Энг бебаҳо, нозик ва қудратли туйғу

У Самарқанд давлат университетининг филология факультетини битирганида 21 ёшда эди. Шунчаки ўқимади, астойдил ўқиди. Миллий адабиёт мухлиси эди, мумтоз адабиётга сидқидилдан кўнгил қўйди, жаҳон адабиётига ихлоси баланд эди. Хотираси кучли эди, қайси даврага кирмасин, ўша давра руҳи-кайфиятига мос тушадиган шеърларни гоҳ ўзбек, гоҳ форс-тожик, гоҳ рус тилида ёр-дўстлари ҳойҳойлаб енгидан тортиб қолмагунларича ёд ўқишдан чарчамасди. Янада муҳими, таҳлилий тафаккурга мойиллиги билан ажралиб турарди. “Ҳабибулла Темиров” деса, устозлару талабалар орасида уни танимаган киши йўқ эди. Ундаги нодир қобилиятни пайқаган академик Воҳид Абдулло, Ботир Валихўжаев, Нуриддин Шукуров, Сайдулла Мирзаев каби атоқли профессор олимлар бир овоздан ёш мутахассисга илм йўлини танлашни маслаҳат беришди.

У замонлар аспирантура деганлари анчагина арзанда даргоҳ ҳисобланар, шу боис бу илмий “бекат”да унча-мунча иқтидор эгасига ҳадеганда жой топилавермасди.

— Қандай бўлмасин, сен илм билан шуғулланишинг, тез орада номзодлик диссертациясини ҳимоя қилишинг керак. Афсус, пича кутишингга тўғри келади, — деди бош чайқаб, факультет декани Нуриддин Шукуров. — Вақтинча вилоят газетасида ишлаб тургин, бу ёқда жой очилди дегунча сени чақириб оламиз. Уқдингми?

У гапни кўпайтирмади, “Уқдим”, деди-ю, эшикка йўналди.

— Тўхта! — деди устоз муҳим гапни айтишни унутгандек. — Бери кел.

Ҳабибулла изига қайтди.

— Бир гап қулоғингдан чиқмасин, газета редакциясининг жунуни-жозибаси бўлади. Тағин журналистликка қизиқиб кетиб, илмни унутиб юбормагин-а!

Домла бу гапни бежиз айтмади, зеро, у кўп йиллар вилоятнинг бош газетаси таҳририятида бош муҳаррирлик қилган, яъни журналистнинг “қаттиқ” нонидан баҳра олган ва яқиндагина олий таълим даргоҳига қайтганди.

Ҳабибулла журналистика дунёсидаги фаолиятини корректорликдан бошлади. Бироқ мусаҳҳиҳлик фаолияти бир ҳафтага ҳам бормади — бош муҳаррир у билан икки-уч оғиз суҳбатлашгач, ёзган, босмага тайёрлаган мақолаларини кўриб-танишди-ю, янги ходимни масъул бўлимнинг ижодий ходимлигига муносиб кўрди.

Орадан бир қишу бир ёз ўтди. Кунларнинг бирида декан Нуриддин Шукуров шошилинч сим қоқди.

— Оёғингни қўлингга олиб ғизилла! — деди. — Табриклайман, аспирантурада жой очилди!

Ҳабибулла ўзи таҳририятда бўлса-да, кўнгли университетда эди, хушхабарни эшитди-ю, таҳририят раҳбари ҳузурига кирди. Шундай-шундай, деб бор воқеани, сўнг дилига тугиб юрган ниятини тушунтирди: “Рухсат берсангиз, мен…”

— Қаёққа? Қандай рухсат?! — деди бош муҳаррир кўзойнагини қўлига оларкан, қизариб-қорайиб. — Ҳеч қанақа аспирантурани билмайман, сен журналистсан, тушуняпсанми, журналист-т! Ҳамма шароитингни муҳайё қилиб бераман — маош, уй-жой, машина! Ўзим уйлантириб, тўйингга бош-қош бўламан! Яна нима керак сенга? Қайси редактор сендақа ходимини индамай қўйиб юборади?! Бор, ижодингни қил, бирга ишлаймиз!

