Ватан мадҳи дилларда

Бугун мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этишдек эзгу мақсад йўлида кенг қамровли ислоҳотлар олиб бориляпти. Тараққиётнинг муҳим асослари бўлган маънавият ва маърифатга жиддий эътибор қаратилмоқда. Шу жиҳатдан барча соҳа ва жабҳаларда ривожланишни таъминлаш, жамиятда маънавий муҳитни яхшилаш, ёш авлодни билимга чорлаш, ҳар бир фуқаронинг юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, қолаверса, қалблардаги шукроналик туйғусини намоён этиш масалалари ҳар доимгидан-да долзарб.

Жорий йилнинг июль-август ойларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйлаб “Бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!” шиори остида бўлиб ўтган маънавият фестивали шу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятли. Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллик байрами муносабати билан Республика Маънавият ва маърифат маркази, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил қилинган ушбу фестиваль доирасидаги тадбирлар турли манзилларда, хусусан, ҳудудлардаги маданият ва санъат масканлари, марказий майдон ва ўйингоҳлар, Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари, имконияти чекланганлар ва махсус тарбия муассасалари, ҳарбий қисмлар, корхона, ташкилотлар, энг чекка, олис ва чегара ҳудудлар, маҳалла, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинларида (195 та туман, шаҳардаги 585 та (ҳар бир тумандан учтадан) манзил, олис ва чекка, аҳоли сони кўп бўлган қишлоқ, овуллар шулар жумласига киради) ўтказилди.

Мазкур тадбир дастури ранг-баранг бўлиб, бир қатор лойиҳаларни қамраб олди. Хусусан, аҳоли ва ёшлар орасида китобхонлик, меҳр-оқибат, ватанпарварлик, олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик каби туйғуларни оширишга қаратилган “Ватан мадҳи” номли мусиқий концерт дастури, “Мутолаа марафони”, “Энг маънавиятли маҳалла” танлови, “Маърифат-тур”, “Зиёлилар форуми”, “Уч авлод учрашуви”, “Оила — маънавият қўрғони”, “Маърифат соати”, “Инсон қадри”, “Аждодларга эҳтиром”, “Маънавият кубоги” спорт мусобақаси, “Миллий бирдамлик” каби ижтимоий лойиҳалар шулар жумласидандир.

Тадбирларда республикадан 100 га яқин маърифат тарғиботчилари, кино ва театр актёрлари, шоир ва ёзувчилар, олимлар, таниқли санъаткорлар ҳамда маҳаллий маданият соҳаси вакиллари, имом-хатиблар, ҳаж амалларини адо этиб келган нуронийлар иштирок этмоқдалар.

Жўшқин тадбирлар ўзбекнинг забардаст шоирлари, Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима хоним Худойбердиева туғилиб вояга етган, “Гўрўғли султон бир ён, Тўра Сулаймон бир ён”, — дея эл кўнглини осмонларга олиб чиқиб фахр этган Тўра Сулаймон яшаб ўтган ушбу навқирон Сирдарёда тўрт кун мобайнида вилоятнинг энг чекка ҳудудларида, ҳарбий қисмларда маънавият анжуманлари жудаям кўтаринки руҳда кечди.

Вилоятнинг Ховос, Оқолтин, Янгиер, Сардоба, Сайхунобод, Мирзаобод туманларида, Фарҳод канали бўйларида ширингина бўлиб қад ростлаган Ширин шаҳарчасида “Уч авлод учрашуви”, “Зиёлилар форуми”, “Энг маънавиятли маҳалла”, “Мутолаа марафони”, “Маърифат соати”, “Инсон қадри”, “Аждодларга эҳтиром”, “Маънавият кубоги” каби тадбирлар кечки салқинга бориб “Ватан мадҳи” номли мусиқий гала-концерт дастурига уланиб, ҳар бир сирдарёликлар қалбига Ватан ишқини янада чуқурроқ нақш этган бўлса, не ажаб…

Зиёлилар форумида сўзга чиққан таниқли олимлар, шоирлар ҳар бир айтган сўзларини ўтган улуғларнинг қадимий ўгитларидан бошлаб, бугунги замоннинг оғриқли нуқталаригача далиллаб, ёшларнинг онгига тажовуз қилиши мумкин бўлган ёт ғоялардан қандай қилиб ҳимояланиш мумкинлигини далиллар билан сўзладилар.

Маърифат соатларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, шоиралар Зебо Мирзаева, профессор Сайёра Тўйчиева ўзларининг Ватан муҳаббати тараннум этилган оташин шеърлари билан мушоирага файз киритган бўлсалар, нотиқ Раҳимбой Жуманиёзов, Ўзбекистон халқ артистлари Муҳаммадсоли Юсупов, Замира Суюнова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Ҳамид Тошпўлатов ва уларнинг шогирдлари Фаррух Ботиров, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари, хушовоз хонандалар Машҳурбек Раимжонов, Адолат Исмоилова тадбирларнинг мусиқий қисмига файз бағишлаб, Ватан мадҳини баланд пардаларда жаранглатиб куйлади.

Жойларда ўтказилган ушбу концерт дастурини Ўзбекистон халқ артисти Замира Суюнова ҳар гал “Ватан мадҳи” деган қўшиқ билан очар экан, унга таниқли “Сурхон” гуруҳининг хонандаси Тўлқин Файзиев чанқовузни жаранглатиб жўр бўлди, хушовоз хонанда Озода Ёрова эса лирик хонишлари билан дилтортар кечага янада сайқал бераркан, даврада ёшу қари баравар рақсга тушиб, ушбу концерт файзига файз қўшдилар.

Янгиер туманида бўлиб ўтган “Мутолаа марафони” ёш авлоднинг қанчалар китобсевар ва айни чоғда янги замон билимларини эгаллашга иштиёқи баландлигини кўрсатди.

Ушбу дастурлардан кўзланган мақсад бўлмиш аҳоли орасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, уларга маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларга жавоб берадиган миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини танлаб бериш, жамиятда мутолаа маданиятини юксалтириш ўзининг хайрли меваларини кўрсатишига шубҳа қилмадик.

“Энг маънавиятли маҳалла” лойиҳаси доирасида Ховос тумани “Истиқлол” маҳалласи, Оқолтин туманидаги Навоий номли маҳалла, Гулистон туманидаги “Шарқ ҳақиқати” маҳалласи аҳолиси билан бўлган учрашувлар, қизғин мулоқотлар, бу юртда ислоҳотлар кенг қулоч ёйгани ва ҳар бир фуқаро ўзининг янги Ўзбекистонда ўз муносиб ўрни борлигини англаб етаётганидан далолат эди.

Хуллас, Сирдарё вилояти ҳудудида тўрт кун давомида қизғин бўлиб ўтган ушбу тадбирлар Гулистон шаҳрида ўтказилган “Қовун сайли” ҳамда шонли Мустақиллигимизнинг 33 йиллигига бағишланган каттакон байрам концерт дастурига уланиб кетди.

Санобар МЕҲМОН

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − sixteen =