Мардона яшамоқ саодати

Қуёш исли олма
1987 йилнинг эрта кузи. “Дўстлик байроғи”нинг ўзим орзу қилиб юриб, маданият бўлимига ишга ўтган кунларим — бўлим мудири Маҳмуд ака пешонасида ўйнаган жингалак сочини тутамлаб, катта мухбир Ойбуви опа боласини боғчадан олишни ўйлабми, қоғозлар устида қалами югураётган, хонанинг эшикка яқин жойида камина ўтириб хомхаёлларга берилган бир паллада эшик тақиллаб қолди. Ҳамманинг нигоҳи эшикка қадалди.
— Киринг!
Маҳмуд ака ижодда қанчалик сўзлари жарангдор тизилса, бировга мурожаатда шунчалик секин ва сокин, лекин қатъий гапирар эди. “Ташқаридаги эшитдими бу паст овозни?” деб ўйладим. Ҳа, эшитибди. Хонага бир опа кириб келди. Ёшуллилар уни танишаркан. Дарров чеҳралари очилди.
— Нима олиб келдингиз бизга, Салима опа? – дейишди иккиси ҳам. Ойбуви Очилова буни сўз билан, Мардиев эса нигоҳлари билан сўради. Истараси иссиқ бу опа, менинг назаримда, кўринишидан хонадош икки ҳамкасбимдан ёши кичик кўринарди. Лекин унинг сўзида самимият билан бирга қандайдир салобат ва қатъият борлигини дарров сездим. Жуда чиройли гурунг кечганини кузатиб, унинг Салима Умарова эканини билиб олдим. Навоий туманининг маркази Кармана шаҳридаги 1-ҳунар-техника билим юртида мураббийлик қилар экан. Кетар чоғида у сумкасини яна бир бор очиб, энди қўлёзма чиқармади, балки ҳар биримизга биттадан қип-қизил, қуёш иси келиб турган олма узатди.
— Ўзимизнинг ҳовлиники.
Олмани шундай тарзда иссиқ бир истара билан узатдики, қайтаришнинг ҳеч иложи йўқ, гўё менга у ўз меҳрини ҳам қўшиб узатаётгандай туюлди.
Шу воқеадан кўп ўтмай Салима Умарованинг ўзи ҳам бизга ишга келди.
Шахснинг шаклланиши
Салима опа шахс сифатида бутун ижодкор. Аммо шу шахсининг шаклланиши ҳеч ҳам силлиқ, ўз-ўзидан кечмаган. Зеро, унинг феълида, фитратида ёрқин кўринадиган бир фазилат устувор балқирди: у одамларга ишонар, тузумга ишонар эди. Ёлғон жамиятда, рост яширилган мафкурада эса ҳамиша ҳам ҳақиқатни топиш осон бўлмаган. Ўшанда у вилоят газетасининг “Партия турмуши” бўлимига ишга олингани бежиз эмас эди. Афтидан, у собиқ тузумнинг мафкуравий ғояларига чиппа-чин ишонар, шу боис ҳам унга юракдан хизмат қилишни истар эди… Мен 1989 йил, вилоят тугатилиши билан Тошкентга кетдим. 7-8 ойдан кейин болалар газетаси “Ленин учқуни” (ҳозирги “Тонг юлдузи”)га ишга жойлашдим-у, илғор зиёлиларнинг чиқишларидан, ошкоралик руҳидан кўзим очила бошлади. 1990 йилда бўлса керак, хатлар асосида газетада бир саҳифа мақола тайёрладим. “Сароб экан у…” деб аталар, собиқ тузумнинг доҳийси кирдикорлари, даҳрийлиги ҳақида эди. Ўшанда менга кимдир етказганди: газетанинг ушбу сони қўлига етиб борган Умарова мендан жуда хафа бўлибди…
Аммо мустақилликдан кейинги янгиланишда опанинг ўзи ҳам бутунлай ўзгарди. Дунёда Ҳаққа иймондан-да кучли эътиқод йўқлигини билди, десам, камлик қилади, балки шундай яшаш ҳаётининг тиргагига айланди. Шундан бошлаб иймондор шахси ва қалами билан бошқаларга ибрат бўлиб яшаяпти.