Ана, холос! Ҳабибулла ҳанг-манг бўлиб қолди. Бу ёғи неча пулдан тушди?! Тўғри, редакторнинг меҳри баланд, у ёзган ҳар бир мақолани синчиклаб, завқ билан ўқийди, худди ўзи ёзгандек акаларча шодланади, елкасига қоқади, таҳририят йиғилишларида таърифини ошириб-тошириб алқайди. Касбига ғоятда фидойи, садоқатли раҳбар сифатида қўлида қалами бўлган ходимларни еру кўкка ишонмайди. Бироқ энди нима қилади? Ёки қайта бошдан ётиғи билан тушунтирса… Э, ҳа-а-а, бундай пайтларда бу инсонга гап уқтириб бўладими, кўндириб бўладими?! Ахир у инсон, кимсан, Аҳмаджон Мухторов бўлса!..

* * *

Мана, орадан қарийб ярим аср ўтди, Ҳабибулла Темиров “Зарафшон” (у пайтлар “Ленин йўли”)да униб-ўсиб, бош муҳаррир даражасигача етди, қисқа муддат вилоят босмахонасини бошқарди, вилоят ҳокимлигининг масъул лавозимида фаолият юритди, лекин қаерда бўлмасин, журналистикадан бир қадам ҳам узоқлашмади, бунинг натижасида “Ҳабиб Темур” тахаллуси остида таниқли журналист мақомига кўтарилди. Газета таҳририятига нафақат қўл-оёғи билан, балки қалбан боғланди, бинобарин, ҳаётининг ҳар одими, ҳар нафаси газета дунёсида кечди. Умрининг чорак асрини республикадаги таниқли нашрлардан бири “Қишлоқ ҳаёти” билан боғлади. Илмий-мантиқий таҳлилга мойил тафаккур тарзи газетачиликда чунонам асқотдики!..

Одатда, газета журналистлари бир неча тоифага бўлинади, кимнинг қайси тоифага мансублигидан келиб чиқилса, номаи аъмоли ҳам, ижодий услуби ҳам, ҳатто инсон сифатидаги феъл-атвори-ю журналистика майдонидаги қадам олишигача кафтга битилган хатдек яққол кўзга ташланади. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам қийини, мураккаби, нуфузи баланд ва салмоқдори — таҳлилий журналистика бўлиб қолаверади.

Журналистика соҳасининг яна бир шарофати, ҳикмати шундаки, қалами ўткир журналист ўзи яшаб турган жамиятнинг исталган жабҳасига бош суқа олади. Тажриба, зукколик, ҳушёрлик, топқирлик ва албатта, талқин маҳорати бўлса бас. Унинг учун бегона соҳа, бегона мавзу бўлмайди. Хусусан, Ҳабиб Темур сингари журналистлар танланган мавзу-муаммоларни инсон ва инсон омили орқали ўрганадилар. Муаммошуносга эмас, инсоншуносга айланадилар. Аслида ҳам шундай: истаймизми-истамаймизми, ҳаётий муаммолар одамлар туфайли туғилади, унинг ечими борасида одамлар бош қотирадилар, ҳаловатни йўқотадилар. Калаванинг учи топилишидан, ижобий натижага эришишдан ким манфаат кўради? Албатта, оғири енгил бўлган, ёлғон устидан рост ғалаба қозонганини кўрган одамлар!

“Газета” номли мўъжизанинг зуваласи-табиатига азал ибтидода сингдириб юборилган айни шу хил ҳожатбарорлик, ҳақсеварлик ортидан у халқнинг, кенг омманинг меҳрини, ҳурматини, ишончини қозонган. Ҳамиша, ҳар ерда шундай бўлган. Шунинг ортидан у “Оммавий ахборот воситалари” номли дунёнинг карвонбошиси деган шарафли мартабага сазовор бўлган, ушбу олий мартабани асраб қолиш йўлида кураш олиб борган.

* * *

Ҳабиб Темур кўплаб танқидий-таҳлилий, мушоҳадали, мунозарали мақолалар ёзди. Кенг омманинг дил тубида, тил учида бўлган долзарб мавзуларда қалам тебратди. “Ленин йўли”, сўнгра “Зарафшон”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Қишлоқ ҳаёти”, “Миллий тикланиш”, “Нур”, “Халқ сўзи” газеталари ва журналларда, интернет нашрларида чоп этилган саҳифа-саҳифа ва давомли мақолаларида… уларни бир бошдан таъриф-тавсифга киришиб кетилса, гап тугамаслиги табиий. Лекин кўзи тийрак-кўнгли тийрак ижодкоримизнинг қаламига мансуб бир публицистик асар бор, у ҳақда мухтасар бўлса-да, тўхталсак, адолатдан бўлади, албатта.

