Аёл автомашина ҳайдайди

Бу энди оддий ҳолат

Кўзимиз кўниккан манзара: эркаклар машина рулига ўтирса, умуман ажабланмаймиз. Агар уловни аёл бошқариб кетаётган бўлса-чи? Бир пайтлар бунга ҳайратланиб қаралар, лекин ҳозир… бу табиий ҳолга айланди, тўғрими? Бу — гендер тенг­ликнинг яна бир кўриниши, аслида. Кимдир бу ҳолатни маъқулласа, биров рад этади. Глобаллашган жамиятда тезлашиб кетган вақтдан ютиш, давр­­га мослашиш, замон билан қадам-бақадам юриш илғор фикрлайдиган хотин-қизларнинг шиори бўлиб қолмоқда.

Ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлга олиш — эришилган орзу, ҳаяжон! Аммо бунга қадар чекиладиган машаққат ва оворагарчилик қанча? Айниқса, уй-рўзғор, иш, ўқиш, фарзанд тарбияси билан банд бўлган хотин-қизларнинг ўз ташвишидан ортиб, автомактабга югуришини кўз олдингизга келтиринг.

Автомашина ҳайдаш касб эмас, қизиқиш ва хоҳишнинг ифодаси, қолаверса, имкониятни кенгайтириш, қулайлик учун интилиш. Ҳайдаш ҳуқуқига эга бўлиш учун, албатта, автомактабда ўқиш шарт. Мудофаага кўмак­лашувчи “Ватанпарвар” ташкилотига қарашли ва мус­тақил фаолият юритувчи автомактабларда ҳар йили турли соҳа вакиллари ҳайдовчилик гувоҳномасини олади.

— ”Ватанпарвар” ташкилоти тасарруфида 205 та ўқув муассасаси мавжуд бўлиб, унда 700 дан ортиқ опа-сингилларимиз фаолият юритади, – деди ушбу тузилма марказий кенгаши матбуот котиби Лазиз Бўронов. — Раҳбар, муовин, иш юритувчи, спорт мураббийси, ўқитувчи, инструктор лавозимларида ишлаб келаётган аёлларимиз эркаклар билан теппа-тенг ўз хизмат постида сергак, ҳушёр. Инструктор бўлиб ишлаш осон эмас. Автомашина ҳайдашнинг ҳадисини олган 68 нафар инструктор аёл тингловчиларга амалий машғулотни ўз вақтида ўтказиб келмоқда. Ҳайдовчилик курсларини ўтган йили 90 мингга яқин фуқаро битирган бўлса, шундан 11 991 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Хусусий автомактаб тингловчилари орасида ҳам улар сони кам эмас.

— Сўнгги ўн йилликда автомактабимиз тингловчиларининг 60-70 фоизи опа-сингилларимиз ҳисобланади, – деди мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Яшнобод тумани ўқув спорт-техника клуби раҳбари Одил Баротов. — 2023 йилда автомактабимизни битирган 288 тингловчининг ярмидан кўпроғи хотин-қизлар бўлди. Тўрт ой-у йигирма кунлик муддат ичида биз уларга 216 соатлик назарий ва 69 соатлик амалий машғулот ўтиб, автомашина рулини бошқаришнинг барча сир-синоатларини ўргатамиз. 8 ўқув предмети мазмун-мундарижасига йўл ҳаракати қоидалари, соҳага оид қонунчилик асослари, ҳайдовчи маданияти, автомашина тузилиши, унинг техник хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаси рўй берганда жабр­ланувчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш каби энг муҳим жиҳатлар сингдирилган. Ҳафтанинг белгиланган уч кунида олиб бориладиган назарий машғулотдан сўнг ҳар бир ўрганувчига 69 соатлик амалий сабоқ ташкил қилинади. Инструктор автомактабнинг ёпиқ майдончасида ўқув машқларини ўтказиб, автоулов бош­қариш бўйича ҳар бир ўрганувчига сабоқ беради. Эркаклар билан теппа-тенг, ҳаттоки улардан ўзиб ҳайдовчилик малакасини ўзлаштираётган опа-сингилларимиз кўп. Якуний босқичда уларнинг ҳар бири тест саволларини ечиб, зарурий баллни тўпласа, автомашинани бехато ҳайдаса, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиши мумкин.

