табиат гўзаллигига маҳ­лиёлигини баён айлашга берилиб кетмайди. Ўша тасвирлар замирида аниқ мақсад ётади, яъни бобда баён қилинажак воқеаларга ишоралар бор:

Ҳар қушқина жуфти бирла пуржўш,

Ҳампар бўлур учса, қўнса – ҳамдўш.

Яъни, ҳар бир қуш Наврўз келганидан кейин ўз жуфти билан жўш уради, учса – қанотларини бир-бириникига теккизиб учади, қўнса – тўшма-тўш, яъни кўкракларини кўкракларига теккизиб ўтиради. Нозикфаҳм шеърхон олдиндан ҳис қиладики, бу бобда Лайли билан Мажнун дийдор кўришса керак. Айтмоқчи, Нав­рўзда халқ ғаму ҳасратини кўнгилдан қувиб, саҳроларга, боғу бўстонларга сайрга чиқади.

Шу тасвирлардан ҳам англашилиб турибдики, ўтмиш замонларда ҳам Наврўзни халқимиз сайил қилиб ўтказган.

Истиқлол йилларида Наврўз  халқимиз ҳаё­тининг ажралмас қисмига айланди. Бу байрам тарихда мисли кўрилмаган миқёс ва моҳият касб этди.

Аввало, у миллий урф-одат, анъана ва қад­риятларимизни қайта тиклаш ва такомиллаштириш имконини беради. Байрам шарофати билан кишилар ўртасида меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат, дўстлик, биродарлик, ҳамкорлик, бирдамлик, саховат, мурувват, ҳашар ва бош­­қа фазилатлар янада кенгроқ тарғиб этилиб, уларга амал қилиш имконияти кучайди. Наврўзда маҳалла-кўй, боғ-роғ, ишхоналар, ҳаттоки мозорлар тозаланади, ободонлаштириш ишлари бажарилади.

Қолаверса, Наврўз амалда мамлакатимиздаги барча миллат ва элатларнинг бирдай байрамига, турли ирқ, дин, миллат вакилларининг бирдамлиги тантанасига айланди.

Бундан ташқари, Наврўзни умумхалқ байрами сифатида кенг миқёсда нишонлаш орқали биз – катталар фарзандларимизга азалий қадриятларимизни сингдиряпмиз. Байрам кунлари кам таъминланган оилалар аъзолари, муҳтож, кекса, ногирон кимсалар ҳолидан хабар олинади, уларга ҳиммат қўли чўзилади. Ўзаро гапи қочиб қолган кишилар ҳам Наврўз баҳона ярашиб олади.

Наврўздан мамлакатимиз далаларида иш қайнайди. Бободеҳқону боғбонларимиз яхши ниятлар билан уруғ сепади, ниҳол экади.  Муқаддас динимизда: “Ҳамма нарса ниятга боғлиқ”, – деган қатъий ақида мавжуд. Ниятларимиз ижобат бўлсин!

Дунё – нотинч, ғоявий-мафкуравий кураш, бир лаҳза бўлсин, тўхтамаётган бир маҳалда дилдан кечган яна бир фикрни ҳам айтмасак, бўлмас.

Ёт ғоялар, айтайлик, халқаро терроризм, диний экстремизм,  “оммавий маданият” каби ғаразли мақсадларга йўғрилган кўп-кўп бало-қазолардан ўзимизни, хусусан, ёшларимизни ишончли ҳимоя қилишда Ўзбекистонимизнинг Наврўз ва шу каби умумхалқ байрамларини якдиллик билан нишонлашимиздан ортиқроқ, қуд­ратлироқ қурол бормикан ўзи?!

Султонмурод ОЛИМ,

филология фанлари доктори,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 + six =