Ижод аҳлига юксак эътибор

Ҳамиша эл-юрт тақдири, Ватан равнақи, унинг бугуни ва эртаси учун жонфидолик, куюнчаклик билан ёниб ижод қилиш, тезкор воқеа-ҳодисаларни халққа тезроқ улашиш, қаердаки бирор муаммо ечимини кутаётган бўлса, ижобатини излаш, муаммо илдизини, керак бўлса, сабабини тегишли мутасаддиларга ҳавола қилишга шошилиш, яна адолат ва ҳақ сўзни айтиш, айта билиш, одамларни доимо уйғоқликка ундаш… буларнинг бари журналистикага хос фазилатлардир.

Бундай заҳматли ва савобли касб эгаларини эса юртимизда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари деб атайдилар.

Ўзбекистонда матбуот, ижод аҳли ҳамиша эътиборда, эъзозда. Шу боисдан ҳам Давлатимиз раҳбари соҳа вакилларига ҳар йили ўз табрикларини йўллайди, касбнинг илғор ва фидойиларини давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан мукофотлаш тўғрисида Фармон эълон қилинади.

Ана шундай эзгу анъанага мувофиқ кеча пойтахтимиздаги “InterContinental Tashkent” мажмуасида 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан тантанали, шукуҳли байрам тадбири юқори савияда ҳамда янги форматда ташкил этилди.

Тантанали маросимга устоз журналистлар, давлат ва жамоат ташкилотлари, медиа соҳа ходимлари, хорижий ОАВ вакиллари, республикамизда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, таниқли ижодкорлар, журналистика йўналишидаги олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари таклиф қилинди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг соҳа ходимларига йўллаган байрам табригини Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.

Юртбошимизнинг тегишли Фармонига кўра ҳукуматимизнинг нуфузли орден ва медаллари билан тақдирланган ижодкорларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева юксак мукофотларни топширди.

Байрам дастурида таниқли санъат усталари ва истеъдодли ижрочи ёшлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

Ўз мухбиримиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 + 14 =