Оҳангаронлик журналистлар уюшмадан мамнун

Қутлуғ саналар арафасида азим Оҳангаронда ҳам байрам шукуҳи ўзгача давом этмоқда. Айниқса, шу кунларда оҳангаронлик журналистларнинг кайфияти чоғ, кўкси тоғ бўлиб турибди. Нафақа гаштини сураётган ижодкорлар билан суҳбатлашар экансиз, инсонга ҳамкасблари, ёру дўстлари томонидан берилган бир чимдим меҳр ва эътибор уни жуда кўп эзгу ишларга қодир қилишини, кучига куч, шижоатига шижоат қўшишини англаш қийин эмас.

Узоқ йиллар матбуот соҳасида меҳнат қилиб, рангин суратлари билан газета саҳифаларини безаган нафақадаги ижодкор, 80 ёшнинг остонасида турган Жўра Намозбоев шундай деди:

— Журналистлар фаолияти давомида кўп ҳолларда эътибор марказида бўлишади, кунига ўнлаб, ҳаттоки юзлаб инсонлар билан гаплашишга тўғри келади. Жамиятнинг қайноқ қозонида қайнаган инсон учун нафақа гаштини суриб, уйда ўтириш дастлабки йилларда оғир бўлади. Чунки нафақага чиққанингиздан сўнг, аслида, у қадар эътибор-эъзозда эмаслигингизни сезиб қоласиз ва бу ҳар бир инсонга салбий таъсир қилади. Минг шукрки, ҳозирги кунда бизга бундай ҳислар бегона. Негаки, икки йилдан буён Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси масъуллари тез-тез ҳолимиздан хабар олиб туришибди. Ўтган йили вилоят масъуллари уйимга келишиб, номдор газетага бепул обуна қилиб беришган эди, йил давомида уюшма масъулларини дуо қилиб, газета ўқидим. Куни кеча ҳам Уюшманинг Тошкент вилояти бўлими раиси Раҳматилла Шералиев хонадонимизга келиб, ҳолимдан хабар олди, масъуллар билан биргаликда ўтириб, муаммоларимни сўради ва ўзим севган “Hurriyat” газетасига бир йиллик обуна чеки ва бошқа совғалар ҳадя қилди. Ҳамкасбларим билан суҳбатлашиб, ўзимни анча яхши ҳис қила бошладим, кўнглим тоғдек ўсди. Қолаверса, жамиятга кераклигимни яна бир бор ҳис қилдим. Инсон шундай эъзоз-эътиборда яшаса, ҳеч қачон қаримаса керак, – деди биз билан суҳбатда отахон.

Дарҳақиқат, куни кеча Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийcи Раҳматилла Шералиев Оҳангарон воҳаси ижодкорлари билан дилдан суҳбатлашди. Суҳбат давомида асосий эътибор журналист касб этикаси масалаларига қаратилди.

Уюшманинг Тошкент вилояти бўлими масъуллари дастлаб нафақадаги фахрий фотомухбир Жўра Намозбоевнинг хонадонида, сўнгра “Оҳангарон ҳаёти” газета таҳририятида бўлишди. Таҳририятга давра суҳбати учун ташриф буюрган фахрий журналистлар Ойсара Дадаева, Нурали Абдурасулов, Озод Хушназарзода, Нигора Шофайзиева, Қудрат Одинаевларнинг самарали фаолияти алоҳида эътироф этилиб, Тошкент вилояти матбуоти ривожига қўшган ҳиссалари тилга олинди.

Уюшманинг Тошкент вилояти бўлими раиси Раҳматилла Шералиев бир гуруҳ фахрий журналистларга уюшма аъзолиги гувоҳномалари ва кўкрак нишонларини тантанали равишда топшириб, уларга “Hurriyat” ва “Тошкент ҳақиқати” газеталарининг бир йиллик обуна чекини уюшма номидан совға қилди. Янги 2025 йилда оҳангаронлик фахрий журналистлар бепул газета ўқишадиган бўлди. Аниқроғи, бўлим ўз маблағлари ҳисобидан 42 нафар фахрий журналист учун 2025 йилга обуна ташкил қилди.

Фахрийлар даврасидаги суҳбат сермазмун ва таассуротга бой ўтди. Оҳангаронлик журналистлар бу каби эътибор-эътирофдан мамнун бўлишди.

Шоира ТЎЛАГАНОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × four =