Ҳоким мустақиллик дарсини ўтди

Ниҳоят, талабалар орзиқиб кутган муборак фасл — янги ўқув йили ҳам етиб келди. Кўзларда қувонч, дилларда ғурур ва ифтихор билан олий таълим даргоҳларига қадам қўйган ёшларнинг қувончи ўзгача кечди… Айниқса, бу йил олий таълим даргоҳига ўқишга кирган — университетнинг биринчи курсига борган талабалар учун бу жуда ҳаяжонли бўлди. Олий даргоҳларнинг очилган эшиклари иқтидорли ёшлар учун имкониятлар бешиги бўлиб туюлганлиги ҳақиқатдир!

Янги ўқув йилидаги биринчи машғулотлар “Мустақиллик дар­си” билан бошланганлиги, мазкур жараёнларда Ватан ҳақида буюк сўзлар айтилганлиги билан янада ҳароратли кечди.

Урганч давлат университетида бўлиб ўтган машғулотларда Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов иштирок этиб, мустақилликнинг саодати, истиқлолни кўз қорачиғидек асраш, ота-боболаримиз азиз тутган Ватанимизнинг барча соҳалардаги тараққиёти, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятдаги обрў-эътибори ҳақида гапирар экан, ёшлар учун мамлакатимизда яратилган имкониятлар, олий таълим соҳасидаги янгиликлар ва ислоҳотлар хусусида ҳам тўхталиб ўтди вилоят раҳбари.

Ҳоким ўтган дарсдан қониқиш ҳосил қилган талабалар Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий томондан ривожлантириш борасидаги вазифалар ва барпо этилган бунёдкорликлар борасида ўзларининг қизиқишларини билдиришди.

Бугунги кунда олий таълим даргоҳида улкан ўзгаришлар бўлганлигидан кўзлар қувонди. Университетда янги имкониятлар яратилиб, талабаларнинг билимини янада ошириш ва кўнгилли дам олиш учун ҳам қулайликлар яратилганлигини эътироф этган Урганч давлат университети филология факультети декани, филология фанлари доктори Дилшод Ғойибовнинг фикрлари ўринлидир.

Айни пайтда университетда 66 та кундузги, 27 та сиртқи, 1 та масофавий таълим йўналишлари фаолият кўрсатмоқда. 42 та магистратура мутахассисликлари бўйича 30 минг нафардан зиёд талаба билимларини оширмоқда.

Жорий йилда кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб 6 та янги таълим йўналиши ва 5 та магистратура мутахассисликлари очилиб, илмга чанқоқ ёшларни ўз бағрига олди.

Янги ўқув йили арафасида университетда 5 та спорт тури билан шуғулланишга мўлжалланган 6 та ўйин майдончасини ўз ичига олган спорт мажмуаси талабалар ихтиёрига берилди.

Университет ҳудудида замонавий лойиҳалар асосида ахборот-ресурс маркази ҳамда талабалар учун турар-жой — ётоқхона қурилаётганлиги ёшларнинг камоли йўлида яратилаётган имкониятлардан биридир.

Мустақил юртим фарзандларининг толеи сарбаланд бўлсин!

Феруза ТАНГРИБЕРГАНОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − one =