Дарддошлик
Одамни қалбан бир-бирига нима яқинлаштиради? Кўпинча дарддошлик. Нима, опа-укалар ҳамиша бир-бирини тушунади, орасидан ҳеч ҳам қора мушук ўтмайди, дейсизми? Бизнинг ҳам орамизга совуқчилик тушган паллалар бўлган. Ҳақгўйнинг ҳақлигини ҳамиша ҳам қабул қилиш осонмас. Салима Умарованинг характерида эса шу жиҳат бўртиб кўзга ташланади. У бировнинг, айниқса, ўзи таниган биродарлари ё ҳамкасбларининг юриш-туриш, хулқида бирон-бир ноқис томонни кўрса, билдирмасдан қўймайди. Унинг мисолида бошқаларни ҳам ҳалокатдан, хатардан огоҳлантириш ўз иймонининг тақозоси, бурчи деб билади.
Мен Навоийга борсам, албатта, қадрдон газетам таҳририятига бориб, ҳамкасб дўстларни зиёрат қилар, ёзганларимдан илинар, улар ҳам пойтахтда юрибди, деб мени кўп эъзозлашар эди. Аммо опада ҳаммада кузатилмайдиган бир талабчанлик бўлиб, Тошкентда юрганига яраша, ҳаёт ва ижодда шунга муносиб бўлишга ҳаракат қилиши керак, деган фикр қатъий эди. Албатта, бу тўғри талаб. Шу маънода бир кўришганимизда Тошкентда яшаётган бир таниш қаламкашимизни танқид қилиб қолди. Гердайиб юришини нонкўрлик атади. Мен эса ҳамкасбни ҳимоя қилмоқчи бўлиб, кескин нимадир дедим. Бунга жавобан опа ҳеч нима демади-ю, қараши билан хафа бўлиб кетганини билдирди ва мен билан гаплашмай қўйди. Бу тушунмовчилик мени анчагача изтиробга солиб юрган.
Йиллар ўтиб эса Салима опа ўшанда аччиқ бўлса ҳам, рост гапирганини тушундим. Йиллар буни тобора исботлади. Чиндан у нусханинг сўзи билан иши бошқа бўлди…
Ватаннинг ташрифи
2010 йилнинг апрели бошлари, юртдан узоқда эдим. Баҳорнинг бир ойи ўтиб кетган бўлса ҳам, қиш руҳи ҳукмрон, ҳамон қорлар уюми тоғдек уюлиб ётар, теварагимда фақат қарғалар, осмонда қуёш чарақламаганини неча ойлар бўлган эди кўрмаганимга. Қуёш исини, қийғос гуллаб турган ўрикларни, тупроғимнинг тансиқ меваларини жуда соғинган эдим. Мен билан ўз тилимда гаплашадиган биттагина одам бўлса ҳам майли эди-я. Шунинг учун ҳам ҳамма нарса менга бегона, ҳамма нарса менга ёт туюлар, совуқ уфурадиган манзаралар оралаб паришон юрардим…
— Вафо ака! – деди менга талпиниб келаётган бир истарали йигит. Уни дарров танидим: Шерзод. Ҳамкасб опам Салима Умарованинг ўғли. Биз бир-биримиз билан жон-жигарлар мисоли бағирлашиб кўришдик. У Кармана, қадрдон дўстлар ҳақида ҳаяжонланиб гапирар экан, мен эса унинг ҳикояси тугамаса дердим.
— Хизмат сафари билан икки кунга Москвага келган эдим. Онам, албатта, бир йўла Вафо акангни ҳам кўриб келасан, яхши бўлди, дедилар дуои саломларини йўллаб. Мана бу сизга! Сиз билан шаҳарни кун бўйи айланишни истардим-у, аммо вақтим тиғиз, – деди у гурунгимизга якун ясагандай.
Бугун қайтишга самолётга чиптаси бор экан.
— Дарвоқе, – деди чўнтагидан ихчам бир конверт чиқариб. — Бу сотилган китобларингизнинг пули. “Жараён”нинг.
