Ўзбекистон Хитой халқаро инвестиция ярмаркасида иштирок этди

Пекинда ўтказилган 14-Хитой халқаро инвестиция ярмаркасида Ўзбекистон фахрий давлат сифатида қатнашди.

Хитойнинг хориждаги корхоналарни ривожлантириш ассоциацияси (CODA) томонидан ташкил этилган тадбирда 2000 га яқин меҳмонлар, вазирлик ва идора раҳбарлари, Хитойнинг етакчи компаниялари, элчилар, вазирлар, хорижий ҳукумат маслаҳатчилари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбир иштирокчиларига Ўзбекис­тонда турли соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хорижий капитални жалб этиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун қулай шароитлар яратилгани  ҳамда турли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва уларни реализация қилиш учун махсус ва эркин иқтисодий зоналар мавжудлиги билдирилди.

Сирдарё ва Самарқанд вилоятларига бағишланган тақдимотларда тадбир иштирокчилари мамлакатимизнинг ушбу ҳудудларининг сармоявий, иқтисодий ва туризм имкониятлари билан атрофлича танишиш имконига эга бўлдилар.

Хитойнинг хориждаги корхоналарни ривожлантириш ассоциацияси президенти Хэ Чжэньвэй ўз нутқида Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг юқори динамикасини алоҳида урғулади. Унинг айтишича, сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўзаро ҳамкорликнинг деярли барча соҳаларида юқори натижаларга эришди.  Шунингдек, у жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтган III Тошкент халқаро инвес­тиция форумидаги иштироки ҳақидаги фикр­лари ва таассуротлари билан ўртоқлашди. Хусусан, Ўзбекис­тон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилаётган мазкур форум икки ва кўп томонлама инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, энг долзарб муаммоларни муҳокама қилиш, уларни ҳал этиш бўйича илғор ғоя ва ёндашувларни ишлаб чиқишда самарали  майдонга айланиб бораётганини таъкидлади.

Тадбир  давомида Ўзбекистон ва Хитой ишбилармон вакиллари ўртасида B2B учрашувлари бўлиб ўтди. Натижада, турли соҳалар доирасида ўзаро манфаатли битимлар имзоланди.

Ўзбекистон павильони ташкил этилиб, унда тўқимачилик, заргарлик, ҳунармандчилик ва қандолатчилик маҳсулотлари намойиш этилди. Ташриф буюрувчилар эътиборига мамлакатимизга бағишланган видеороликлар, фотосуратлар ва махсус журналлар тақдим этилди.

Тадбир доирасида меҳмонлар учун мамлакатимиз санъаткор усталари иштирокида маданий кеча ташкил этилди. Сирдарё вилояти Филармонияси ижодий жамоаси  томонидан  ижро этилган ўзбек миллий рақслари, куй-қўшиқлар барчага хуш кайфият  бағишлади.

Хэ Чжэньвэй, Хитойнинг хориждаги корхоналарни ривож­лантириш ассоциацияси президенти:

– Бугун Пекинда инвестициявий ҳамкорликка бағишланган йирик тадбир бўлиб ўтди. Унда 96 мамлакатдан меҳмонлар ва 1,5 минг компания вакиллари иштирок этди. Форум халқаро савдони ривожлантириш учун қулай шароит ҳисобланади. Иштирокчилар ҳамкорлик учун муҳим лойиҳалар ҳақида керакли маълумотларни олиш­лари, бундан ташқари, бизнес ҳамкорлар топишлари мумкин.

Ўзбекистон бу йилги тадбирнинг фахрий меҳмони ҳисобланади. Сирдарё ва Самарқанд вилоятларидан келган делегацияларни қутлашдан мамнунмиз.

Бундай тадбирлар Хитой компанияларига мамлакатингиз, инвестициявий сиёсат, хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш учун яхши имконият яратади.

Цинь Цзюньман, “China Nonferrous Metal Industry’s Foreign Engineering and Construction” компанияси президенти:

– Шубҳасиз, Ўзбекистон делега­циясининг тақдимоти ва чиқишлари бугунги тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Хитойнинг кўп­лаб етакчи компаниялари Ўзбекис­тон билан ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди.

Корхонамиз рангли металлургия саноати ҳамда бу борада асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришда катта тажрибага эга. Ўзбекистон минерал ресурс­ларга бой давлатдир. Бугун биз Ўзбекистон билан ҳамкорликни йўлга қўймоқдамиз.

Гуань Пейин, Хитой мебель саноати сифатини ошириш институти директори:

– Пекиндаги Ўзбекистон маданият кечасида иштирок этиш менга катта мамнуният бағишлади. Бизни ўзбек миллий санъати, айниқса, мусиқа ва рақс санъати ҳайратга солди. Биз ўзбек халқининг дўстлиги, куч-ғайратини ҳис қилдик.

Бугун Ўзбекистон делегацияси томонидан ўтказилган тақдимотлар туфайли инвестиция соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тадбиркорлик соҳасидаги ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот олдик. Бу борада мамлакатларимиз компаниялари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривож­лантириш муҳим, деб ўйлайман.

Чжао Бин, хитойлик тадбиркор:

– Бугун 14-Хитой халқаро сармоя ярмаркасида иштирок этдим. Биз, бизнес вакиллари, Ўзбекистон ҳудудларида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ҳақида муҳим маълумотларга эга бўлдик.

Тадбир доирасида ташкил этилган Ўзбекистон павильонига ташриф буюрдим. Бу ерда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган юқори сифатли тўқимачилик, қандолатчилик, озиқ-овқат маҳсулотлари намойиш этилмоқда.

Компаниямиз Ўзбекистон билан ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирган. Ўзбек тадбиркорлари билан қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдормиз.

“Дунё” АА,

Пекин шаҳри.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × two =