Ўзбек ҳаво гимнастикачилари венгрияликларни ҳайратга солмоқда

Будапештнинг энг машҳур циркида ўзбекистонлик ҳаво гимнастикачилари Бекзод Собиров ва Бобур Тошпўлатовдан ташкил топган “Duo Reflection” дуэти чиқиш қилмоқда.

Ўзбек гимнастикачиларининг ҳар бир чиқиши ёрқин ва эсда қоларлиги билан ажралиб турибди. Жамоа аъзолари акробатика, гимнастика ва миллий ўзбек цирк санъати элементларини ўзида мужассам этган томошаларни намойиш этмоқда.

Мамлакатимиз гимнастикачиларининг иштироки Ўзбекистон ва Венгрия халқлари ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган халқаро маданий алмашинув дастурининг бир қисми бўлди. Тадбир кўплаб томошабинларга, жумладан, дип­ломатик корпус вакиллари, маданият ходимлари ҳамда Венгрия пойтахти аҳолиси ва меҳмонларида катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, Ўзбекистон вакиллари намойиш этган ёрқин саҳна кўринишлари, акробатик ҳаракатлар ва юқори артистлик маҳорати томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди. Айниқса, акробатик ҳалқалар ёрдамида амалга оширилган машқлар цирк санъати мухлисларининг ҳайратига сабаб бўлди.

Жамоа аъзолари билан кечган учрашувда ўзбекистонлик цирк санъати усталари Венг­рияга ташрифи ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашдилар ҳамда самимий қабул учун миннатдорлик билдирдилар.

Ўз навбатида, Будапешт цирки вакиллари, ўзбек гимнас­тикачиларининг юқори тайёргарлигини таъкидлаган ҳолда, маданий алмашув доирасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга умид билдирди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, мазкур тадбир Ўзбекис­тон ва Венгрия ўртасидаги маданий алоқаларни мус­таҳкамлаш ҳамда миллий цирк санъатининг ранг-баранглигини намоён этишда муҳим қадам бўлди. Шунинг­дек, бу ўзбек маданиятини Европада янада оммалаштириш, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.

“Гуруҳимизнинг номи “Duo reflection” бўлиб, биз Будапешт шаҳрида Ўзбекистон цирк санъати имкониятларини тақдим этяпмиз. Венгриялик томошабинлар чиқишларимизни олқишлар билан кутиб олгани бизга мадад бўлди. Шунинг­дек, биз билан бирга Бельгия, Россия, Украина, Латвия, Франция, Эфиопия каби давлатлардан келган цирк санъати артистлари ҳам ўз маҳоратларини намойиш этмоқда. Европа Иттифоқи цирк аренасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётганимиздан жуда мамнунмиз”, деди Бекзод Собиров.

“Дунё” АА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − 8 =