— Хизр билан учрашгандай бўлдим, Шерзоджон. Умрингиздан барака топинг! Бунга қанчалик муҳтож эдим, тасаввур ҳам қилолмасангиз керак…
Аввало, Салима опамнинг ўғли менга Ватанимнинг чароғон қуёшини, дунёни қалбдан ёритадиган ўзбекнинг баҳорини олиб келгандай бўлди. Ётоқхонага келибоқ, у менга тутқазган сумкани очдим. Очил дастурхон денг! Майиз, туршак, ёнғоқ… ва яна аллақанча ўзбекона тансиқ неъматлар. Қайси бирини айтай? Буларсиз ҳам куним ўтиши мумкиндир, лекин уларнинг руҳисиз, юракдаги чиройи, қуввати ва тотисиз менинг руҳониятим жуда ғариб юрмаганмиди?!
Мен ўшанда қанчалик саодатманд бўлганимни ифодалаб беролмайман. Енгиб бўлмас бир кучга тўлгандай бўлдим. Опа китобларимни сотиб, бериб юборган пул эвазига эса бир семестр давомида ўқиш ва ётоқхонада туриш ҳақини тўлаганимдан ташқари, у еб-ичишим учун ҳам кифоя қилгач, нақ тўрт-беш ой мен фақат ўқиш ва ижод хаёли билан ошно бўлдим. Бу яхшиликни қайтариб бўладими? Ҳеч қачон! Бунинг учун опам қанча вақтини сарфлаган, асабини кетказган, кимларга илтимос қилмаган эди, дейсиз! Лекин ёрдам беришни ўзининг бурчи деб билганидан адо этган, сал аччиқ бўлса ҳам айтай, бу яхшиликни менга ўзимнинг жинсимдан бўлган бирон-бир дўстим қилмаган, қилолмаган эди.
Меҳри дарёлардек жўшқин
Сиз ўйламанг, азиз ўқувчи! У фақат ўзининг бир ҳамкасб танишига шундай бир яхшилик қилган бўлса қилгандир деб. Опада бу фазилат туғма, ота-онасининг улуғ тарбияси ҳамда улуғ динимиз йўриғида бўлишни истаган оқила, маънавиятли муслиманинг ҳаётий маслагидир. Ҳатто буни суиистеъмол қилганларни ҳам биламан. Салима опа табиатан мушфиқ, ҳассос бир қалб соҳибаси. Ҳар бир воқеадан тез таъсирланади. Ақл билан иш юритгани билан бошига бир ташвиш ёки мусибат тушганни эшитса ё кўрса, ундан кам қайғурмайди. Эҳтимол, бу борада муҳтарам оналаримиз, опа-сингилларимиз бўлган аёл зотига етадигани бўлмаса керак. Салима опа кам таъминланган, болажон оилаларга ёрдам бериш учун уларни излаб юради, десам муболаға эмас. Ҳозир ўзим гувоҳ бўлган яна бир воқеа эсимга тушиб кетди.
Уй телефонимиз жиринглаб қолди. Гўшакни рафиқам кўтариб, салом-алик қилишаркан, суҳбат асносида Салима опа эканини билиб, мен ҳам қулоқ тутдим. Зеро, опа жуда ташвишманд гапирар эди. Вилоятнинг қайсидир дашт туманидан бўлган бир келинчак таҳририятга келиб, ундан баъзан ёрдам олиб тураркан, шунинг қизалоғи оғир касалликка йўлиқиб, Тошкентдаги онкология марказида ётганини аёл телефонда унга маълум қилибди.
— Шунинг олдига бориб, хабар олсангизлар! Илтимос. Боёқиш гўдакнинг ҳозир ҳаёт-мамоти ҳал бўлаётгандир. Кейин ўзим дўхтири билан гаплашиб, қўлимдан келганча ёрдам қилардим, – дея йиғлаб юборди опа.
Оилам билан тезда айтилган жойга бордик. Аммо онкология марказидан на болани, на унинг онасини топа олдик. Бу ерда ётгани ҳақида ҳам ҳеч қандай қоғоз йўқ эди. Афтидан, боқимандаликни ўзига касб қилиб олган аёл бошига тушган “мусибат”ни айтиб, опани алдамоқчи бўлганди. Лекин Салима опага бу воқеани айтиб берганимизда ҳам у бунга ишонмасдан, қизалоқ ва унинг онасига ачиниб, таассуфлар қилди.