Гап шундаки, ҳар қандай миллий матбуотнинг кун тартибидан тушмайдиган, аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмайдиган мавзулардан бири — халқаро шарҳ ҳисобланади. Бу йўналишда ўзбек шарҳловчилик мактаби мавжуд. Афсуски, мазкур мактаб ҳар доим ҳам бир текисда, талаб даражасида ўз вазифасини адо этмоқда дейиш қийин. Ҳабиб Темур дунё саҳнасида кечаётган воқеа-ҳодисаларга дунёқараши, илмий-тарихий салоҳияти, ижодий диапазони кенг етук зиёли шахс сифатида ёндашади. Жараёнларни Ўзбекистон фарзанди, ўғлони, фуқароси сифатида заррабин орқали кузатади. Рақамлар, кўрсаткичлар, иқтибосларга асосланиб мароқ билан мулоҳазаларини ўртоқлашади. Хусусан, кейинги пайтлар интернет саҳифаларида кўпчилик томонидан қизиқиб ўқилган “Шимол шамоллари” эссесида собиқ Советлар юрти, у юрт таркибида бўлган миллий республикалар тарихи, улар ўртасидаги муносабатлар миқёси шу қадар кенг ва чуқур таҳлилга тортилганки, бу асар кенг оммага жуда кўплаб тарихий ҳақиқатларни англаб етишга, хулосалар чиқаришга, янада муҳими, ватандошларимиз ва миллатдошларимиз миллий ва инсоний ўзлиги-нафсонияти-ғурурини, айниқса, соғлом ватанпарварлик туйғусини тоблантириш, шунингдек, тобора қалтис тус олаётган бугунги халқаро муносабатлар юзасидан одилона ҳамда холисона илмий хулосалар чиқаришга жуда-жуда ёрдам беради. Хусусан, эсседа муаллиф “мен”и, мустаҳкам ҳаётий позициясининг яққол кўзга ташланиб туриши ҳар қандай ўқувчига қаттиқ таъсир кўрсатмай қўймайди.

Алоҳида рисола сифатида чоп этишга “шай” турган эссе юқори профессионал даражада ёзилганининг туб сабаби Ҳабиб Темурнинг шўролар даврининг сўнгги йилларида Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) олий сиёсатшунослик мактабида таҳсил олганига, у ерда салмоқли илмий-сиёсий-маърифий малака олганига бориб тақалса ажаб эмас.

* * *

Ҳабиб Темур қайси мавзуда ёзмасин, масаланинг туб сабаби-ўзагини одамлар ўртасидаги муносабатлардан излайди ва буни асослайди ҳам. Муносабатларни ўрганишга мойиллик чуқурлашгани сайин чигал муносабатлар жараёнида бир-биридан ноёб, бир-биридан фавқулодда тақдир тафсилотлари юзага қалқиб чиқади, янада аҳамиятлиси, газета-журнал юзини кўрган публицистик чиқишлар хотирадан ўчиши у ёқда турсин, балки улар қайта-қайта мурожаат қилишга ундаган ҳолатлар эътиборни тортади. Айни шу ўринда бурилиш нуқтаси — публицистик таҳлилнинг бадиий таҳлилга кўчиб ўтиш жараёни кузатилади.

Ўтган асрнинг 80-йиллари бошида атоқли адиб Шукур Холмирзаевнинг самимий олқишига сазовор бўлган ва “Шарқ юлдузи” журналида босилган “Ака-укалар” номли ҳикоясидан туғилган бадиий завқ орадан ўтган йиллар мобайнида янгидан-янги яратилган ҳикояларда, қиссаларда давом этди. Бу асарларнинг деярли барчасида журналистика дунёсида орттирилган тажриба, ҳаётий воқеа-ҳодисалар, жумладан, тақдирлару қисматлар тасвирга тортилган.

“Қора қаср асираси” қиссасининг қаҳрамони Субут Сокин — мухбир. Таҳририят томонидан берилган топшириқни адо этиш асносида у мутлақо ўзи кутмаган-истамаган вазиятларга тушади. Шахсий-оилавий ҳаёти ўзи хизмат юзасидан ўрганишга жазм этган қаҳрамонлар ҳаёти билан чатишиб кетади. “Мақолага маълумот тўплаш асносида у кўз кўриб-қулоқ эшитмаган ҳодисаларга дуч кела бошлайди”. “Ҳар қандай қаламкаш, — деб кўнглидан кечиради Субут Сокин бир ўринда, — у хоҳ катта ёзувчи, хоҳ оддий газетанинг оддий мухбири бўлсин, руҳий таҳлилга ва маълум даражада ўз-ўзини таҳлил этишга мойил бўлади”.

