Инсон ялтирамай порлаши керак
ёхуд “Китоблар хиёбони”даги ўйлар
Ҳар лаҳзаси бир йилга тош босадиган кунлар ичида яшаяпмиз. Ҳар тарафда яратиш, очилиш, янги-янги ғоялар, сўлим манзаралар бўй кўрсатмоқда, ободлик чулғаб олган кўзларимизни, қалбларимизни. Айтишга сўз, юришга йўл кўпайгандан-кўпайган. Қаерга қарасангиз, ранго-ранг ўзгаришлар, юксалишлар ҳушни олиб, кўзни қамаштиради. Бир манзилга икки-уч ойни ўтказиб яна борсангиз, табиийки, йўлингизни шошириб қўясиз, танимай қоласиз атрофни. Ҳар кун, ҳар соат, ҳар ондаги эврилишлар, бунёдкор манзараларни кузатаркан, ҳаётнинг шитобига хитоб қилгингиз, “тўхта!” дегингиз келади. Ахир руҳларимиз ортда қолиб кетаётгандек эмасми, назаримда, қараб, кузатиб, ҳатто қувониб, ҳис қилиб улгурмаяпмиз-ку?! Ёзиб, сўзда шарҳлаб улгурмаяпмиз-ку, шундай эмасми?! Сизга ҳам шундай туюлмаяптими, азиз замондошим, юртдошим?! Вақтнинг учқур аравасида кетаётиб, бу ҳислардан бошингиз айланмаяптими? Ушбу мўъжизакор ишларнинг бошида ким турибди, ким амалга оширяпти, харажатини ким қоплаяпти, шулар ҳақида ҳам бир қур ўйга толмаяпсизми сиз ҳам?..
Кўкламнинг сўнгги кунлари эди. Тошкент-Зармитан автобусида қишлоққа қайтаётиб, ана шу ўйлар хаёлимни банд қилди. Ҳар гал мен йўлга чиққанимда осмон булутланади, ёмғир аллатовур севалаб ўтади, негадир ҳар сафар айнан шундай бўлади. Борлиқ тиниқлашиб, бироздан сўнг хушбўй ва салқин нафас ёйилади атроф-жавонибга. Манзара кўзингда гуллардай очилади, ойна ортида гир-гир рақсга тушади. Хуллас, мен ёмғирли ҳавони, Иштихонни ва Иштихон сафарини жуда яхши кўраман. “Қаердансиз?” дейишади баъзан танимаганлар. “Иштихонданман”, дейман алланечук ғурурга тўлиб-тошиб. Нимага бундайлигини ўзим ҳам билмайман, аммо бу номни айтганимда, ҳар гал ўзгача шодланаман. Нега тилимда бу қадар гўзал жаранглайди бу ном, айтганда нега қалбим тошиб кетади? Хон сўзи қоришгани учунми ё бошқа сабаби ҳам бормикан? Отамнинг хоки, онам дуоси шу тупроқдалиги учунми? Отам экиб кетган боғдаги мевалар ҳидидан ифор оладими бу сўз? Мен сирларимни айтган ариқлар соғинчи унга тот берадими? Орзуларимни кентга кузатиб ҳориган йўлларнинг гиналари тилимда бехосдан гуллаб кетадими ё? Э, нима бўлганда ҳам Иштихон деганда тилим ҳам, ўзим ҳам яйраймиз, росманасига гуллаб кетамиз. Одамларининг меҳридан бағрим мисоли мумдай эрийди, эркаланиб, ҳаддимни қўйиб сўз айта оламан уларга. Ўзимники дея боғу роғларига, Оқдарё-Қорадарёсига кўз юбора оламан. Намхуш хаёлларимни Оқтовнинг виқорига ёйиб-ёйиб қуритаман. Чилмаҳрам пирларимга назр-ниёз бериб, юрагимга қараб очилувчи йўлларни эмраниб сўрай оламан бу ерда.