Мен опанинг бу ҳолатига кўп гувоҳ бўлганим учун ҳайратга тушиб ўтирмадим. Зеро, Умаровадаги қўли очиқлик, одамларга ёрдам беришга интилиш, буни тўлиб-тошиб кетганидан эмас, балки ҳар бир унга учраган таниш-нотанишни ҳазрати инсон деб билганидан, одамларга нисбатан қалбида меҳр-муҳаббат лиммо-лим бўлганидан эди. Уни яқиндан билмаган кимдир ўғли бир корхонанинг раҳбари бўлса, ўшанинг орқасидан битта-яримта бева-бечоранинг бошини силаб, ўзини саховатпеша кўрсатади-да, деб хомхаёлга бориши мумкин. Албатта, ўғли Шерзоджоннинг шу даражага етишида опанинг тенгсиз ҳиссаси бор. Шерзоддаги олижаноб фазилатлар, жумладан, саховатпешалик онасидан ўтган. Салима опа эса, аввало, ўзи жонбозлик қилиб, керак бўлса, нафақа пулини тўплаб, кимнингдир оғирини енгил қилишни истайди. Элдошларини қондошларим деб билади. Динимиз ўргатганидек, мўмин мўминнинг биродари деб ҳисоблайди. Шунинг учун ҳам навоийлик ёш ижодкорлар уни ўзларининг маънавий устози деб билишади.
Саховат фақат моддий эмас, аввало, руҳоний бўлади. Бир оғиз кўтаринки, далдакор сўз, тўғри, мардона йўлни кўрсатиш ёш ижодкорлар учун жуда муҳим. Кейинги ҳаётларини, қадрли маслакларини белгилайди. Салима Умарова “Дўстлик байроғи” газетаси қошида ташкил қилиб, қарийб чорак аср давомида фаолиятини олиб борган “Ниҳол” адабий тўгарагида адабиёт ва журналистика соҳасида ишончи мустаҳкамланиб, учирма бўлганлар оз эмас. Лекин опа доим ёшларни моддий жиҳатдан қўллаш пайида бўлади. Шунинг натижаси ўлароқ “Ниҳол”чиларнинг бир неча тўпламлари пойтахт нашриётларида ёруғлик юзини кўрди. Жумладан, унинг ҳомийлигида нашрга тайёрлаб чоп этилган “Кўҳак” ёшлар баёзи (“Муҳаррир” нашриёти, 2020 йил) нафақат вилоятда, балки пойтахтда ҳам эътироф этилди.
Қалам билан ошно одам нафақага чиққанида ижод билан овунади-да, деб ўйлаймиз. Салима опа эса қишлоқда туғилиб, қишлоқда ўсгани боис ҳам, деҳқончилигу боғдорчиликни яхши кўради. Ўз сигиринг бўлиб, унинг сутини соғиб ичганга нима етсин, деган ақидада яшайди. Опа қачон хонадонимизга йўқлаб келса, қўйни-қўнжи тўлиб келади.
— Опа, нима қилардингиз? – дейман унинг ташрифидан қувониб.
— Булар келинимга, жиянларимга. Лекин мана бу алоҳида бир банкадаги асал эса сизга! Калла билан ишлайдиган одам кўпроқ асал ейиши керак, – дейди у.