Мазкур таъриф нафақат асар қаҳрамони Субут Сокиннинг, шу билан бир вақтда асар муаллифи Ҳабиб Темурнинг ижодий кредосини белгилаб беради. Зеро, у бир қатор мумтоз Ғарб адабиёти сиймолари ва асарларида маҳорат унсури ҳисобланган йўлдан боради — мураккаб тақдир эгаларини оқлаш ёки қоралашга берилмайди, балки уларни тушунишга, англаб етишга — руҳият дунёсини кашф этишга ҳаракат қилади.

* * *

“Хиёбондаги одам” қиссаси 80-йилларнинг ўрталарида “Ёшлик” журналида чоп этилган, ўз вақтида турли баҳс-мунозаралар уйғотган эди. Асар қаҳрамони Суҳроб ниҳоятда ўй одами (шу маънода қисса “Ўй одами” деб номланса ҳам хато бўлмайди). Ўй одами бўлганда ҳам, бутун оилавий сир-асрорини очиқчасига достон қилади, ўзининг тақдир шамоллари ва кўнгил мавжлари ўртасида йўлини йўқотиб қўйганини, борар манзилини топа билмаслигини яширмайди. Лекин шахс сифатида унинг руҳий ботини мустаҳкам, пухта. “Одамнинг кучи юрагида бўлади”, дейди у, “Ўзини енга олмаган одам бировни енга олмайди” деган ақида билан яшайди. Шу хислатлари билан Суҳроб янги, даъваткор образ эди.

“Журналистнинг хатоси” қиссаси воқеалари ҳам газета таҳририятидан, аниқроғи, вилоят газетасида чоп этилган воқеий ҳикоядан бошланади.

Ҳикоя чоп этилганига тўрт йил бўлган, унда рашк оқибатида содир этилган қотиллик ҳақида сўз юритилган, яъни жиноятга яраша ҳукм ўқилган, вассалом. Бироқ… бош муҳаррир таҳририятга келган янги хатни ҳуқуқ бўлими ходимига беради ва унга ўша воқеа тафсилотини қайтадан синчиклаб ўрганишни топширади.

Мухбир ишга киришади. Воқеалар шу қадар чигал тус оладики, азбаройи мухбир терговчига айланади. Ахир кимларнингдир “разиллиги туфайли бир бегуноҳ одам ўлди. Бир гуноҳсиз одам қамалиб кетди. Бир муштипар аёл қон йиғлаб қолди. Сарсон-саргардон бўлди. Яна бир оила барҳам топиб кетди”.

Демак, масала ниҳоятда чуқур, уни фош этишда қилни қирқ ёриш озлик қилади.

Ана шу машаққатли вазифа билан шуғулланишни журналист ўз зиммасига олади. У терговчи билан ҳамкорликда, бамаслаҳат иш кўради. Терговчи журналистнинг иродасига, синчковлигига тасанно ўқийди: “Ахир “журналист суриштируви” терговдан ҳам чуқурроқ бўлиши керак” деб юборади.

Ўрни келганда айтадиган бўлсак, “Журналист текшируви” жанр сифатида шу қадар қудратлики, унинг имкониятлари шу қадар каттаки, газетани газета қилишда, умуман, матбуотнинг нуфузини, салмоғини оширишда бошқа ҳеч бир жанр унга тенглашолмайди. “Журналистнинг хатоси” қиссасида бу ҳақиқат ҳар жиҳатдан ўз исботини топган.

Ҳабиб Темурнинг қаламига мансуб бошқа асарларда, чунончи “Макрми ё муҳаббат”, ““Қиёматдан бир кун олдин” қиссалари, “Генералнинг беваси”, “Қуёш ботаётган пайт” романларида “Журналистнинг хатоси”да бўлгани каби воқеалар ҳаддан ташқари чигаллашиб кетгандек туюлади. Баъзан китобхон калаванинг учини йўқотиб қўяди. Синчиклаб разм солинса, бу адибнинг ҳаётий қарашларига, инсон ҳақидаги тасаввури-концепциясига бориб тақалгани кўринади.