Иштихон сафарим бу гал узоқроқ, қарийб қирқ кунлар давом этди-ёв. Иссиқ кунларда онамнинг бағрида ўтириб салқинладим. Иштихон маркази билан Бешбола қишлоғимиз ораси олисроқ, қарийб ўттиз уч километрча келади. Ишим чиқса марказга қатнадим, бўлмаганида онамнинг ёнида бўлдим, қариндошларда галма-гал, уйма-уй меҳмонда юрдим. Марказда эканимда эса вақтимни асосан кутубхоналарда ўтказдим. 2022 йилгача туманимизда биронта ҳам айтарли кутубхона йўқ эди. Фазлиддин Рўзиев айнан шу йили ҳоким бўлиб келди. Аллоҳга шукр, келибоқ маҳобатли кутубхона қуришдан бошлади ўз фаолиятини. Мазкур кутубхонанинг очилиш маросимида иштирок этган устозимиз, сенатор Фармон Тошев шундай дегани ҳамон қулоғимда турибди. “Эски суд биноси ўрнида яп-янги кутубхона қурилгани билан бугун иштихонликларни табриклайман! Образли қилиб айтадиган бўлсак, бу маърифатнинг жаҳолат устидан ғалабасидир”. Ҳа, чиндан ҳам инсонларнинг бўлар-бўлмас жанжаллардан қутулиб қалбига, илму зиёга қайтишини, бир-бирини қучоқлаб тан олишини, кутубхоналарда китоб ўқишини барчамиз астойдил орзу қиламиз. Қанийди, мамлакатимиздаги барча суд бинолари таг-туги билан тугатилса-да, ўрнида мана шундай зиё масканлари барпо этилса. Шундай бўлишидан ҳаммамиз бирдай орзумандмиз, аслида. Айни дамда ушбу кутубхонани Иштихоннинг юзи-кўзи деса бўлади, бирам чиройли, осуда, мароқли макон. Директор Улуғбек Нурмуҳамедов бошчилигидаги ходимларнинг ҳаммаси олижаноб, олийҳиммат кишилар бўлгани учун юрагим нуқул шу ерга тортаверади.
Китобдан аввал мен Улуғбекни, унинг кенг табассум билан: “Опа, келинг”, дейишини соғинаман, Дилафрўз, Дурдона, Акмал, Санжар, Маҳлиёни соғинаман. Тобора ортиб бораётган 10778 нафар китобхонлар саноғини соғинаман.
Йил аввалида туманда яна бир кутубхона иш бошлаганини эшитган эдим. Икки кутубхона ораси унчалик олис эмас, борса беш юз метр келаркан, бориб танишгим келди. Туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи, тадбиркор Асомиддин Ибрагимов ўзининг маблағи асосида қурибди. Эшитиб ҳайратим ортди. Уч гектарлик “Устозлар хиёбони”га кириб бораркан, гўё эртакдаги жаннатни, Боғи Эрамни кўчириб келишмаганми бу ерга, дея ҳайратланасиз.
Ҳар юз метрда муҳташам чинорлар тепасига қўйилган карнайдан мумтоз мусиқа садолари майин таралиб, сув каби пастга оқиб турибди.
Кеча оқшом фалакда ой бўзариб ботганда,
Зуҳро юлдуз милтираб хира ханда отганда,
Руҳимда бир маъюслик сокинлик уйғотганда,
Мен сени эсга олдим, биринчи муҳаббатим,
Эслаб хаёлга толдим, биринчи муҳаббатим…
Тартибли экилган чинорлар, ҳар ўн одимда қулай, нақшивор ўриндиқлар, ям-яшил товланган майсалару турфа хил чечаклар, ора-орада отилиб турган фавворали ҳовузлар салқинида юриб-юриб, энг тўрда, кенг саҳндаги каттагина ойнаванд кутубхонага кириб бордим. Номи “Очиқ осмон остидаги кутубхона” экан. Ўртада талай китоб жавони, ичи лиқ-лиқ китоб, гир айланасига ўн чоғли компьютер ўрнатилган, қулайроқ ўтириш учун диван-кресло, ёнламасига музлаткич, совиткичлар ва ниҳоят, ўртароққа шахмат-шашка тахтаси қўндирилган. Бу ерда кутубхоначи қиз билан анчагача суҳбатлашиб ўтирдик. Газетага ёзмоқчилигимни айтдим. У чаққонгина кофе дамлаб келди, билганича саволларимга жавоб берди. Айтишича, бу ерга, асосан, ён-атрофдаги мактаб, коллеж, лицей каби ўқув марказларининг ўқувчи ва абитуриентлари келишар, тил