У шаҳарда яшайди, бу асал ва бошқа неъматларни бозордан сотиб олганми? Ундай эмас. Балки ўзларининг ёрдамчи хўжаликларидан чиқади бу маҳсулотлар. Ўғли билан орттирган пулларидан улар, 5-6 йил бўлди, Кармана туманининг жанубий-шарқий кенгликлари — Қизбиби дашт-қирларига туташиб кетган жойдан тўрт-беш гектар ерни ижарага олишган. Бу дала-боғда 5-10 кишини иш билан таъминлаб, ноз-неъмат маҳсулотларни етиштиришади: сабзавотлар, полиз экинлари. Бир чеккада асалари ҳам боқилади. У ёғини сўрасангиз, бунда қўй-қўзи, эчки-улоқ, мол-ҳоллар ҳам бор. Шерзод ўз корхонаси иш-ташвишидан қарийб ортмайди. Шунинг учун бу боғ-дала ишларини, асосан, Салима опанинг ўзи юритади. Аммо фақат буйруқ бериш билан эмас, унинг ўзи эрта баҳордан ўрни келганда экишдан бошлаб, кеч кузда ҳосилни теришгача ишчиларга қўшилиб ишлайди, тер тўкади. Ҳолбуки, икки марта оғир жарроҳлик амалиётини танасидан ўтказиб, тўшакда қимирламай ётишга тўғри келган паллалари ҳам бўлди. Лекин ҳаракатдан тўхтамади. Хасталиклар ортга чекинди. Унинг саховатпешалигининг асосий манбаи ана шу боғ-далада тиниб-тинчимаслигидан. Албатта, унга ўн ўғил ҳам қилолмайдиган ғамхўрлик ва меҳрибонликни кўрсатиб, етарлича имконият яратиб қўйган ўғли Шерзод Умаровнинг тантилигига ҳам ҳавасингиз келади. Лекин бу меҳр-оқибат, оқил тадбиркорлик жонкуяр волиданинг ёниқ ҳаёти билан шу юксакликка етди. Энди бу мардона фазилатлар набираларига юқиши учун опанинг жони ҳалак. Аввало, уларнинг соғлом бўлишини жондан истаб, доим шунинг тадоригида куйиб-пишиб юради. Уни шу улуғ айём кунлари ҳам бир оёғи дала-боғда кўрасиз. Ахир бу йил баҳор бироз кечикди. Устига-устак, серёғин келди. У буларнинг хайр ва баракот ёмғирлари бўлишига жуда ишонади. Зеро, Салима Умарова ўзидаги одат — саховатнинг улуғ бир риштасини она заминда кўради, она табиатдан ўрганган. Бошқа улуғ риштаси буюк халқимизнинг олижаноб маънавият сарчашмаларига бориб тақалишини жуда яхши билади.
Тўрт жилдлик “Сайланма”
Мухбирликнинг нони қаттиқ, мухбирликнинг иши тезкор. Мухбирликнинг йўли қалтис. Шунинг учун мухбирлик қилиб, ижод билан шуғулланганнинг шахси кучли, иродаси мустаҳкам, у эътиқодли, энг зарур қадриятларга суянган, доим ижодий изланишда бўлмаса, унинг ёзганлари ўша куниёқ эскириб қолади, эртага ҳеч ким ўқимайди, ўзи ҳам ўткинчи, замонасоз, фақат қоринга сотилган фурсатларни бой бериб қарийди. Салима Умарова эса, асосан, мухбирлик қилиб, нафақага чиқди. У болаликдан қалам тебратиб келганига қарамай, сўз йўлига бошқаларга қараганда кечикиброқ кирди, назаримда бу йўл қисмати эканини ўттиз ёш устида англади. Бадиий ижод билан ҳам астойдил шуғулланди. Шу ёшгача унинг шеърий, насрий, публицистик, адабий мулоҳазалардан иборат йигирмага яқин китоблари нашр этилган. Қўлимизда, мана, унинг 1700 саҳифадан иборат тўрт жилддан иборат “Сайланма”си. Бу салмоқли “Сайланма” эса фақат бадиий ижод билан шуғулланган ҳамма ёзувчига ҳам насиб этавермайди. Китоблар билан танишар эканман, Умарова ижодидан бир қадар хабардор ўқувчи сифатида, уларда муаллифнинг энг сара шеърий, насрий, публицистик асарлари ўрин олганига амин бўлдим. Ижодкор жилдликларнинг ҳар бирига жанри ва характеридан келиб чиқиб, алоҳида ном берган. “Юракнинг ранглари” деб аталган биринчи жилддан Салима опанинг уч юзга яқин лирик ва маърифий шеърлари, “Васл йўли ёхуд Салавот соғинчи” деб аталган кўлвор бир достони ўрин олган.