* * *

Ёзувчи Ҳабиб Темурнинг назар-нигоҳида ҳаётда оддий инсон йўқ, балки энг оддий, жайдари, жўн туюлган одам ҳам ўзича бир дунё, унга астойдил эътибор қаратилса, алоҳида бир асарга, чунончи, романда тасвирлашга арзигулик воқеалар топилади. Ҳабиб Темурнинг назарида ҳар бир одам — алоҳида бир саргузашт. Шу маънода ҳам адиб учун ёмон ёки нокерак одам йўқ, аксинча, инсон зоти борки, қадрланмоғи даркор. Қадрлаб-авайлаб-эъзозлаб ўрганилса, эҳҳе-е, истаганча… саргузашт топилади. Шунчаки саргузашт эмас, бири-биридан мураккаб саргузашт! Ана шу ўринда Ҳабиб Темурнинг адиб сифатидаги ўзига хослигининг марказий тугуни кўз ўнгимизда намоён бўлади. Бу — инсонийлик қадр-қиммати, инсон ҳаётининг саргузаштларга тўлиб-тошгани ва одамлар орасидаги муносабатларнинг нозиклиги, қалтислиги ва мураккаблиги. Мазкур уч тугундан яхлит катта бир тугун пайдо бўлади, ёзувчининг барча асарларида воқеалар, саргузаштлар, тақдирлар ушбу тугун доирасида гавдаланади. Ёзувчи яхшини яхши демайди, ёмонни ёмон ҳам демайди, хулосани мулоҳазакор, мушоҳадасевар китобхон ихтиёрида қолдиради.

* * *

Қизиқ мисолга урғу бериш ўрни келди.

Адиб асарларида баён давом этиб келади-да, кутилмаганда “Аммо…” билан узилади. Тафсилот, муносабат мунозара тусини олади. Сабаб?.. Бу тасодиф ёки бежиз эмас, адибнинг инсон ва ижодкор инсон сифатидаги нуқтаи назари, фалсафасидан далолат берувчи кичик, аммо муҳим бадиий деталь. Зеро, бот-бот такрорланадиган “Аммо…” китобхонни бирга фикрлашга чорлайди, уларга мулоҳаза ҳурлигини бахш этади.

* * *

Ҳабиб Темур ижодининг яна бир йўналиши — сатира. “Муштум”нинг деярли ҳар сонида унинг ҳажвий ҳикояси босилади. Ҳажвияларни ўқиган журналхон муаллифнинг ниҳоятда пухта ва зийрак кузатувчан ва айниқса, назар-нигоҳи игнадек, найзанинг учидек ўткир ва кескир эканлигини дарҳол пайқайди. Ҳеч нарса унинг назаридан четда қолмайди. Унча-мунча одам эътибор ҳам қилавермайдиган ҳолатлар моҳиятидаги кулгили манзараларни кўра билади. Ўша манзаралар ифодасига яраша тили тагдор, киноявий-истеҳзоли — ўқувчининг кўз олдига келтириб ўхшатиб тасвирлайди. Ҳажвия ёзиш таомилдан чиқаёзган ҳозирги пайтда, Ҳабиб Темурнинг нақ 70 дан ортиқ ҳажвияни ўз ичига олган тўплами “Мана, кулги шинавандалари, марҳамат, мириқиб ўқинглар!” дея чоп этилишга шай тургани ҳазил гап эмас!

Тасаввур қилайлик, 70 дан ортиқ ҳажвий ҳикоядан ташкил топган сатирик панорама! Унда айнан бугунги турмушимиздан олинган ё реал воқелик, ё руҳий-психологик ҳолат, ёки гротеск — ҳангома йўсинида тасвирланган. Орамиздаги айрим нусхаларнинг кирдикорлари, пинҳона афт-башараси, психологик маънавиятининг (аниқроғи, маънавиятсизлигининг!) суратлари. Фавқулодда топилма сюжетларга яраша характерлар яратилган. “Америкалик” оқсоқол”, “Порахўрликка рухсат”, “Ҳийлайи қонуний”, “Қоидани бузинг”, “Реклама”, “Ҳужжат борми?”, “Супер маҳалла”, “Ҳазилнинг таги зил”, “Турмага тушолмаган танбал”, ҳоказо ва ҳоказо. Илло, Ҳабиб Темур ҳазиллари, киноялари, мутойибалари енгил ёки шунчаки кулги учун эмас, унинг замирида жамиятимизда давом этаётган ҳаётбахш ўзгаришларга бефарқ бўлмаган куюнчак адибнинг дарди, изтироби, афсусу надоматлари кўриниб туради, нолаю фиғони қулоғингизга чалинади. Ҳажвияларни ўқиган ўқувчи… жиддий тортади. Кулги ва изтироб қоришиқ келган жойда эса, табиий, ҳеч бир китобхон бефарқ, лоқайд қолмайди.