ўрганишга оид қўлланмаларни, миф ва афсоналарни, Ўткир Ҳошимов асарларини, айниқса, “Қобуснома” китобини кўп сўрашар экан. Шу асно ёнимиздаги столга узаниб, йирик ва оғир “Қобуснома” китобини қўлимга олганча варақлай бошладим ва ажабландим. Ушбу ноёб китоб ҳозирда Республика Бош прокурорининг биринчи ўринбосари, Иштихон фарзанди Баҳриддин Валиев томонидан прокурорнинг алоҳида мақсади, ёндашуви, сўзбошиси билан махсус беш юз тиражда нашр қилинибди. Иловада аудиоформати ҳам бор. Ҳафтада бир марта шу китобдан прокуратура органларига дарс ўтилар экан. Эшитиб қойил қолдим. Мурувват, футувват, балоғат сабоқлари, отанинг фарзандига панду насиҳатлари берилган бу китобни мен ҳам яхши кўриб мутолаа қиламан. Манави шахмат-шашка доскаси билан бир қисм китобларни ҳам Баҳриддин Валиевнинг ўзи алоҳида келиб бериб кетибди. Бу ердаги қолган ҳамма харажат Асомиддин Ибрагимовнинг ўз маблағидан қопланибди. Ул-булларни сўраш учун чақирган эдим, бир маҳал кутубхона эгаси Асомиддин Ибрагимовнинг ўзи ҳам келиб қолди. Қотмагина, қорашириндан келган, тавозели инсон экан, эл устида, юрт корида, халқ ғамида юргани унинг ҳар бир боқиши, ҳаракати, юз-кўзида балқиб кўриниб турар эди. У шундай деди:
— 2022 йилда биз туман ҳокими бошчилигида бир гуруҳ ходимлар ўн бир кун Хитой мамлакатига иш-тажриба ўрганиш учун бордик. Аввало, уларнинг китоб ўқишига жуда ҳавасим келди. Кўчалар бирам тартибли ва озода, ҳар эллик метрда темирдан китоб жавонлари қўйилган. Ёнидаги ўриндиқда ўтириб инсонлар китоб ўқишяпти. Ўқиб бўлиб, яна жавонга тахлаб қўйиб кетишяпти. Юрагим орзиқиб, айнан шу манзарани Иштихонга кўчириб олиб келгим келди. Тадбиркорлик билан шуғулланаман, маблағ ўзимдан чиқди, Америкадан укаларим ёрдам беришди, хуллас, бир йилда шу кутубхонани қуриб, мана, керагича жиҳозлаб олдик. Яқинда Хитойга ўнта китоб жавони учун буюртма бердим. Ўнта жавонга, ҳисоблаб кўрсам, олти мингта китоб кетар экан. Мана шу кутубхонамизда ҳам олти мингга яқин китоб бор. Мақсадимиз — одамлар китоб ўқишсин. Ота-онамиз маърифатли кишилар эди, уларни Аллоҳ раҳматига олсин. Оиламизда саккиз фарзанд китоб ўқиб катта бўлганмиз. Эсингизда бўлса, мана шу музейнинг (ёндош тарафни қўли билан кўрсатади) ертўласи болалар кутубхонаси эди бир вақтлар, бизлар ўша ердан деярли чиқмаганмиз. Сен болангга китоб ўқишни ўргатсанг, қолганини китобнинг ўзи ўргатар экан. Хиёбонни бундан кейин “Китоблар хиёбони” дея номини алмаштиришни ўйлаяпман. Энди шу йўлда, озми-кўпми, барча ота-оналар, устозлар, ҳаммамиз биргаликда меҳнат қилишимиз керак. Шукр, бу тарафдан ёлғиз эмасман, Республика Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев иккимиз туманнинг мавқеини, ҳаёт шароитларини яхшилаш учун қаттиқ бел боғлаганмиз. Шахмат-шашка ўйнайдиган алоҳида марказ очишни ҳам режа қиляпмиз. Бунинг учун ҳув анави баскетбол майдони ёнидан жой белгиладик. Энди яқин кунларда шу мақсадимизни биргаликда амалга оширамиз. Мен, Баҳриддин Валиев, яна Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров — учовимиз Иштихондаги 8-мактабда турли йилларда таҳсил олганмиз. Мактабдош дўстлар ўтириб, бир куни маслаҳат қилдик, мактабимиз тумандаги энг илғор мактаб бўлишини истадик. Ўтган йили бир ярим сотих ерда ўзимиз гидрополика усулида олти қаватли ойнаванд иссиқхона қуриб бердик.
