Ватан, тупроғингга райҳонлар сепдим…

Шарифа САЛИМОВА

 

Ватан, тупроғингга райҳонлар сепдим…

 

Ватан, тупроғингга райҳонлар сепдим,

Ҳавони тўлдирсин, дея ифорлар.

Қуёш сувратини каштага чекдим,

Оймомо нурида чертганча торлар.

 

“Лазги” оҳангига қуш каби учдим,

Жонимни титратди илоҳий оҳанг.

Қайси пучмоғингга кўз солгач, билдим,

Сенда экан сеҳр ва камалакранг.

 

Кумуш шаршаралар куйлаганида

Қонимда порлади ажиб бир исён.

Ялпизлар исида ишқ бўйин тотдим.

Эй, азизим онам, жон Ўзбекистон!

 

Тоғларинг виқори кўксимга тумор,

Қай сўз-ла таърифлай булоқларингни.

Ўтган умримга гар мен назар солсам,

Тилин тополмабман ирмоқларингни.

 

Улуғ қояларнинг жасур боласи —

Бургутларингга мен қиламан ҳавас.

Қудратли қанотлар шовуллаганда

Мудроқ кўнгилларга чақмоқ инса бас.

 

Тупроғинг зарраси ўзи бир тилсим,

Ҳар битта япроғинг ўзи бир достон.

Менинг райҳонларим — ҳуркак шеърларим

Йўлингга пояндоз, жон Ўзбекистон!

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 + 1 =