* * *

Ҳаётнинг бир қутбини эркак, иккинчи қутбини эса аёл ишғол этган. Инсон умрининг мазмуни, жозибаси, шукуҳи-ю… залолати бутун мураккаблиги билан ана шу икки қутб соҳиб ва соҳибалари ўртасидаги муносабатларда воқеликка айланади. Ҳабиб Темур қаламига мансуб асарларнинг марказий ўқи-умуртқасини мазкур ­ВОҚЕЛИК ташкил этади. Аёлнинг кимлиги унинг эркакка, эркакнинг кимлиги унинг аёлга бўлган муносабатида синовдан ўтади. Бежиз эмас бу. Зеро, Ҳабиб Темур ишқий муносабатлару кўзга ташланмас майлларни одамлар ҳаёти, тақдири ва кундалик амалининг маркази, ўзаги деб ҳисоблайди. Мезонни шунда кўради. Қайта-қайта айни шу мезонга мурожаат этади. Адибнинг ўнга яқин қиссаларида тасвир марказига кўчган ишқ-муҳаббат йўналиши “Генералнинг беваси” романида бутун мураккаблиги, нозик қирралари билан китобхон диққатига тақдим этилади. Ёзувчи бу муносабатни энг нозик саҳналаригача тасвирлаш жоиз ва зарур деб ҳисоблайди, ўрни келганда, сақланмоғи керак бўлган ўртадаги ҳарир парданинг ҳам баҳридан ўтади. Бунда адиб замонамиз ёшларидан яширадиган сир-синоат қолмади, айниқса, жинсий балоғат борасидаги мавжуд ҳақиқатларнинг энг аччиқ-аянч кўринишларига ҳам улар руҳан тайёр турмоқликлари зарур деган ақидадан келиб чиқади. Муҳаббатни туйғулар ичра энг бебаҳо, энг қудратли, энг нозик ва энг… илоҳий туйғу деб ҳисоблайди, бу туйғу инсон қалбини озодлик нашидасидан ва итоат суруридан баҳраманд этади, тозартиради деб билади. Адиб яратган мураккаб тақдирли аёл образлар, аввало, ор-номус, ибо-иффат, бокиралик-поклик олдида масъулиятли, жавобгар эканликлари билан синов чиғириғидан ўтадилар.

Ҳабиб Темур адиб сифатида ҳаётий мавзуни бадиий талқин этар экан, унинг қалами учун ушбу ақида ижодий куч-қувват, илҳом ва пафос чашмаси вазифасини ўтайди. Назаримда, замонавий миллий адабиётимизда бошқа ҳеч бир адибимизда учрамаган журъатга қўл уради. Шу нуқтаи назардан Мушфиқахоним, Ҳакимахон ва бу икки бахтсиз аёл теграсида гирдикапалак бўлган “оқу қора” сифатли эркакларнинг ҳаммаси ҳам силлиққина разолат йўлини танламагани, мана шундай инсонлар ҳам (хоҳ аёл, хоҳ эркак бўлсин!) иффат, ор-номус ва изтироб уқубатларини бошдан кечирганликлари билан китобхонни оғир, эҳтимол, иштибоҳларга тўлиб-тошган ўйларга толдиради. “Одамнинг чинакам бахти — унинг юрагида муҳаббат пайдо бўлган кундан бошланади” дейди роман қаҳрамонларидан бири. Бироқ “Ишқ жунуни хавфли нарса. Одамни телба қилиб қўйиши мумкин” деган бетакрор ҳақиқатларни ёдга солувчи таъкидлар келади асарнинг бошқа бир ўрнида.

Нима бўлган тақдирда ҳам, нафақат ушбу романда, балки Ҳабиб Темурнинг бошқа асарларида ҳам ҳаёт ҳақиқатига тик қараш борасида катта бадиий журъат жилваланиб туради.

…Ҳабиб Темурни бугунги муборак ва қутлуғ ёшда ҳам жўшқин публицист ва жилвакор адиб сифатидаги, катта зиёли сифатидаги жўшқинлик, салоҳият асло тарк этмасин.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 + nineteen =