“Бир қатим нур” дея номланган иккинчи жилдда адибанинг насрий изланишларининг энг муваффақиятлилари ўз ўрнини топган. Бир қисса, ўн тўққиз ҳикоя, ўнга яқин бадиа, қатор-қатор қатра ва сочмаларда истибдоддан истиқлолга етган элдошларимизнинг тақдиридаги эврилишлар ўзининг бадиий инъикосини топганки, буни фақат истеъдодли адибгина эплайди. Адибнинг ёзувчидан фарқи бўлади. Унинг асарларидаги тасвир, унинг ортидаги имдод, хулоса ўқувчини тарбиялайди. Адиба Умарованинг ушбу иккинчи жилдга кирган ўн бир сабоқдан иборат “Менинг келинчак қизим”, яна ўн бир сабоқда ифодаланган “Набирамга ўгитлар” маърифий эсселарида насрий жозиба қаторида ҳаётдан олинган ҳақиқатлар ўғил-қизларимизни катта ҳаётга тарбиялашда камарбасталиги билан излаб мутолаа қилишга арзигуликдир.
“Қалбимдаги ишқим — иймоним” деб аталган публицистик асарлари ўрин олган учинчи жилд мутолаасидан кейин Салима Умарова ижодининг энг мукаммал қисми журналистиканинг барча жанрларида яратган бетакрор ва долзарб мақолалари экан, деган фикрга келдим. Уларда Умарова Ватанни севувчи бадиҳагўй, образ яратар ижодкор, журъатли журналист, элнинг эътирофли фарзандларини суҳбатга тортар суҳбатдош, энг муҳими, дунёқараши юксак, айтадиган сўзи бор, тафаккури кенг ва журъатли публицист сифатида ўқувчи қалбини забт этади.
Салима Умарова кўп қиррали ижодкор сифатида доимо изланишда. Унинг ижодда ҳам бу даражага эришганининг сири — у дунё адабиёти, хусусан, ўзбек адабиётининг дарғалари ижодини синчиклаб ўрганади, адабий жараёндаги ўзгаришларни ҳамиша кузатиб боради. Мутолаадан қочмайди. Бундан ҳам муҳими, мутолаадан олган таассуротларини, ўзининг адабий мулоҳазаларини айтишдан чўчимайди. Баҳрамандлигини бошқаларга илинишни севади. Мазкур “Сайланма”нинг “Садоқат соҳили” деб номланган тўртинчи жилди “Адабий мамлакатларга сафарлар” бўлимида унинг ана шундай 58 номдаги энг сара адабий-танқидий мақолалари жойлаштирилган. Бу мақолаларда Абдулла Орипов, Ойдин Ҳожиева, Ҳалима Худойбердиева каби халқимизнинг ардоқли ижодкорлари ижодидан олган сабоқ ва ҳайратларидан тортиб, бугун адабиётга гурас-гурас бўлиб кириб келаётган ёш қаламкашларнинг ёзганларига берилган баҳолар бир адабиётшунос, сийратшуноснинг талқинларидан кам эмас. Бошқа “Сайланма”лардан фарқли ўлароқ, ушбу жилдда Салима Умарова шахси, унинг шеърияти, насри ва публицистикасига берилган баҳолар, мулоҳаза ва умидворликлардан иборат олтмишга яқин таниқли адиб ва адабиётшунослар, қалам аҳлининг фикри “Қатъият буржлари” бўлимида жамланганки, булар бир ижодкорни шахс ва санъаткор сифатида яхлит тасаввур қилишга ўқувчига кўмаклашиши шубҳасиз.
Мен таниқли шоира ва адиба, фахрий журналист, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси, давлатимизнинг “Шуҳрат” медали ва “Меҳнат шуҳрати” ордени каби мукофотлари соҳибаси, ҳожи она Салима опа Умаровани қутлуғ ёш, гўзал ва салмоқли “Сайланма” китоблари билан табриклайман.
Қадрли Салима опа Умарова!
Мардона яшаш саодати Сизни ҳеч қачон тарк этмасин!
Вафо ФАЙЗУЛЛОҲ