Кўплаб турар-жой, маданий-маиший иншоотлар, кўп­риклар, йўллар бунёд этилаётгани, транспорт воситаларининг кўпайиши, хуллас, туман, шаҳар инфратузилмаларининг ўзгариши рулга ўтирадиган кишидан сергакликни, огоҳликни талаб қилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили йўл-транспорт ҳодисалари туфайли 1,3 миллион киши вафот этади. Бу эса ҳайдовчидан ўта сергакликни, огоҳликни талаб қилади. Пойтахтимиз марказий кўчалари, маҳаллалари ва камқатнов бўлган ички йўллари, барча вилоят, туманларда автомашинани равон ва хавфсиз бошқариб кетаётган хотин-қизларни кўрасиз.

— Автомактабда ўқишимга турмуш ўртоғим қатъий қарши чиққан, – дея эслайди Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи тадбиркор Феруза Холмуродова. — Серқатнов йўлдан кесиб ўтишда қўрққаним, йўл ҳаракати қоидаларини пухта билмаслигим туфайлимикан, анча вақтгача рози бўлмади. Ўрганиб қўяверай, зарари йўқ, бир куни фойдаси тегиб қолар, деб оёқ тираб туриб олдим. Хуллас, у киши кўнгачгина, 2018 йил июнь ойидан бошлаб уйимизга яқин ҳудуддаги автомактабга қабул қилиндим. Ўша кезларда ўқув курси уч ой белгиланган эди. Август ойи охирларида имтиҳон топшириб, сал вақтдан сўнг ҳайдовчилик гувоҳномасини олдим. Энди мени жуда катта қўрқув — автомашинани бошқариш амалиёти кутарди. Тўғри, автомактабда инструктор кўмаги билан рулга ўтирганман, ҳайдаганман. Аммо мус­тақил рулга ўтиришнинг ҳаяжони бошқача бўларкан. Инструктор қулоғимга қуйди: “Ўриндиққа яхшилаб жойлашиб олинг, хавфсизлик камарини тақинг ва диққатни жамланг”. Риоя қилдим, секин-аста, камқатнов йўлак­ларда, махсус майдончаларда машина рулига ўтириб, ҳайдашни ўргандим. Илк бор ўтирганимда, шунақа катта уловни бошқара олармиканман, деган таҳлика бутун вужудимни эгаллаб олган. Ёқимли мусиқа қўйиб, кенгфеъл дугоналаримни ёнимга ўтирғизиб, ўрганиб олдим. Мана, беш йилдирки, машинани қўрқмасдан, иккиланмай бошқараман. У мени тўғри тушунади, мен уни. Машинам билан барча ишларим қисқа вақтда битади. Бошида қаршилик қилган турмуш ўртоғим ҳозир: “Яхшиямки, ўқиб-ўрганган экансан, фарзандларимизнинг ўқишга қатновидан кўнглим тўқ”, дейди. Баъзан йўл ҳаракати қоидаларини бузиб қўйганим, тезликни оширганим учун жарима тўлаган кезларим ҳам бўлади. Бу ҳолат мен каби рулга ўтирган опа-сингилларимизни ҳушёрликка ва сабоқ чиқаришга ундайди.

— Мен 2007 йилдан бери автомашина рулидаман, – дейди Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи яна бир аёл Муниса Эргашева. — Рулга ўтиришим биланоқ хавфсизлик камарини тақиб оламан. Турли русумдаги машиналарни ҳайдаганман, айни вақтда “Monza” русумли Хитой автомашинаси билан уйдан ишга, ишдан уйимга қатнайман. Мунтазам равишда ҳайдагач, йўлнинг қаерида, қандай ҳолат, мўлжални қандай олиш керак, билиб қоласиз. Ишга барвақт кетаман, йўллар тирбандликдан холи, юришга халақит берувчи транспорт воситалари бўлмаса, эмин-эркин, хавфсиз, аммо йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилган ҳолда осойишта рул бошқариб кетаман. Кечки пайт ишдан кеч чиққаним боис, йўлда бемалол ҳаракатланиб, бирпасда уйимга етиб оламан.

Ҳа, ҳар биримизни ҳар куни йўллар чорлайди. Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, автомашина рулидаги инсонлар манзилига эсон-омон етиб олсин!

Ҳулкар ТЎЙМАНОВА,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 1 =