Табаррук ёшдаги отахон

Суратдаги отахон Фарғона вилояти, Бешариқ тумани “Қашқар” МФЙда истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 101 ёшни қарши олган Мамаюсуб Пайғамов.

— Бугунгидек дориламон кунларнинг қадрига етиш, тинчликни асраб-авайлаш керак. Қаранг, халқимиз учун ҳамма шароит бор, бирор манзилга бораман десанг, пиёда юрмайсан. Дастурхонимиз тўкин, тақчиллик йўқ. Фақат юракдан чиқариб меҳнат қилиш керак, холос. Президентимиз шарт-шароит яратиб беряпти, раҳмат, — деди табаррук ёшдаги отахон.

Мамаюсуб ота 1941 йили армия сафига чақирилган, дастлаб Грузияда жанговар тайёргарликдан ўтиб, суронли йилларда Польша ва Москва остоналарида кечган оғир жангларда қатнашган. 1948 йилда Ватанга қайтиб келган ва 35 йил нов­войчилик қилган. Қишлоқдаги тўй-ҳашамларда эл хизматида бўлди. Турмуш ўртоғи билан саккиз нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказди.

Уруш қатнашчисини йўқлаб, хонадонга мактаб ўқувчилари ҳам кириб келишди. Ватан, тинчлик ҳақидаги шеърларни айтиб, отахонни хурсанд қилишди.

Отахон: “Илоҳим, юртимиз тинч бўлсин. Халқимиз ҳеч қачон ёмонлик кўрмасин. Раҳбарларимиз, ишбошиларимизнинг боши омон бўлсин. Байрамлар тўйларга уланаверсин”, дея дуо қилди.

Шерзод ҚОРАБОЕВ,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + six =