НАЙСОН
Сариосиё туманидаги 45-сонли мактабда ўқиганман. Саккизинчи синфда ўқиб юрган пайтларимда мактабимизда турли тадбир ва мусобақаларга қатнашиш мен учун жуда қизиқ эди. Синфимизда алоҳида бир лидерлар гуруҳи бўлар, заковат ёки ёш китобхон каби танловлар ўтказилса, жамоавий қатнашиб, ҳар доим олий ўринларни олар эдик.
Директоримиз Фурқат Саидов адабиёт устози бўлганликлари учун ҳам ўқувчиларга алоҳида адабиёт тўгарагини очишга қарор қилдилар. Унга ном танлаб бериш мақсадида акалари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййидга қўнғироқ қилдилар. Устоз баҳор яқин бўлгани сабабли “Найсон”, яъни “баҳор” деб номладилар ва бизнинг ривожимиз учун дуо қилдилар.
Тўгарагимиз мактабимиздаги Сирожиддин Саййид томонидан ташкил этилган кутубхонада бўлар, гуруҳ аъзолари 18 та бўлса, шундан 8 таси мен ва менинг синфдошларимдан иборат эди. Ҳафтада бир марта, душанба куни дарсимиз тугагач, икки-уч соатлаб устознинг дарсига кириб янгидан-янги билимлар ва вазифалар оладиган бўлдик. Дарсларнинг бирида устозимиз Чингиз Айтматовнинг уруш даври ҳақида ҳикоя қилувчи “Эрта қайтган турналар” ва “Жамила” асарларини ўқувчиларни икки гуруҳга бўлиб уйга вазифа қилиб берди. Мен биринчи гуруҳда бўлганим учун “Эрта қайтган турналар” қиссасини ўқишим лозим эди. Ўша куни биринчи марта катта бир китобни 3 кунда ўқиб тугатдим. Қиссанинг ичидаги воқеаларга шунчалик шўнғиб кетганимдан уйдаги кўп ишларни бир чеккага суриб, тасаввуримда кино яратар эдим.
Мана, душанба куни ҳам келди. Ҳамма берилган вазифаларни муҳокама қила бошлади. Улар шунчаки ўқиган ҳикояни сўзлаб кетдилар, аммо ҳеч қайси бир ўқувчи қиссаларни охиригача ўқимаганди, шунинг учун ҳамма ўзларининг фикрларини тўлиқ баён қилиб бера олмади. Қиссани тўлиқ ўқиганим учун энг сўнгида чиқмоқчи бўлдим. Ва ниҳоят, менга навбат келди. Директоримиз бизнинг гуруҳга юзланди ва “Ким қиссани ўқиб келди? Суғдиёна, уйга вазифага тайёрмисан?” дея савол бердилар. “Ҳа, устоз, тайёрман”, дедим ва ўрнимдан туриб қисса ҳамда ундан олган таассуротларимни сўзлай бошладим.
— Китоб 1975 йилда нашрдан чиққан. Асарда эркаклар урушга кетгач, колхоз ишлари аёллар, мактаб ўқувчиларига қолгани ва улар буғдой етиштириш учун оғир меҳнатга жалб қилинганлиги, болалар эрта қайтган турналарни кўрганда бу йилги ҳосил мўл бўлишидан умид қилганлиги тўғрисида салкам 20 дақиқа гапирдим. Сўнг устозимдан “Қисса якунланмай қолганми?” – дея сўрадим.
Улар эса ёзувчилар ҳар доим ҳам асарни охиригача тугатмаслиги, ўқувчиларга ўзлари фикрлаши учун савол ташлаб қўйиши ва бундан ўзлари хулоса чиқариб олиши ҳақида фикр билдирдилар.
Уйга вазифа бериш вақти ҳам келиб қолди. Бу сафар устозимиз бизга Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф шеърларидан намуналар бериб, бизга ҳам бир-иккита ўз қаламимизга доир шеърлар ёзиб келишимизни айтдилар. Устоз дарсни тугатар экан, бизни янада китобхонликка қизиқтириш учун душанба куни ким берилган уйга вазифани чиройли ифодалаб берса, Сирожиддин Саййиднинг янги нашрдан чиққан шеърий китобини совға қилишларини айтдилар.
Бу биз учун катта соврин эди. Шу китобни олиш учун ҳам дўстларимиз билан анча рақобатлашардик. Соғлом рақобат эса, инсонни юксалтиради. Бу дарсимиз ўша йил ҳисобидаги сўнгги дарсимиз бўлди. Коронавирус сабабли карантин бошлангач, мактаб ҳам, тўгарак ҳам тўхтатилди. Мен эса уйда зерикиб қолмаслик учун кейинги ўқув йилининг ёш китобхон танловига тайёрлана бошладим. Бунинг учун бобомнинг кутубхоналаридаги китоблардан фойдаландим. Айнан “Найсон” тўгараги мендаги китобларга бўлган меҳримни кучайтирди ва журналистикага бўлган қизиқишимни оширган десам, асло хато бўлмас.
Суғдиёна АБДУҒАФФОРОВА,
ЎзЖОКУ талабаси.