Нотаниш танишимнинг сабоғи

Устоз Маҳмуд Абулфайз (чапда) билан бирга. 1999 йил.

Бунга кўп йиллар бўлди. Лекин бари кечагидек хотирамда.

…1982 йили туманимиз газетасида “Иш қизғин” сарлавҳали хабарчам босилибди. Бу янгиликни амаким топиб келди. То газета қўлимга теккунча, нақ романи чиққан одамдек ҳаяжонда юрдим, денг. Шу-шу туман, вилоят, республика миқёсидаги вақтли матбуотларда номим зикр этила бошланди.

“Ленин байроғи” — ҳозирги “Сурхон тонги” вилоят газетасида мактаб саҳнасига қўйилган асар ҳақидаги мақолам босилди. Газетадаги варианти мен жўнатганимдан яхшигина фарқ қилганини сездим. Устозлар “ишлов” беришгани билиниб турарди. Бироз фурсат ўтиб, ўша нашр адабиёт бўлими мудири деб таъкидланган Маҳмуд Абулфайзов имзоси билан хат олдим. Унда фойдали маслаҳатлар билан бирга, аниқ топшириқлар хам берилганди. Тавсия этилган манзиллардан тайёрлаган материалларим деярли газетанинг ҳар сонида бериб борила бошланди.

Бир куни Алижон ака деган қишлоғимиз почтачиси уйга келиб, бир қоғозга қўл қўйдиргач, анчагина пул бериб кетди. Гонорар (қалам ҳақи) экан. Ана шунда моддий манфаатдорликнинг ҳаракатлантирувчи кучи қанчалар таъсирли эканлигини ҳис қилганман.

Қайси жабҳа бўлишидан қатъи назар, маслаҳат ва топшириқларни Маҳмуд акадан олиб турардим. Ўз навбатида, режаларим билан танишиб, бўлажак журналист мактаб дарсликларидан ташқари яна нималарга эътибор бериши, ҳатто танишиб бориш зарур бўлган бадиий асарлар рўйхатини ҳам эслатиб турардилар. Ёзишмаларимиздан бирида, у киши ҳам туманимиздаги тоғ қишлоқларида туғилиб, вояга етганликларини, айни чоғда вилоят марказида истиқомат қилишларини билдириб ўтдилар. Мен учун қувонарлиси, гарчи ғойибона бўлса-да, маънавий устоз топиб олгандим.

Ҳадеганда устоз билан учрашишнинг иложи йўқ эди. Мен оддий ўқувчи бўлсам… Бир сафар тоғлик қариндошимиз Тўра тоғамнинг вилоятда врач бўлиб ишлайдиган ўғли Ҳасан тоғам йўл-йўлакай уйга кириб ўтаркан, мени ҳам бир ҳафтага ўзига шерик қилиб Термизга олиб кетадиган бўлди.

Вокзал одам билан тирбанд. Биз чиқишимиз керак бўлган поезд масофавий жадвал асосида ҳаракатланиши боис олдиндан чипта сотилмаскан. Шундоқ поезд келиб тўхташи билан, ҳамма гур этиб ўзини вагон эшиклари томон урар, улгурган одамгина ўтириб кетадиган жойга эга бўларкан. Мен ёш, дўхтир тоғамнинг эса бир оёқлари оқсоқликлари туфайли, базўр вагонга чиқиб олдик. Лекин ўтирадиган жойлар аллақачон эгаллаб бўлинганди.

“Оббо, жиян-эй, кўргилик. Энди Худо бизга қувват берсин, манзилга етгунча тик оёқда кетамиз”, — деб тургандилар, шундоқ ёнгинамиздан: “Ҳасанбой, ҳой Ҳасанбой, бу ёққа келинг, сиғишамиз, жиян ҳам келаверсин”, деган овоз эшитилди. Юкларимизни олдимизга олиб жойлашдик. Тоғам: “Сизлар ўтириб туринглар, мен қўшни вагондаги шерикларимдан бир хабар олиб келай”, деб ўринларидан қўзғалдилар.

“Йўл бўлсин, Ҳасанбой дўхтирга ким бўласиз?” — гап бошлади суҳбатдошим иккимиз ёлғиз қолгач. Ўрта бўй, оқ сариқдан келган, ингичка мўйлови ўзига хўп ярашган бу одам гапирганда истеҳзо қилаётгандек кўринарди. Шу қувлигими, мийиғида кулиб туришими-ей ёки алоҳида ҳурмат билан сизсизлаб гапириши сабаб бўлдими, бироз беписанд тарзда, киброна боқиб, саволларига дадил-дадил жавоб қайтаравердим.

— Таътилда бир ўйнаб келай дебсиз-да?

— Қайда, бекорчиликка вақт йўқ.

— Шунақами, айни шу ёз палласида нималар билан бунча бандсиз?

Қайсидир ўқиган китоб қаҳрамонимнинг жавобларига тақлидона гап бошладим:

— Янги асаримга материал тўпламоқчиман. Шаҳарни кўзим билан кўриб, театрга тушмоқчиман. Ишлар кўп. Вақт масаласи тиғиз. Бир ҳафтада уйга қайтаман, барчасига улгуришим керак.

— Режали экансиз. Айтмоқчи, “янги асаримга” дедингизми? Ёзувчимисиз? — ҳайратланганнамо сўради суҳбатдошим.

Шундай катта одамнинг менга ҳавас қилаётгани азбаройи завқимни оширди:

— Шундай деса ҳам бўлади. Қисса, романларга энди қўл уряпман. Сафардан яна бир муддаом ҳам шу.

