Сени соғиндим…

Сени жуда-жуда соғиндим. Сени тез-тез тушларимда кўраман. Буюк шоир ёзганидек:

Тушимда кўрамен, шунчалар гўзал,

Биздан-да гўзалдир, ойдан-да гўзал…

Ҳуш-беҳуш уйғониб кетаман. Сен савлат тўкиб турган жавонга меҳр билан талпинаман. Аввало, Сени тўйиб-тўйиб ҳидлайман. Ёқимли, мазали ҳидларингдан айланай сени! Ҳидлаган сайин ҳидлагим келаверади. Аслида сенинг бебаҳо ҳидинг бошқа ҳидлардан ажралиб турар, жуда ёқимли эди. Сени бир ҳидлаган одам “яна бир ҳидласам”, деб хуморга ташна бўлиб юрарди. Мен ҳануз ҳидингни қўмсаб, телба бўлиб юрибман. Гўёки Машраби девонадай…

Эҳ, жавонда қават-қават бўлиб турган бўйларингдан айланайин! Қайдасан, азизим, узоқ йиллар порлаб, сўнган ёруғ юлдузим… Сен бу ёруғ оламни бевақт тарк этганингда, роса қирқ кун аза тутдим. Ҳануз эслаб-эслаб, эзилиб-эзилиб, юрагим ёниб-ёниб Яратгандан бир кун қайтиб келишингни сўраб, дуолар қиламан. Сени бир лаҳза ҳам унутганим йўқ, суюкли Устозим!..

Сен ҳатто собиқ шўро даврининг қайта қуриш ва ошкоралик йиллари деб аталган вақтларида тарих, адабиёт, санъат, маданият, маърифат осмонида чароғон қуёшдай фикр ва зиё оламида бебаҳо нурлар сочдинг. Миллатнинг бебаҳо ва тенги йўқ маърифат гули бўлиб очилдинг, ғафлатда ётган юракларни уйғотиб юбординг. Бу уйғониш, мустақиллик, ҳурлик орзуларининг теран илдиз отишига туртки берган эди…

Бугун Сени яна эсга олдим. Ахир куни кеча мустақил Ўзбекистон матбуоти ўзининг навбатдаги байрамини катта тантаналар билан нишонлади. Фақат Сен йўқсан, фақат Сен сафларда кўринмаётирсан. Бу йилги байрамимиз биринчи марта Сенсиз ўтаётгани жуда ачинарли. Не қилай, бугун қутлуғ изларингни соғиниб, қўмсаб-қўмсаб ўртанмоқдаман. Муборак ва мўътабар ўрнинг шундоқ билиниб турибди-я! Афсуски, энди орамизда йўқсан — менинг беминнат ва суюкли Устозим, бизга фидойилик, жасорат, тўғриликдан ва адабиёт ҳамда санъатдан бебаҳо сабоқлар берган, Ватанни севишни ўргатган қадрли — ГАЗЕТАМ!

Ашурали ЖЎРАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven + 11 =