Биология дарсида ўқувчилар бу ерда энди амалиёт ўташи, ҳар хил мевали экинларни ўзлари парваришлаши мумкин. Зоология дарси учун эса “Табиат олами бурчаги”ни совға қилдик, уни икки юзга яқин турли-туман қушлар билан тўлдирдик. Бу ерда ҳам энди ўқувчилар кўпроқ банд бўлишади, олам ва табиат билан бир бутунлик ҳис қилишади, уларда жонзотларга меҳр-мурувват, шафқат ҳисси уйғонади.
Кунларнинг бирида қизиқсиниб, Иштихондаги 8-мактабга бориб келдим, янгиликлар билан танишдим. Мактаб директори Дилнозахон Элмуродова бизга қуйидаги маълумотларни айтди:
— Собиқ ўқувчиларимиз мактабимиз равнақига жуда катта моддий-маънавий ёрдам кўрсатишяпти. Бу ерда 6 миллиард 900 миллион сўмлик реконструкция ишлари амалга оширилди. Таъмирдан ташқари иккита 400 ўринли, битта 240 ўринли янги қўшимча бино қурилди. Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиевнинг шахсан ўзи бу катта ишнинг бошида турди, мактаб таъмирининг 2021 йилги Давлат дастури лойиҳасига киришида, айниқса, у кишининг ёрдами чексиз бўлди. Яқинда кутубхонамизга Баҳриддин Валиев 1000 дона бадиий китоб ҳам совға қилди. Асомиддин Ибрагимов эса 100 дона павлония, қарағай каби игнабаргли дарахт ва арчалар, турфа гуллар ва газон майсаси экиб, суғориш учун қудуқлар қаздириб, сув чиқазиб берди. Мактаб ҳовлиси, умуман, манзараси бутунлай очилиб, кўркамлашиб кетди. Америкадаги яна бир ўқувчимиз Хуршид Худойбердиев беш юзта китоб ва дафтар-ручкаларни аълочи ўқувчиларимизга армуғон қилиб кетди. Ориятли, оқибатли ва саховатли шундай собиқ битирувчиларимиз билан фахрланамиз.
Иссиқ забтига олган кунларнинг бирида, ниҳоят, Иштихон сафарим қариб, Тошкент сари йўлга чиқдим. Эрталаб ҳавода кулранг булутлар бор эди, аммо дарҳол тарқалиб кетди. Осмон бу гал ёмғир ташламади. Мўлжаллаган ишларимнинг баъзилари битмай ҳам қолди. Аммо фараҳ тўла кўнгил билан қайтдим. Юрт севгиси, одамлар меҳри, китоблар зиёсига тўйиниб қайтдим. Ҳар сафар, билмайман, недан, нелардандир кўнглим тўлмай, гинадор қайтардим, бу сафар миннатдор қайтдим. Иштихоннинг янада порлаган эртанги кунларидан умидвор қайтдим. Асомиддин Ибрагимов билан суҳбатда ундан “Сизга ўхшаган эл ўғлонлари кўпми?” дея сўрадим. “Кўп, — деди у. — Улар ўзини кўрсатавермайди, кимгадир уй қуриб, кимгадир қорамол олиб беради. Суннат тўйларни ўтказиб беради, яна кимларгадир дори-дармондан қарашади. Ўзининг маҳалласига масжид қураётганлар бор…”
…Тасаввуфда инсон ялтирамасдан порлаши керак, дейилади. Чунки ялтираш ўзга нурнинг таъсирида пайдо бўлар экан. Порлаш учун ичкарида асос лозим. Асос бу — севги. Ўзига, халқига, юртига, Роббисига севги. Шу тобда баҳравор туйғулар тошиб келди ичимдан. Порлаб яшаётган инсонларни алқагим, элу юрт ғамида донми, сомонми бўлаётгани учун уларга меҳрли сўзлар айтгим келди. Бир-бирига елкадош шундай олтин ўғлонлари, жавоҳир фарзандлари борлиги учун Иштихонни баралла мақтагим ҳам келди.
Муҳаббат ТЎХТАШЕВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.