Журналистлар

Бу йўлларнинг сўқмоқлари оғир-оғир,
Тўғри сўзнинг тўқмоқлари оғир-оғир,
Зарбалардан елкаларим ҳамон оғрир,
Оғир юкка елка тутган журналистлар,
Оқ тонгларни бедор кутган журналистлар.
Гоҳи отлиқ, гоҳо яёв тоғлар ошиб,
Сўз айтмоқнинг ишқи билан ёниб, шошиб,
Сўқмоқларда гоҳ адашиб, гоҳ талашиб,
Игна билан қудуқ қазган журналистлар,
Не бўлса-да, ҳақни ёзган журналистлар.
Бу йўллардан ким келмаган, ким кетмаган,
Манзилига ким етган-у, ким етмаган,
Ҳақ сўз айтган зотларни эл унутмаган,
Она юртнинг кўзи бўлган журналистлар,
Олов янглиғ сўзи бўлган журналистлар.
Журналистнинг нони қаттиқ бўлар эмиш,
Нонидан ҳам жони қаттиқ бўлар эмиш,
Бир сўз ичра минг туғилиб, ўлар эмиш,
Эл ишига фидо бўлган журналистлар,
Ҳақ йўлида адо бўлган журналистлар.
Ашъор битдим байрамингиз бир баҳона,
Сизга умр тиламасман зўр, шоҳона,
Қучоғидан айирмасин Ватан-она,
Шу Ватанга кўкси қалқон журналистлар,
Ҳар бири бир Ўзбекистон, журналистлар!
Ҳар бир жумла — юрагингиз бир парчаси,
Маърифату маънавиятнинг дарчаси,
Пойандоздир сизга шеъримнинг барчаси,
Миллат шаъни, ифтихори журналистлар,
Ёр Муҳаммад дил иқрори журналистлар!
Ёр МУҲАММАД