Энг ёруғ ниятлар амалга ошаверсин

Азиз юртдошлар, барчангизни кириб келаётган Янги 2024 йил билан муборакбод этган ҳолда, элимиз суйган санъаткорлар ва таниқли инсонларнинг дил сўзларини эътиборингизга тақдим этмоқдамиз.
Турғун АЗИЗОВ,
Ўзбекистон халқ артисти, таниқли театр ва кино актёри, режиссёр ва педагог, профессор:
– Янги йил – янги умидлар остонаси. Мана, азизлар, қадрдонлар, бугун биз вақтнинг азим дарёдек шиддат билан ўтишига яна бир бор гувоҳ бўлиб, янги йилга, ҳаётимизнинг янги бир довонига қадам қўймоқдамиз. Айни шу лаҳзаларда ўтаётган йилни кузатар эканмиз, йил давомида бошимиздан кечирган, ён-атрофимизда бўлиб ўтган ташвишли ва қувончли воқеаларни, амалга оширган ишларимизни беихтиёр кўз ўнгимиздан ўтказамиз, шу кунларга етказгани учун Яратганимизга шукроналар билдирамиз.
Давлатимиз томонидан санъат аҳлига катта эътибор бериляпти. Театрлар учун энг яхши замонавий бинолар ажратилаётгани, янгилари қурилаётгани, кўплаб театрлар таъмирдан сўнг чирой очаётгани бунинг далилидир. Мамлакатимиз ҳаётида юз бераётган беқиёс ўзгаришларни, хонадонларимиз, маҳалла, шаҳар ва қишлоқларимиз, бутун юртимизнинг қиёфаси тобора обод ва гўзал бўлиб бораётганини ҳисобга олиб, охирига етаётган йилимизга якун ясаб, холисона айтадиган бўлсак, 2023 йил биз учун ҳар томонлама хосиятли ва файзли бўлди, деб айтишга барча асосларимиз бор.
Рихси ИБРОҲИМОВА,
Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбек миллий академик драма театри устоз санъаткори, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳибаси:
– Янги йил мен учун қўшалоқ байрам бўлиб келади. Нега дейсизми, 29 декабрь таваллуд топган куним. Бу қувончли лаҳзаларнинг сурури поёнига етмай Янги йил эшик қоқади. Чиндан ҳам файзли онлар, нима дедингиз? Мана, шонли умримиздан яна бир йили билан хайрлашмоқдамиз. Нима дердик, энг яхши тилакларимни билдираман. Ким нимани ният қилган бўлса, шу бошланаётган йилда, илойим, амалга ошсин. Айниқса, театр, кино соҳасида меҳнат қилаётганларнинг меҳнатини яхши қадрлашимиз керак, назаримда. Улар халққа маънавият, маърифат улашиш йўлида тиним билмайди. Мана, яқинда Президентимиз бир гуруҳ маданият ва санъат соҳаси вакиллари, маънавият, маърифат, маданият, санъат ва ижод соҳаларидаги фаоллар билан учрашдилар. Албатта, бу тарихий учрашув бўлди. Ҳанузгача ушбу учрашувда айтилган гапларни ўйлаб юрибман. Бу учрашувда ўртага ташланган ғоялар, фикрлар анча йиллар бизга илҳом, куч беришига шубҳа йўқ.
Миллий қадриятларимиз тикланганига шукроналар қиламан. Янги асрда янги Ўзбекистонда яшаяпмиз. Тинчликнинг қадрига етишимиз керак. Келажак сиз – ёшларники. Ватан шаънини янада баландларга кўтаришда Юртбошимизга камарбаста бўлиш лозим. Зеро, дунё илмларига ўз ҳиссасини қўшадиган, жаҳон тан оладиган ўғил-қизлар вояга етишини ҳамда “Булар қайси миллат фарзанди, қайси бахтли онанинг дилбанди экан?” деса, ўзбек аёллари, оналари ғурурдан кўкси тоғ бўлиб “Булар — менинг фарзандим”, дея шодлиги оламга сиғмайдиган замондошларимиз кўп бўлишини истайман.
Барчамизга Янги йил қутлуғ бўлсин!
Дилмурод ЭРГАШЕВ,
“Доктор Д” хусусий шифохонасининг асосчиси, халқаро тиббиёт академиялари ҳамда Европа урологлари ва андрологлари ассоциацияси аъзоси:
— Мана, 2023 йилнинг ҳам охирги кунлари ҳам ўтиб бормокда… Сўнгги йилларда мамлакатимизда тиббиёт соҳасида улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бизнинг йўналиш, репродуктив саломатлик соҳасида. Чунки, унинг замирида жамиятимиз тараққиёти ҳамда Ватанимизнинг порлоқ келажаги ётади. Шундай экан, бундай масъулиятли ишга барчамиз фидойиларча ёндашиб, ҳамкорликда фаолият олиб боришимиз муҳим десак, хато қилмаган бўламан.
Бу йилда ушалмаган энг эзгу орзу-ниятларимизга келаётган йилда эришиб юрайлик! Ҳар доим мартабангиз бундан-да улуғ бўлсин, олингу олдирманг, иззатда, ҳурматда, обрўда бўлинг! Ҳамиша оилангизда меҳр-оқибат, бахт саодат ҳукм сурсин! Фарзандларингиз ҳар доим сизга фақат раҳмат, ҳурмат, обрў-эътибор олиб келадиган бўлишсин! Кимнингки, ота-оналари ҳаёт бўлса, умрларига Аллоҳ умр, соғлиқларига соғлиқ қўшсин! Бундан юқори чўққиларни забт этиб, олға қадам ташлаб юринг! Аллоҳим бераридан қолдирмасин. Она халқимизнинг дастурхонлари тўкин-сочин, хонадонларидан файзу барака аримасин дейман. Келаётган янги йил оилаларимизга бахт, омад, тинчлик, хотиржамлик олиб келсин!
Отабек МАҲКАМОВ,
таниқли актёр, ҳуқуқшунос, радиобошловчи, блогер, шоумен:
— Барча ватандошларимизни кириб келаётган янги 2024 йил билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Хонадонингиздан қут-барака, тинчлик ва тотувлик ҳеч қачон аримасин. Қалбингизда неки орзу ва тилаклар, эзгу ниятлар бўлса, Тангрим барчасини ижобат қилсин. Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларда ўз ҳиссангизни қўшишда бардавом бўлинг. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, Юртбошимиз омон бўлсинлар. Яна бир бор айём муборак! Энг эзгу тилаклар — азизларим учун!
Янги йилда ҳам азиз ватандошларимга “Мистер Отабек” телеканалида ҳамда “Hurriyat” газетаси саҳифаларида кўришганда кўришгунча дейман!
Ислом ЭГАМБЕРДИ ўғли ёзиб олди.