Муаммо эмас, ечим муҳим
Самарқанд шаҳрида “Ечимлар журналистикаси” бўйича уч кунлик ўқув семинари бўлиб ўтди. Унда республиканинг турли ҳудудларидан келган 20 га яқин медиа соҳа вакиллари иштирок этишди.
Одатда, журналистлар бирор муаммоли жараённи ўрганиб, таҳлил қилганида кўпинча муаммонинг ўзига эътибор қаратишади. Ёки ортиқча ҳис-туйғуга, ҳаяжонга берилади, муаммо сабабчиси бўлган ташкилот, вазирлик, мутасаддининг “таъзирини беришга” ҳаракат қилинади. Бу қанчалик тўғри? “Ечимлар журналистикаси” эса ана шу саволга жавоб излайди.
Ечимлар журналистикаси — бу ижтимоий муаммоларга, шу билан бир қаторда, муаммоларнинг ўзига жавоб беришга қаратилган янгиликлар репортажига ёндашув. Ишончли далилларга асосланган ечимлар ҳикоялари жавоблар қандай ва нима учун ишлаётганини ёки ишламаётганини тушунтиради. Ушбу журналистик ёндашувнинг мақсади одамларга ушбу масалалар бўйича янада тўғрироқ, тўлиқроқ нуқтаи назарни тақдим этиш, янада самарали фуқароликни шакллантиришга ёрдам бериш демак.
Соҳа амалиётчиларининг таъкидлашича, ушбу ёндашув матбуотнинг анъанавий назоратчи ролини кучайтиради, шу билан бир қаторда тўлдиради ҳам. Фуқароларга муаммолар ҳақида тўлиқроқ ечим йўлларини тақдим этади.
Ҳозирча бу амалий ўқув лойиҳасининг биринчи босқичи. Унинг иккинчи босқичи кузда бўлиб ўтади. Назария, амалиёт уйғунлиги асосида яна журналистлар ўқитилади. Якунда эса фаол бўлган медиа соҳа вакиллари танлов асосида саралаб олинади ҳамда “Америка овози” халқаро ахборот агентлигида бир ойлик тўлиқ харажатлари қопланадиган йўлланмани қўлга киритишлари мумкин.
Қизғин баҳс-мунозараларга, учрашувларга, амалий машғулотларга бой бўлган машғулот ёш ижодкорлар билимини ошириш билан бирга, улар ўртасида дўстлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Якунда эса иштирокчилар сертификатлар билан тақдирланди.
Жорий йилнинг 9-21 июль кунлари Ечимлар журналистикасига оид лойиҳанинг 1-модули Тошкент, Самарқанд ва Урганчда бўлиб ўтди. Ўқув семинарларида юртимизнинг барча ҳудудларидан 60 га яқин ёш журналист ва соҳага қизиқиши бўлган ҳаваскорлар қатнашди.
Ушбу лойиҳа АҚШ Глобал Медиа агентлиги, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Ўзбекистоннинг Янги медиа таълим ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ислом АСИЛБЕКОВ