ЮНЕСКО бош қароргоҳида Маҳмуд Қошғарий ва Али Қушчининг бой илмий меросига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди

ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қароргоҳида Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий ваколатхонаси, туркий мамлакатлар доимий ваколатхоналари ва Туркий маданият ва мерос фонди билан биргаликда буюк олим Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит турк” китобининг 950 йиллигига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.
2023 йилда ЮНЕСКО Бош конференцияси Ўзбекистон ва бошқа давлатлар ташаббуси билан 2024-2025 йилларда “Девону луғотит турк” китобининг 950 йиллигини ташкилот доирасида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилган эди.
“Дунё харитасини лексикографияда яратиш: “Девону луғотит турк” асарининг 950 йиллигига” мавзусида бўлиб ўтган конференция ишида ЮНЕСКО бош директори ўринбосари Фирмин Матоко, туркий мамлакатларнинг ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссиялари раҳбарияти, Туркий маданият ва мерос халқаро фонди раҳбари Ақтоти Раимқулова, Туркий тилли давлатлар Парламент ассамблеяси бош котиби Меҳмет Сурайя Эр, шунингдек, ЮНЕСКОга аъзо давлатлар доимий вакиллари ва турли мамлакатлардан экспертлар қатнашди.
Иштирокчилар Маҳмуд Қошғарийнинг бой илмий мероси, “Девону луғотит турк” асарининг туркий халқлар маънавий-маърифий тарихидаги ўрни, луғатшуносликнинг жамоалар ва авлодлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашдаги аҳамияти, шунингдек, замонавий туркологияга оид масалаларни муҳокама қилдилар.
Анжуман доирасида буюк астроном ва математик Али Қушчининг илмий меросига бағишланган давра суҳбати ҳам ташкил этилди. ЮНЕСКО Бош конференциясида Ўзбекистон ва бошқа давлатлар ташаббуси билан Али Қушчи таваллудининг 550 йиллиги 2024-2025 йилларда ташкилот доирасида нишонланадиган юбилейлар рўйхатига киритилди.
Анжуманда Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори Баҳром Абдуҳалимов ва мазкур институтнинг етакчи илмий ходими Комилжон Рахимов Али Қушчининг илмий ютуқлари ҳамда “Девону луғотит турк” асарининг туркшунослик тарихидаги салмоқли ўрни ҳақида маъруза қилдилар.
Анжуман доирасида туркий давлатларнинг миллий таомлари намойиш этилган пазандачилик фестивали ҳам бўлиб ўтди.
“Дунё” АА,
Париж шаҳри.