— Ҳали машҳур бўлиб кетсангиз, олдингизга боролмай юрмайлик. Танишиб олайлик. Ким дейдилар сиз жанобларини?

Яна бир мухлисига эга бўлган адибдек кеккайиб жавоб бердим:

— Олтиншер Ҳамидий. Албатта, бу тахаллусим. Ҳа, айтмоқчи… — сиз қаердан ҳам билардингиз, дегандек бир қараб олиб давом этдим. — Вақтли нашрларда… (исми-насабимни дона-дона қилиб айтдим) шу ном остида излайсиз…

Яна ҳам ҳайрати ошганини кўриб, суҳбатдошимга “билмаганингизни сўрайверинг” қабилида боқдим.

— Қайси газета, журналларда мақолаларингиз билан танишиб борсак бўлади?

— Ўзимиз (туманимиз)нинг ва вилоят ҳамда марказий газеталарда тинимсиз мақола, ҳикояларим босилиб туради.

— Қаламкашлардан кимларни танийсиз ва ижодий ҳамкорлик қилиб турасиз?

— Ҳайитали Раҳмон, Абдуғаффор Одина, Қўчқор Норқобил, Гуландом Тоғаева, ҳатто бир муддат Тоғай Мурод билан ҳам бирга ишлаганман. Вилоятда эса… Маҳмуд Абулфайзлар билан қалинман.

Суҳбатдошимни кузатарканман, бу гапларимдан кейин уни тамоман ўзимга ипсиз боғлаб қўйганимга амин эдим.

— Охирги санаб ўтган ижодкорингиз билан қанчалар яқинсиз? — эҳтиёткорона боқди ҳамсуҳбатим.

Беш-ўнта мактублар орқали ёзишмаларимиз бор эмасми, ана шулардан куч олиб:

— Жуда яхши, тез-тез учрашиб турамиз… — дедим.

Суҳбат шу ерга етганда, Ҳасан тоғам келиб қолдилар. Маълум вақт ўтгач, паровоз манзилга етганимизни билдириб қўнғироқ чалди.

— Сизларни мундоқ бир яқинроқ таништирмоқчи эдим. Ушланиб қолиб кетдим-да, танишиб олдингизларми? — сўради дўхтир тоғам.

Мендан олдин суҳбатдошим жавоб қайтарди:

— Ҳа, биз обдан танишдик. Сиздан бир илтимос, Ҳасанбой, эртага меҳмонни кеч соат олтида вилоят Маннон Уйғур театрига олиб келинг, биргаликда бир маданий ҳордиқ чиқарайлик.

Хайрлашар чоғида тоғамга ваъдани яна бир бор эслатиб, қўлимни қаттиқ қисиб қўйдилар.

Ёзнинг чилласи эмасми, Термиз деганлари усти очиқ тандирнинг ўзи экан. Уст-бошим жиққа тердан чиппа баданга ёпишган, тоғамнинг гапларига базўр жавоб қайтараман. Оғзимни очсам, ичимга олов кириб кетади гўё. Шаҳарнинг бешинчи микрорайонидаги 5 қаватли уйнинг 5-қаватига пиёда кўтарилдик. Кўчадаги 40 даража иссиқ қўлларимиздаги юк билан тепага илдамларканмиз, нақ 50 даражага ошди, чамамда. Амал-тақал хонага кириб олдик. “Жиян, парво қилманг, ҳозир уйдагилар бериб юборган чакки (сузма)дан муздай чалоб (айрон) қиламиз, сен кўр, мен кўр бўлиб кетасиз”, дедилар тоғам абгор аҳволимга боқиб. Шу заҳоти катта идишга қатиқдан солиб эзғиларканлар, ваннадан сув олиб келишимни буюрдилар. Ванна жўмрагини кўпроқ очиб, сув ола бошлагандим, савол бериб қолдилар:

— Жиян, Маҳмудхон ака билан ҳам танишиб олдингизми? Маъқул бўлганга ўхшайсиз чоғи, бежизга эртага театрга таклиф қилмадилар.

— Қайси Маҳмудхон…

Поезддаги суҳбатдошимиз ҳақида шама қилаётганларини бироздан сўнг англадим.

— Ҳали вагонда бирга келган киши-да, Маҳмудхон Абулфайзовни айтяпман.

Тоғамнинг сўнгги гаплари жуда узоқ-узоқлардан келаётгандек туюлди. Бирданига дув қизариб кетдим, ичимдан шундай бир иссиқлик чиқдики, ана энди бемалол мендаги ҳовур 60-70 даражага етганди…

Эртаси кун қанчалар тихирлик қилмай, тоғам: “Лафз қилганман, қолаверса, эшонбобонинг яъни Маҳмудхон аканинг хотини бўла (хола)ваччангиз экан, кечқурун меҳмондорчиликка ҳам чақиришган, — дегач, ноилож бордим. Энг ажабланарлиси, Маҳмудхон ака ҳеч нарса бўлмагандек кутиб олдилар.

Шу куни театрда у кишининг сценарийси асосида саҳналаштирилган спектаклни томоша қилдик. Уйларида меҳмон ҳам бўлдик.

…Орадан қанча вақт ўтмасин, устоз бўлиб ўтган бу воқеаларни ҳеч кимга айтмади. Фақат бир нарсани қатъий тайинладилар: “Бўшашмасдан ўқинг, албатта, журналист нони шарафли ва ҳалол, ҳақиқатни олиб чиқишнинг ўзи бўлмайди… ЁЛҒОННИ ЭПЛАДИНГИЗМИ, ДЕМАК, ЁЗА ОЛАСИЗ”. Қаламга ошно тутинишимни насиҳат қилгандилар.

Шерали ҲАБИБУЛЛО

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 5 =